18:07 / 04.03.2023
8000

ACWA Power билан Ўзбекистонда 2 та қуёш фотоэлектр станцияси қуриш бўйича шартнома имзоланди

Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазири

Жорий йилнинг 4 март куни Тошкент шаҳрида Тошкент вилоятида қуввати 400 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш ишларини бошлаш маросими бўлиб ўтди

Эришилган келишувларга мувофиқ Саудия Арабистонининг ACWA Power компанияси электр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради, қуради, ишга туширади, 25 йил давомида фойдаланади ва бошқаради.

Тадбир доирасида Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва ACWA Power компанияси ўртасида Самарқанд вилоятида қуввати 1000 МВт, Тошкент вилоятида қуввати 400 МВтли қуёш электр станцияларини ҳамда 1200 МВт қувватга эга автоном электр токини жамловчи батареясини қуриш бўйича Инвестициявий битимлари имзоланди.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ўзининг табрик сўзида барча йиғилганларни Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг ижобий динамикасини акс эттирувчи кенг кўламли лойиҳанинг амалга оширилиши бошлангани билан самимий табриклади.

Лойиҳаларни ҳаётга жорий қилиш натижасида эришиладиган қатор иқтисодий ютуқлар тилга олинди. Қурилиш вақтида 3000 дан ортиқ ва станциялардан фойдаланиш жараёнида 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади, йилига 3,5 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва 1 млрд куб метр миқдорида табиий газ тежалади.

Top