Жаҳон | 08:42 / 04.05.2024
2450
4 дақиқада ўқилади

Германияда Россияга дронлар учун эҳтиёт қисмлар етказиб берган тадбиркорлар судланмоқда

Саарланд ва Баден-Вюртембергда яшовчи икки нафар рус миллатига мансуб фуқаро Украинага қарши қўлланаётган ҳарбий техника компонентларини Россия Федерациясига етказиб бергани муносабати билан Европа Иттифоқининг савдо чекловларини бузганликда айбланмоқда.

Фото: Sergei Malgavko/TASS/dpa/picture alliance

Саарленд ва Баден-Вюртемберг федерал ерларида яшовчи рус миллатига мансуб икки немис тадбиркори 3 май, жума куни Штутгарт Олий суди олдида Россияга учувчисиз учоқлар учун электрон компонентларни ноқонуний етказиб бериш бўйича жавоб берди. Айблов хулосасига кўра, етказиб берилган қисмлар, жумладан трансмиттерлар ва микросхемалар Россия Федерациясига қарши Европа Иттифоқи эмбаргосига тортилади.

Федерал прокуратура вакили сўзларига кўра, судланувчиларнинг россиялик буюртмачиси Россия Қуролли кучлари томонидан ҳарбий амалиётлар пайтида фойдаланилган ва Украинани ўққа тутиш пайтида Россия ҳужумлари ҳалокатлилиги учун «алоҳида аҳамиятга эга» бўлган «Орлан-10» дронини ўз ичига олган ҳарбий техникани ишлаб чиқарган.

Айбланувчи Россияга санкцияланган товарларни 50 мартадан ортиқ етказиб берган 

Федерал прокурор асосий айбланувчини Россия Федерациясига элементларни етказиб бериш бўйича 54 та ҳолатда санкцияларни четлаб ўтишда айблади, дея аниқлик киритди dpa. Прокурорларга кўра, ҳужжатда Валдемар В. деб кўрсатилган 59 ёшли Саарланд фуқароси Америка товарлар етказиб берувчиларини бутловчи қисмлар Германияда қолишини айтиб, алдаган, бироқ кейин уларни Россияга етказиб берган. 

Дастлаб, улар «фуқаролик компаниялари»га келган, кейин улар ҳарбийларга топширилган. Суд мажлисида, шунингдек, бундай етказиб бериш бўйича 14 та ҳолатда айбланувчига Карлсруэ чеккасида яшовчи 53 ёшли тадбиркор аёл Натали С. ёрдам бериб, товарларнинг жойлашган жойи ҳақида ёлғон декларациялар тақдим этгани маълум қилинди. 

Қайд этилишича, 2022 йил февралида Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан ва санкциялар кучайтирилганидан сўнг, етказиб бериш Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳонгконг, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликларидаги олувчилар орқали амалга оширилган.

Айбланувчи тинчлик тарафдори эканини айтди

Айблов хулосасига кўра, Валдемар В. ноқонуний етказиб беришдан жами тахминан 875 минг евро ишлаб топган. Айбланувчи жума куни бу миқдорни билмаслигини айтди. Тадбиркор адвокатининг айтишича, унинг мижози ва иш бўйича иккинчи айбланувчи кейинги суд мажлислари бирида айбловларга ёзма жавоб беради. 

Валдемар В.нинг ўзи суд жараёни биринчи кунида федерал прокурор томонидан қўйилган айбловларга изоҳ бермади. Бироқ таржимайи ҳоли ҳақидаги баёнотида у узоқ йиллар тинчлик тарафдори бўлганини таъкидлади. «Мен урушга қаршиман ва бу жинниликда иштирок этишни хоҳламайман», деди у. 

Россияга Германиядан етказиб берувчилар билан боғлиқ жараён - ягона ҳолат эмас

Бизнесмен Валдемар В. 2023 йилнинг мартидан бери Маннхаймдаги суд томонидан чиқарилган ордер асосида ҳибсда сақланмоқда. Унинг алоҳида аҳамияти туфайли иш федерал прокуратурага топширилди, у 2023 йил 28 августда ҳибсга олиш муддатини узайтиришга қарор қилди. Тадбиркорнинг шериги Натали С. 2023 йил 9 мартдан бери ҳибсда эди, бироқ май ойи охирида уни ҳибсга олиш ҳақидаги ордер вақтинчалик тўхтатилди. 

Dpa агентлигининг аниқлик киритишича, бу - Россия санкцияларини четлаб ўтишда айбланаётганларга қарши биринчи жараён эмас. Айни пайтда Штутгартда Россия қурол ишлаб чиқарувчиларига дастгоҳлар етказиб берувчига қарши навбатдаги суд жараёни бўлиб ўтмоқда. Бундан ташқари, яқинда Кёлн суди санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга ҳашаматли автомобилларни сотган автомобил сотувчисини шартли жазога ҳукм қилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид