18:00 / 21.02.2023
60070

Сув сатҳини юқори аниқликда ўлчаш – 12 аср олдин Фарғоний қурдирган нилометр ҳақида

9 асрда Нил дарёсида сув сатҳини ўлчаш учун нилометр қурилади. Унга қараб мисрликлар қурғоқчилик ва очарчиликка тайёрланган. Аҳмад Фарғоний ўйлаб топган усулдан ҳозир Жаҳон метрология ташкилотига аъзо бўлган давлатларнинг барчаси фойдаланади.

Мисрликлар жонига ора кирган ускуна

Нилометрнинг ташқи кўриниши, Миср Род ороли

Мисрда қишлоқ хўжалиги азалдан Нил дарёси сувига боғлиқ бўлиб келган. Одамлар дарё сувининг кўтарилиши ва тушишига қараб қурғоқчилик ва очарчиликка ўзларини мослаштириб боришган. Дарёдаги сувнинг кўтарилиш ва пасайиш ҳолатига қараб деҳқонларнинг ҳам далалардан йиғиб оладиган ҳосилдорлиги турлича бўлган, ҳосилдорликка қараб деҳконларга солиқ солинган. Бундай вазиятда сув сатҳини юқори аниқликда ўлчаш муҳим саналган. Бу вазифани Аҳмад Фарғоний кўрсатмалари билан 861 йилда ясалган нилометр бажарган. Нилометр Мисрдаги сув захираларидан унумли фойдаланишда, дарёда сув сатҳи ўзгаришларини асосли равишда башорат қилишда муҳим аҳамият касб этган. Аҳмад Фарғоний уни қуриш учун дарёнинг жанубий чеккасини танлаган. Метролог Ўлмас Зарипов бу жой нафақат ўша давр, ҳатто ҳозирги кун талабларидан келиб чиқиб таҳлил қилинадиган бўлса ҳам, сув ўлчаш учун ўта қулай эканини айтади.

Нилометрнинг ичкии кўриниши, Миср Род ороли

Олимнинг маълумот беришича, нилометрни қуриш учун танланган жой, ўлчаш асбобининг конструктив тузилиши, материали, унинг аниқлигига бўлган талабларнинг ҳаммасига жавоб берган. 

“Шу туфайли вақт синовидан муваффақиятли ўтиб, унда 20-асрнинг ўрталаригача, яъни охирги таъмирлаш амалга оширилган 45-50-йилларгача қарийб 1100 йил тинимсиз кузатишлар олиб борилган”, – дейди Зарипов.

Нилометр қандай ишлаган?

Шарқ олимлари нилометрни ўз асарларида “Миқёси Нил” деб ҳам аташган. “Миқёси Нил” мурабба, яъни 4 ёнли қудуқ кўринишида бўлиб, Нил дарёси билан 3та ерости сув йўли орқали туташган. Қудуқ ўртасида оқ мармар билан қопланган, баландлиги тахминан 10 метр бўлган саккиз қиррали устун ўрнатилган. Устунда сув сатҳини ўлчашга имкон берадиган йирик даражот бўлиб, у майда даражотга бўлинган. Йирик даражот араб тирсак бирлиги – 54 сантиметрга, майдалари эса унинг 1/24 қисми (қирот)га – 2,25 сантиметрга тенг.

Кузатувчи сув сатҳи ҳақида ҳисоб олиш учун айланма зинапоядан тушиб чиққан. Нилометр дарё сув сатҳини катта аниқликда ўлчашга имкон берган. Бугунги кунда Жаҳон метрология ташкилотига аъзо бўлган барча давлатларда сув ҳавзалари (дарёлар, кўллар, сув омборлари, ҳатто денгиз ва океанлар)нинг сув сатҳлари ҳам шу принципда ўлчанади.

Ғарбда машҳур Алфраганус

Ал-Фарғоний

Нилометрни қурган Фарғонийни Фарғонанинг Қува қишлоғида туғилган деб ҳисоблашади. Тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғоний бўлган.

Ал-Фарғонийнинг ҳаёти, илмий ҳамда амалий фаолияти тўғрисидаги энг сўнгги маълумот 861 йилга мансуб. Ўша йили Аббосий халифа Абул Фазл Жаъфар ал-Мутаваккил Фарғонийга Нил дарёсидаги сув сатҳини ўлчайдиган иншоот қуришни буюради. Олим Мисрнинг Қоҳира яқинидаги Фустат шаҳрига келиб, нилометр қуради. Илмий-техник ва меъморий жиҳатдан улуғвор бу қурилма Нил дарёсининг Сайёлат ул-Род мавзесида ҳозиргача сақланиб қолган.

Ёзма манбаларда қайд этилишича, Ал-Фарғоний илк ўрта аср фалакиёт, риёзиёт ва география илмлари йўналишида бир қанча илмий ва амалий асарлар ёзиб қолдирган. Унинг асосий астрономик асари — “Китоб ал-ҳаракот ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум” (Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби). Бу асар “Астрономия асослари ҳақидаги китоб” номи билан ҳам маълум бўлиб, 1145 ва 1175 йилларда Европада лотин тилига таржима қилинади. Шундан сўнг Ал-Фарғоний номи лотинлаштирилиб, “Алфраганус” шаклида Ғарбда шуҳрат топади. Унинг “Астрономия асослари ҳақидаги китоб” асаридан бир неча асрлар давомида Европа университетларида астрономия фани бўйича асосий дарслик сифатида фойдаланилган.

“Миқёси Нил”дан бугун ҳам фойдаланиш мумкин

Нилометрнинг бугунги аҳамияти ҳақида гапираркан, олим Ўлмас Заропов, сув сатҳини ўлчаш бўйича нилометр даражасида пишиқ-пухта ускуна ясалмаганини айтади.

Нилометр, Миср Род ороли

“Ҳозирги кунда Нилга нисбатан бир неча марта кичик бўлган дарёлар, ҳатто сойларда қурилган сув ўлчаш иншоотлари биргина тошқинга ҳам бардош бера олмай тез фурсатда ишга яроқсиз ҳолга келиб қолади. Аҳмад Фарғоний қурган “Миқёси-Нил” иш фаолиятининг давомийлиги бўйича дунёда ягона сув ўлчаш қурилмаси ҳисобланади. Бундан қарийб 1150 йил муқаддам қурилган иншоотнинг сув ўлчаш аниқлиги ҳозирги кунда нафақат у ҳақда хабардор бўлган кишиларни, ҳатто шу соҳа мутахассисларини ҳам лол қолдирмоқда”, – дейди у.

Олимнинг маълумот беришича, ҳозирги кунда жаҳон сув ўлчаш амалиётида қўлланаётган махсус ўлчаш қурилмаларининг барчаси “Миқёси-Нил”даги каби сантиметр аниқликка мослаштирилган.

“Ал-Фарғонийнинг нилометр ўлчаш асбоби 1200 йиллик вақт синовлардан ўтиб бизнинг даврларгача етиб келганлиги ва ҳозирги кунда ҳам фойдаланиш мумкинлигининг ўзиёқ алломанинг илм-фанни, унинг аниқлиги ва ўлчашлар асбобсозлиги, метеорологиянинг тараққиётига бемисл ҳисса қўшганлигидан дарак беради”, – дейди метролог.

Top