17:00 / 26.02.2023
21281

Олмония, Германия, Deutschland, Сакса. Нима учун Германия турли тилларда турли номларга эга?

Германия дунёдаги энг кўп номга эга давлатлардан бири. Мамлакатнинг ўзбеклар ишлатувчи Германия ва Олмония номларидан ташқари Tyskland, Сакса, Німеччина, Vacija, Deutschland ва ҳатто Guten Tag каби номлари ҳам мавжуд. Германлар юрти нега бунчалик хилма-хил аталади? Бу номлар қаердан пайдо бўлган?

Германия

Германия номи дунё тилларига лотин тилидан тарқалган. Бу ном милоддан аввалги III асрда пайдо бўлган. Германия номи қадимги келт тилидаги «gair» - «қўшни» сўзидан келиб чиққан деб ҳисобланади. Олимлар «Германия» сўзи лотин тилига қадимги галл тилидан ўтган деб ҳисоблайди. Аммо герман қабилаларининг ўзлари бу номдан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Ёзма манбаларда Germanus сўзини илк бор машҳур саркарда ва император Юлий Сезар ишлатган. У Галлия (ҳозирги Франция ва Швейцария ҳудудлари) шимоли-шарқидаги қабилаларни шу ном билан атаган.

Милодий 98 йилда римлик тарихчи Тацит Рим империяси чегараларидан ташқарида яшовчи герман қабилалари ҳаёти тасвирланган машҳур «Германия» (лотинчи номи De Origine et situ Germanorum) асарини ёзган.

Бу ном лотин тилидан кейинчалик Европанинг кўплаб тилларига, жумладан, 1520 йилда инглиз тилига ўтган. XVIII-XIX асрларда дунёнинг катта қисмини эгаллаган инглизлар эса бу номни ўз мустамлакаларига тарқатган.

Ҳозирда италян, албан, рус ва инглиз тилларида немислар юрти «герман» сўзи асосига қурилган номлар билан аталади.

Ўзбек ва бошқа Марказий Осиё тилларига «Германия» номи рус тилидан кириб келган. Унгача ўлка халқлари Олмония номидан кенг фойдаланган.

Allemagne, Олмония

Бу номни Германиянинг французча номланиши деса ҳам бўлади.

III-IХ асрларда германларнинг энг йирик қабила бирлашмаси номи аллеманн (немисча алле-барча, маннер-одамлар, яъни барча одамлар, барча қабилалар) деб аталган. Улар Рейннинг юқори оқимида яшаган ва кўплаб герман уруғларини бирлаштирган.

Аллеманнлар билан узоқ вақт давомида савдо-сотиқ ва маданий алоқалар олиб борган франклар уларнинг юртини Allemagne деб атай бошлаган. Бу ном франклар орқали Пиреней яриморолига ҳам кириб борган. VIII асрда Пириней яриморолини эгаллаган араблар маҳаллий аҳолидан айнан шу номни ўзлаштирган ва бу ном араблар орқали бутун мусулмон оламига, хусусан, Марказий Осиёгача етиб келган.

Шундай қилиб, Олмония сўзи ўзбек тилига араб тилидан кириб келганди.

Дунёнинг Испания, Португалия (Пириней яриморолида жойлашган давлатлар) ва Франция томонидан эгалланган ҳудудларида Олмония номидан фойдаланилади. Масалан, Жанубий Америка ва Ғарбий Африка мамлакатларида.

Шунингдек, Олмония номи мусулмон давлатлар тилларида ҳам кенг тарқалган. Жумладан, турк, форс, озар ва араб тилларида.

Инглиз тилида ҳам дастлаб Almain номидан фойдаланилган, бироқ кейинроқ Germany асосий номга айланган.

Немец — «бизнинг тилда гапирмайдиган одамлар»

Германия халқи номи сифатида ишлатилувчи «немис» сўзи эса қадимги славян тилига бориб тақалади. Протославян тилида «němьc» — «соқов» деган маънони англатади. Яъни этимологлар таъкидлашича, қадимги славянлар бу сўз билан фақатгина соқов одамни эмас, балки чет элликлар ёки славян тилида гапира олмайдиган халқларни ҳам атаган. Дастлаб славян тилида гапирмайдиган барча халқларга нисбатан қўлланган бу ном кейинчалик қўлланиш доираси торайиб бориб, фақат Германия халқлари учун ишлатила бошланган.

