14:09 / 03.03.2023
8704
Реклама

“Ёшларни қўллаб-қувватлашда тажрибамиз бор” – Наманган давлат университети проректори

Наманган давлат университетида илмий изланишдаги ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ҳар бир талабанинг ижтимоий ҳолати индивидуал ўрганилади.

Фото: Наманган давлат университети проректори

Жорий ўқув йилида университетда 28472 нафар талаба таҳсил олмоқда. Биз ҳар бир талабанинг, у олий ўқув юртига ўқишга қабул қилинган илк кундан бошлаб, оилавий шароити, ижтимоий аҳволи, муаммолари билан яқиндан танишамиз ва шу ўрганишлардан келиб чиқиб, талабаларни тоифаларга бўлиб оламиз. Бундан ижтимоий ёрдамни, қўллаб-қувватлашни энг муҳтож талабалардан бошлаш мақсади назарда тутилган.

Талабаларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш юзасидан Наманган давлат университетининг ўз тажрибаси бор. Мазкур йўналишдаги пухта чора-тадбирлар муайян натижани бермоқда.

Жумладан, жорий ўқув йилида 3507 нафар талабага “Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 1,8 млрд сўм миқдоридаги моддий рағбатлантириш пуллари тўлаб берилди. Ижара хонадонларида яшовчи 6861 нафар талабанинг 1 млрд 38 млн сўм миқдоридаги ижара пуллари ҳам қоплаб берилди. 13 нафар етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар учун ўқув, илмий ва бадиий китоблар харид қилиш харажатлари учун 17 млн 550 минг сўм субсидия ажратилди.

Ўтган ўқув йилида университет томонидан 41 нафар боқувчисини йўқотган талаба қизларнинг 273 млн сўм миқдоридаги контракт пуллари қоплаб берилган бўлса, университет тавсияси асосида вилоят ҳокимлиги томонидан 42 нафар боқувчисини йўқотган талаба-қизларнинг ҳам 270 млн сўм миқдоридаги контракт пуллари тўлаб берилди. Бу қанча-қанча ота-оналар, талабалар ва уларнинг яқинлари қалбига қувонч бағишлаганини тасаввур қилиш қийин эмас.

Жорий 2022/2023 ўқув йилида эса вилоят ҳокимлиги томонидан 97 нафар боқувчисини йўқотган талаба қизларнинг 665 млн сўм миқдоридаги контракт пуллари, 83 нафар талабаларнинг 278 млн сўм миқдордаги контракт пуллари раҳбарият томонидан ҳомийларни жалб этиш орқали тўлаб берилди. 7 нафар “Темир дафтар”га кирган оилаларнинг фарзандлари бўлган талабаларнинг эса 48 млн сўм миқдоридаги контракт пули қоплаб берилди.

Талабанинг моддий имконияти етарли бўлсагина, у бутун эътиборини таълим олишга қаратади. Ўз навбатида, талабанинг ўз соҳаси бўйича ишлаши унинг ҳозирданоқ касбий малака ва кўникмага эга бўлишига замин яратади. Айни шу мақсадда 2022/2023 ўқув йилида талабалар ишлаши мумкин бўлган бўш иш ўринларига 409 нафар талаба ишга жойлаштирилди.

Жумладан, 133 нафар магистратура талабаларига ўрнатилган тартибда мутахассислиги бўйича, 116 нафар талаба бошқарув ва ўқув соҳасига ёрдамчи ходимлар сифатида, 32 нафар “Карьера маркази”га, 16 нафар “Коворкинг маркази”га, 20 нафар “NamDU INNOVATION” мебел цехига, жорий йилнинг ноябрь ойида эса 62 нафар магистратура босқичи талабалари, 30 нафар талаба бошқарув ва ўқув соҳасига ёрдамчи ходимлар сифатида ишга қабул қилинди.

Бундан ташқари, университетда талабалар бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёш экопатрул”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тарғиботчиси”, “Қалқон”, “Ёш дизайнерлар”, “Мобил чеварлар гуруҳи”, “Кўнгиллилар” ўзини ўзи бошқариш органи, “NamDU FM” (www.namdufm.uz) онлайн радиоси ва овоз ёзиш студияси фаолияти йўлга қўйилгани ҳам олий таълим муассасалари орасидаги илк ташаббус ҳисобланади.

Университетнинг 1-ўқув биносида янги, замонавий “Ахборот-ресурс маркази” ташкил этилиши натижасида марказда талабалар учун ажратилган ўринлар сони 400 тадан 1400 тага кўпайди. Марказда талабалар ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан танишишдан ташқари, QR-код тизими орқали ҳам адабиётларнинг электрон нусхаси билан танишиш имкониятига ҳам эга.

Жамоатчилик бошқаруви, иқтидорли ва ташаббускор лидер талаба-ёшларнинг университет бошқарув тизимида иштирок этишини таъминлаш мақсадида университет ректори томонидан жамоатчилик асосида “Талаба-ректор”, “Талаба-декан” лавозимлари жорий қилинди. Ушбу ёш раҳбарлар томонидан бугунги кунга қадар талабаларнинг университет ички тартиб-қоидаларига бўйсунишлари, ўқув жараёнларидаги иштирокларини таъминлаш, улар томонидан берилган таклиф ва ташаббусларни раҳбариятга бевосита етказиш ва ўрнида ҳал этиш каби кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Наримон Деҳқонов,

НамДУ биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори

Реклама

Мавзуга оид
Top