Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шоҳрух Давлатов марафон дастурида (42 км, 195 метр) Париж-2024 Олимпидаси йўлланмасига эга чиқди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар қилди.

Бу Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 Олимпиадасига қўлга киритган 15-йўлланмаси бўлди.

Давлатов Испанияда ўтган Valencia Marathon Trinidad Alfonso турнирида 2:07:02 (2 соат, 7 дақиқа, 2 сония) натижа қайд этди. Бу Париж-2024 Олимпиадаси учун қўйилган талабдан 1 дақиқа, 8 сония яхшироқ натижа.

Шоҳруҳ ушбу кўрсаткич билан 38 йил аввал ўрнатилган миллий рекордни (2:13:28) ҳам янгилади. Валенсиядаги мусобақада Давлатов умумий ҳисобда 18-ўринни эгаллаган.

Таъкидланишича, сурхондарёлик атлет сўнгги 2 йил ичида бир неча ой давомида Кенияда ўқув-машғулот йиғинларида қатнашган.