Унда нега немислар юрти рус тилида Немеция эмас Германия деб аталади? Ҳолбуки, бошқа славян тилларида, масалан украин ва серб тилида Германия Німеччина ва Nemačka деб аталади.

Аниқ маълумотлар йўқ. Асосий тахминлар Москва шеваси асосида қурилган ҳозирги рус тилининг қадимги славян тилидан анча узоқлашгани устига қурилади (масалан, қизил сўзи ҳам рус тилидан бошқа барча славян тилларида протославян тилидаги каби червон шаклида, рус тилида эса красный).

Германиянинг «немец» асоси билан боғлиқ номлар билан аталиши славян тилларида ва баъзи ҳозирги Россия Федерацияси халқларида учрайди.

Vacija ва Vokietija

Болтиқбўйи давлатлари ишлатувчи Vacija ва Vokietija номлари қаердан келганига аниқ жавоб йўқ. Баъзилар бу ном прото-ҳиндевропа тилидаги «wek» сўзидан («гапириш» деган маънони англатади) келиб чиққан деб тахмин қилади, бошқалари эса викинглар учун ишлатилган атамалардан пайдо бўлган деган ғояни илгари суради. Бошқа бир тахминларга кўра эса бу ном шведларнинг вагот қабиласи билан боғлиқ.

Saksa ҳамда Saksamaa

Финн, эстон ва лўлилар тилида айтилувчи Saksa, Salsamaa ҳамда Ssassitko temm номлари германларнинг яна бир йирик қабилалар иттифоқи — сакслар билан боғлиқ. Финландия ва Эстония ҳудудларидаги халқлар айнан сакслар билан яхши алоқаларга эга бўлгани боис уларнинг юртини шундай номлаган.

Қадимги Саксония ҳозирги Германиянинг Қуйи Саксония региони ҳудудларига тўғри келади. Сакслар моҳир денгизчилиги ва Англияга уюштирган ҳужумлари билан ҳам машҳур.

Ubudage — Guten Tag

Африканинг Руанда ва Бурунди давлатларида Германия Ubudage деб аталади. Бу ном немисча Guten Tag — «хайрли тонг» сўзидан олинган. Африканинг бу икки халқи эҳтимол қитъага кириб келган немислардан эшитган биринчи сўзини, яъни саломлашувни уларнинг номига айлантирган.

Пўлат каска кийганлар юрти

Американинг қадимги ҳинду халқларидан бири, наваҳо қабиласида ҳам Германия ўзига хос номга эга. Наваҳо тилида Германия «Béésh Bichʼahii bikéyah», яъни «пўлат каска кийганлар юрти» деб айтилади. Бу, шубҳасиз, Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ.

Deutschland — «халқ ери»

Ва ниҳоят турли халқлар томонидан турлича номлаган Германиянинг ўз халқи томонидан қандай аталиши ҳақида.

Германлар ўз ватанларини Deutschland деб атайди. «Deutsch» сўзи протогерман тилидаги “Þэудисказ-диутисc» сўзидан олинган бўлиб, «халқ», «миллат» маъноларини беради, «ланд» сўзи эса «ер», «очиқ ер» демакдир. Қадимда Deutsch номи герман тилида гапирувчи барча қабилаларга нисбатан ишлатилган.

Бироқ Deutschland номи фақатгина 1815 йилда, Вена конгрессидан сўнг Муқаддас Рим империяси тарқатиб юборилганидан кейин расмий номга айланди. Муқаддас Рим империяси тугатилгач, герман халқлари мустақил герман давлатлари ва эркин шаҳарларини бирлаштирган иттифоққа асос солди ва уни Deutscher Bund (германлар иттифоқи) деб атади. Айнан шундан сўнг Deutsch номи расман бутун герман халқлари номига айланди.

Скандинав халқлари ишлатувчи Tyskland номи Deutschland’нинг сўзма-сўз таржимаси бўлиб, у ҳам қадимги скандинав тилидаги «халқ» маъносини берувчи «tysk» сўзидан олинган. Ўз навбатида бу сўз скандинав тилига қадимги немис тилидан ўтган.

Шундай қилиб, 1871 йилгача ягона давлатга бирлашмаган Германия ягона номга ҳам эга бўлмаганди. Шу боис, уни турли давлатлар турлича атаб келган ва бу бугунги кунда ҳам давом этмоқда.

Top