Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЖССТ эпидемиологи парранда гриппи пандемияси хавфидан огоҳлантирди
Бу муаммо парранда гўшти кенг тарқалган ўрта ва ўрта даромаддан паст бўлган уй хўжаликлари орасида, қишлоқ жойларида хавфли бўлиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эпидемиологи Ричард Пибоди дунёда парранда гриппи (H5N1) пандемияси бошланиши хавфидан огоҳлантирди.
Мазкур вирус тез мутацияга учраб, нафақат қанотли жонзотлар, балки беморлардан ҳам юқиш ҳамда кенг тарқалиш хусусиятига эга ва одамлар ўлимига сабаб бўлиши мумкин.
«Шу боис янги пандемияга тайёр туришимиз керак. Ҳозир илмий ҳамжамият вирусларни кузатмоқда ва агар зарурат туғилса, махсус вакциналар ишлаб чиқарилади», дейди эксперт.
Қайд этилишича, бу муаммо айниқса, парранда гўшти кенг тарқалган ўрта ва ўрта даромаддан паст бўлган уй хўжаликлари орасида, қишлоқ жойларида хавфли бўлиши мумкин.
Ушбу ўта патоген парранда гриппи тарқалиши биринчи марта 1996 йилда қайд этилган. 2003 йилдан бошлаб касаллик ҳолатлари ўз фаолиятининг хусусиятига кўра қушлар билан яқин алоқада бўлган одамларда қайд этила бошланди. Гриппнинг бу штамми вирусли пневмония, ўткир респиратор дистресс синдромини келтириб чиқарадиган пастки нафас йўлларидан тез тарқалиши туфайли хавфлидир.
Аввалроқ ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳам мамлакатлар янги пандемия эҳтимолига тайёргарлик кўришлари зарурлиги ҳақида огоҳлантирганди.
Сўнгги ҳафталарда норка, тулки, денгиз мушуги каби бир қатор сут эмизувчилар туркумига мансуб ёввойи ҳайвонларда парранда гриппи (H5N1) вируси аниқлангани маълум қилинганди.
1996 йилдан буён бу хасталик ёввойи қуш ва маҳаллий паррандалар орасида тарқалиб келади. Энди эса у сут эмизувчилар туркумига мансуб жониворларга юқаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.
Ушбу хасталик камдан кам ҳолатларда одамлар ўртасида тарқалиши қайд этилган.
«Аммо бу ҳолат келажакда ҳам фақат шундай давом этишини тахмин қилолмаймиз, — деганди Т. Гебрейесус. — Шундай экан, ҳар қандай ўзгаришларга тайёр бўлишимиз керак. Одамлар эса инфекциядан зарарланган ва касалликдан ўлган ҳайвонларга яқинлашмасликлари зарур».
ЖССТ раҳбари CОVID-19 пандемияси барча учун сабоқ бўлиши кераклигини таъкидлаган. «Тўғри, ҳозир коронавирус билан курашиш тажрибасига эгамиз. Аммо қурбонлар кўп бўлди ва ҳозир ҳам касаллик минглаб беморлар ўлимига олиб келмоқда», деган у.
Мавзуга оид
13:05 / 02.12.2025
Қизамиқдан ўлимлар сони камайди, лекин касалланиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда – ЖССТ
20:28 / 16.11.2025
Миср қадимий касалликлардан бирига барҳам берилганини эълон қилди
13:32 / 16.10.2025
Бактерияларнинг антибиотикка чидамлилиги кескин ортмоқда – ЖССТ
18:05 / 15.10.2025