Жаҳон | 10:04 / 14.02.2022
10431
4 дақиқада ўқилади

ЖМТ бош котиби: иқлим ўзгариши қуролли тўқнашувлар сони кўпайишига олиб келиши мумкин

Фото: ТАСС

Жаҳон метеорология ташкилоти (ЖМТ) бош котиби Петтери Таалас иқлим ўзгариши сабабли можаролар хавфи ортиши ҳақида гапирди.

«Менимча, биз иқлим ўзгариши содир бўлаётганининг жуда аниқ белгиларини кўрмоқдамиз. Лекин об-ҳаво ўзгаришини иқлим ўзгаришидан ажрата билиш керак. Об-ҳавонинг ўзгариши йилдан йилга, кундан кунга, ҳар ҳафтада содир бўлмоқда. Биз об-ҳаво аномалияларига гувоҳ бўляпмиз: баъзи минтақаларда ўтган йилга нисбатан жуда совуқ ёки ўтган йилга нисбатан анча иссиқроқ ҳарорат кузатилмоқда. 

Лекин глобал ва минтақавий статистикага қараш керак. Ўтган йили, масалан, Европада ҳам, Осиёда ҳам энг иссиқ йил бўлди. Россия Арктикасида эса қутб доираси устидаги ҳудудларда уч йил кетма-кет деярли Цельсий бўйича 38 даража ҳарорат кузатилди, бу жуда ғайриоддий. 

Биз сайёранинг қазилма бойликларидан - нефть ва газдан фойдаланишни бошладик, бу атмосферага карбонат ангидрид чиқарилишининг кўпайишига олиб келди, булар эса атмосферанинг қуйи қатламлари ҳароратини оширадиган парник газлар ҳажми ортишига сабаб бўлди. 200 минг йил давомида бундай кучли исиш бўлмаган. Буни кўмир, нефть ва газни интенсив ёқишсиз амалга ошириш мумкин эмаслиги ҳақида жуда аниқ илмий далиллар мавжуд. 

Ҳарорат ўзгариши ҳақида кўп гапириляпти. Аммо иқлим ўзгариши тоза сувнинг мавжудлиги муаммоси каби жиддий оқибатларга олиб келмайди. Тошқинлар давримизнинг энг катта офатларидан биридир. Ҳозир атмосфера янада намроқ даражада турибди, ёмғир ёғганда аввалгидан кўра узоқроқ давом этяпти. Дунёнинг баъзи қисмларида эса қурғоқчилик кузатилмоқда.

Биз ҳозир шуғулланаётган учинчи муаммо - музликларнинг эриши. Дунёдаги кўплаб йирик дарёлар тоғ музликларидан бошланади. Масалан, Ҳиндистон ва Хитой Ҳимолайдаги тоғ музликларидан кўп миқдорда тоза сув олади. Бу музликлар қисқарган сари, бутун дунёдаги йирик дарёлар камроқ сувга эга бўлади. Буни Осиёда, Европада, Алпда, шунингдек, Шимолий Америка ва Жанубий Америкада кўряпмиз. Музликлар эриши билан ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги ва саноат ишлаб чиқариши учун сув камайиб кетади. Шахсан мен сўнгги пайтларда ёғингарчиликнинг ўзгариши ва музликларнинг эриши иқлим ўзгариши натижасида юзага келган энг жиддий муаммо деб ҳисоблайман. 

Бундан ташқари, кучли қурғоқчиликдан азият чекаётган давлатлар мавжуд. Мисол учун, ҳозир Эфиопия ва Сомалида жуда қаттиқ қурғоқчилик. Қурғоқчилик муаммоси анчадан бери давом этмоқда. «Араб баҳори» деб аталган воқеаларни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. «Араб баҳори»га туртки бўлган омиллардан бири Ливия, Тунис, Миср ва Суриядаги қурғоқчилик эди. Бир неча йиллик қурғоқчилик озиқ-овқат танқислигига, қишлоқ жойларда ишсизликка, озиқ-овқат нархининг икки баравар ошишига олиб келди. Бу тартибсизликларга сабаб бўлди, афсуски, Сурияда ушбу ҳолат ҳамон давом этмоқда. Ливияда ҳам вазият барқарор эмас. Албатта, бу инқирозларнинг бошқа сабаблари ҳам бўлган, лекин бундай инқирозлар хавфи, шубҳасиз, ортиб бормоқда. Мисол учун, Африкадаги кўплаб мамлакатларда яшаш шароитлари ҳозир жуда қийин ва иқлим ўзгариши вазиятни янада кескинлаштиради. Бу аҳоли миграциясининг кучайишига, маҳаллий инқирозларга ва ҳатто қуролли тўқнашувларга олиб келади».

Мавзуга оид