19:31 / 28.02.2023
34154

Самарқанддаги маъмурий қамоқхона: маҳкумлар қандай шароитда сақланади?

Сўнгги пайтларда турли ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий қамоқ жазоси қўлланаётгани ҳақида бот-бот эшитиб турибмиз. Хўш улар жазони қаерда ва қандай шароитларда ўташади?

Самарқанд шаҳридаги Маъмурий қамоқ ўталадиган масканда бўлдик. Ушбу маскан ички ишлар органлари тизимига киради. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус муассаса ҳисобланади.

Таъкидлаш жоиз, ушбу маскан маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган 60 нафаргача маъмурий ҳуқуқбузарларни сақлаш учун мўлжалланган. Албатта, сўнгги пайтларда ушбу маскан ҳуқуқбузарлар учун торлик қилиб қолгани ҳам рост. Айни пайтда Каттақўрғон туманида ҳам бундай муассасанинг янгиси қурилмоқда, деди Самарқанд вилоят ИИБ, Жамоат хавфсизлиги хизмати, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жонибек Самандаров мухбирлар билан суҳбатда.

Подполковник Жонибек Самандаров, Самарқанд вилоят ИИБ, Жамоат хавфсизлиги хизмати,
Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи

Дастлаб бизга маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш тартиби ҳақида тушунтириб беришди. Унга кўра, қабул бўлимида кийимлар топширилади, қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахс ювиниб олгач, кийимлари дезинфекция қилиниб, яна унга қайтариб берилади.

Сўнгра улар 2–6 кишилик камераларга жойлаштирилди. Биз олти кишига мўлжалланган камералардан бирида бўлдик. Бизнинг келишимизга пухта тайёргарлик кўрилганми йўқми, бунисини аниқ билмадик, аммо камера ичи озода, иситиш батареялари ҳам хонани яхшигина қизитиб турибди.

Маъмурий қамоққа олинган шахслар учун масканда кутубхона, ошхона хизмат кўрсатади. Уларга яқинлари билан учрашиш ва суҳбатлашиш имконияти яратилган. Улар муассаса ҳудудида сайр қилишлари, ишлашлари ҳам мумкин.

Биз борган куни маъмурий қамоқда сақланаётган эркак шахслар камера олдида кўриниш беришни исташмади. Биз икки нафар аёл жазони ўтаётган камерага кирдик.

Маъмурий қамоқ жазосини ўташ учун турли хил касб эгалари, жумладан уста ва ҳунармандлар ҳам тушиб қолар экан. Муассаса ходимларининг айтишича, улар иш қилмасдан ўтира олишмайди, қаернидир тузатиш, таъмирлаш ва қуриш, умуман ўзидан қандайдир эсдалик қолдиришни исташар экан. Бирлари бошлаган ишни ортидан келганлар давом эттиришади.

Муассаса ҳудудидаги ободончилик, боғдорчилик ишларида ҳам шу шахсларнинг хизмати катта. Муассасага кираверишда сизни кутиб олувчи, эркинлик рамзи бўлган бургут ҳайкали ҳам ана шундай фуқароларнинг умумий ижоди намунаси бўлиб турибди.

Шуҳрат Шокиржонов,
Жаҳонгир Алибоев,
Kun.uz

Top