19:53 / 19.02.2023
26585

«Мен ғолиб» марафони ғолиблари аниқланди. Тошкентдаги югуриш мусобақасидан фоторепортаж

Бугун, 19 февраль куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб «Men Gʼolib» ватанпарварлик югуриш мусобақаси ўтказилди.

Фото: Kun.uz

Турнирнинг очилиш маросимида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти Хавфсизлик кенгаши котиби, мамлакат триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ва бошқа мутасаддилар баҳсларда қатнашишга сафланганларга омад тилади.

Мусобақаларда асосан Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва куч тузилмаларининг 12та жамоасидаги 300 нафарга яқин хизматчи ҳамда юзлаб ҳаваскорлар иштирок этди. Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат Хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура каби жамоалар ўртасида кечган баҳсларда ғолиб ва совриндорлар яккалик ва жамоавий тарзда аниқланди.

Югуриш мусобақаси низомига биноан, 2021-2023 йиллар оралиғида Ўзбекистон терма жамоасига аъзо бўлган спортчилар қатнашиши тақиқланганлиги сабабли ҳаваскорлар орасидаги баҳслар ҳар жиҳатдан қизиқарли ўтди.

Пойтахтимизнинг «Халқлар дўстлиги» майдонидан старт берилган 10 километр масофада югуриш мусобақаларининг умумий ҳисобдаги ғолиб ва совриндорларини аниқлаш учун 50-60 дақиқадан кўпроқ вақт кетди.

Мусобақанинг 8 километргача бўлган масофасида дастлабки ғолиблар аниқланди. Унда 160-рақамда ҳаракатланган Мудофаа вазирлиги вакили Илҳом Назаров етакчилик қилди. Аммо, мусобақа финишига 1 километрга яқин масофа қолганда 163-рақамдаги иштирокчи Нуриддин Раҳматов ва 2-рақамли Муҳриддин Мирзалиев уни ортда қолдириб кетди.

Шу тарзда шиддатли ўтган сўнгги югуриш баҳсларида Нуриддин Раҳматов марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтган бўлса, ундан кейинги ўринлар Муҳриддин Мирзалиев ва Илҳом Назаровга насиб этди.

Аёллар ўртасидаги яккалик югуришлар эса Мудофаа вазирлиги жамоаси вакиласи Ирода Олимова ғолибликка эришди. 2 ва 3-ўринлар Сабоҳат Холматова ва Моҳира Ниёзовага тегишли бўлди.

Худди шунингдек, «Men Gʼolib» мусобақасининг курсантлар ўртасида ҳам марра чизиғини биринчилардан билан кесиб ўтганлар тақдирланди. Натижаларга кўра, 1-ўринни Мудофаа вазирлиги академияси тингловчиси Жавоҳир Холиқбердиев, 2 ва 3-ўринларни Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари Файзулла Ҳабибуллаев ва Шавкат Нуриддинов эгаллади. 

Курсант қизлар иштирокидаги баҳсларда Ички ишлар академияси курсантлари Дилноза Бекмирзаева, Муяссар Дўстмуродова ҳамда Божхона институти ходимаси Динара Бердимуродова совринли ўринларни қўлга киритди.

Жамоалар ўртасида фахрли 1-ўрин Мудофаа вазирлигига тегишли бўлди. 2 ва 3-ўринлар Президент ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати жамоасига насиб этди. 

Top