16:24 / 04.03.2023
15148

Қўшилмаслик ҳаракати саммити: Ўзбекистон дунёга нима таклиф қиляпти? – Сиёсатшунос билан суҳбат

Кундалик янгиликлар ва унинг сиёсат қисмига оид хабарларини мунтазам кузатиб борадиган ўқувчи, томошабин яхши билади, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1-2 март кунлари Озарбойжонда бўлиб қайтди.

Ташриф давомида давлат раҳбари жумладан, халқаро тузилмалардан бири – Қўшилмаслик ҳаракати саммитида ҳам қатнашди ва нутқ сўзлади.

Kun.uz мухбири Ўзбекистон президентининг Бокуга сафари, саммитдаги иштироки ва сўзлаган нутқи, шунингдек, бу ҳаракатнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида таҳлилий интервью ўтказди.

Интервью меҳмони Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Баҳром Сотиболдиев бўлди.

— Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга сафари ва Қўшилмаслик ҳаракати саммитидаги иштироки. Албатта, биз бу ҳаракат нима экани, унинг ўтган асрнинг 60-йилларида дунё икки қутбга бўлинган, “совуқ уруш” давом этаётган ҳамда дунё ёдро уруши остонасига келиб қолган бир пайтда ташкил топганини биламиз.

Хўш, ҳаракатнинг бугунги кундаги мақсади, дунёдаги ўрни қандай ва бугунги контексда Ўзбекистон томонидан унинг эсланиб қолиниши нимани билдиради?

Яъни Ўзбекистон бу ҳаракатда иштироки билан ўзининг позицияларини қандайдир халқаро ҳуқуқ билан мустаҳкамламоқчими, мақсад нима?

— Таъкидлаб ўтганингиздек, дунёда иккита куч маркази шаклланиб, тарафкашлик бўйича босимлар ошиб бораётган, халқаро муносабатларда зўрлик тамойили устувор бўлиб турган вақтда дунёнинг қолган мамлакатлари мана шу ҳаракатни ташкил қилишдан асосий мақсади аросатда қолган мамлакатларнинг ўз позициясини яратиш ва қарама-қаршиликка аралашиб қолмаслик бўлган. Ҳаракатнинг асосий принципи БМТнинг бош низоми талабларига тўлалигича жавоб беради. Яъни ўзга мамлакатлар ҳудудига таҳдид қилмаслик, муносабатларда тенг музокаралар олиб бориш, суверенитетига тажовуз қилмаслик, ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик. Ва айни тамойилларга амал қилиш нуқтаи назаридан бу ҳаракат ташкил топди.

Ўша даврда ҳаракат тузилиши билан биргаликда икки куч марказига, биз тортишувда бирор тарафнинг ёнини олмаймиз, ўз қарашимиз бор, ҳар қандай муаммони мулоқотлар ва БМТ низоми талаблари орқали ҳал қилиш керак, деган сигнал берилди.

Ҳозирги вақтда ташкилотнинг аҳамияти ошиб боришига сабаб дунё майдонида катта давлатларнинг ўзаро қарама-қаршилиги қуролли тўқнашувлар даражасига чиқиб кетяпти. Маълум бир маънода турли минтақаларда янги ҳарбий-сиёсий блокларни шакллантириш жараёни ҳам бошланиб кетди. Қўшилмаслик ҳаракатига дунёнинг 120 та давлати аъзо. Бундан ташқари, турли халқаро ташкилотлар хам бу ҳаракат билан муносабатлар ўрнатган. Шу ўринда айтиш керакки, ҳозир дунё сиёсатини тебратиб турган етакчи мамлакатлар ҳам кузатувчи мақомига эга ва ташкилот ичидаги давлатлар билдираётган фикрларни, таклифларни кузатиб боряпти. Халқаро жараёнда ташкилот аҳамияти ошиб боради, чунки тарафкашлик йўқлиги, БМТ низомига амал қилиши, халқаро хавфсизлик доирасидаги ёндашуви, иқлим ўзгариши, иқтисодий ўсиш беқарор бўлиб турган бир пайтда геосиёсий таранглик ошиб бораётгани ташкилот аҳамиятини орттиради.

Биз мустақилликнинг дастлабки йилларида бу халқаро ташкилотга аъзо бўлганмиз. Ташкилотдаги фаолиятимиз бизнинг миллий манфаатларимизга тўла жавоб беради. Бу ташкилот ҳозирги юзага келаётган мураккаб жараёнда дунё ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг бераётган баҳосини етказиш учун бир платформа. Иккинчидан, Ўзбекистон унга 120 та давлатда йиғилиб қолган муаммолар ва ташаббусларни эълон қилиш учун минбар сифатида қараяпти.

Биз фақат бир тарафда бўлишимиз мумкин. Яъники Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари — энг устувор. Ташқи сиёсатнинг ҳам устувор йўналиши шу. Биз тортишаётган давлатларнинг позициясини қўллаш нуқтаи назаридан ёндашмаяпмиз. Бизнинг халқаро майдонда олиб бораётган ҳаракатларимизнинг асосий негизида БМТ низомида белгиланган талаб ва қоидалар, принциплар туради. Шунинг учун бу ташкилотдаги ҳаракатимиз ҳам, ташаббусларимиз ҳам Ўзбекистон ва инсоният манфаатларига хизмат қилади.

— Тадбирда президент Мирзиёевнинг чиқиши ва у билдирган таклифлар. Мана шу таклифларнинг ҳам мазмунини қисқача таҳлил қилиб берсангиз. Масалан, Ўзбекистон 2030 йилга қадар мўлжалланган Сендай ҳадли дастурининг асосий мақсадларига эришиш бўйича Глобал платформа фаолиятини янада кучайтириш тарафдори экани таъкидланди.

— Глобал иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар билан биргаликда техноген офатлар кўлами ҳам кенгайиб бораётган замонда яшаяпмиз. Шу нуқтаи назардан президентимиз табиий ва техноген офатларнинг олдини олиш бўйича илмий ёндашувларни бирлаштирган ҳолда мониторинг қилишни ва бу орқали салбий оқибатларни камайтиришни таклиф қилди. Иқлим ўзгариши оқибатида бўладиган ҳолатлар (сув тошқини, ҳаво ифлосланиши, қурғоқчилик) олдиндан прогнозлаштирилса, биргаликда дастурлар амалга оширилса, салбий оқибатлар миқёсини анча тушириш мумкин.

Пандемиядан кейинги иқтисодий ўсиш анча муаммо бўлиб турибди. Катта давлатлар ўртасидаги зиддият сабабли иқтисодий занжирлар узилиши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси юзага келяпти, чунки турли сабаблар билан озиқ-овқатга талаби бор минтақалар ва етиштирувчи минтақалар ўртасида транспорт логистика алоқалари сусайиб қоляпти. Қаерлардадир пандемиядан кейин иқтисодий занжирларни тиклаш муаммоси бор. Мана шу нарсаларни ҳал қилиш бўйича ёндашувлар айтилди.

Билдирилган ташаббуслардан яна бири шу бўлдики, ҳозирги таранглик вазиятида БМТ Хавфсизлик кенгаши доирасида Қўшилмаслик ҳаракатининг доимий ўрни бўлиши керак. Ҳозир кўп давлатлар томонидан БМТни ислоҳ қилиш ва Хавфсизлик кенгаши таркибидаги доимий аъзолар сонини ошириш керак, деган фикрлар бўляпти. Шу ислоҳ қилишда Хавфсизлик кенгашида Қўшилмаслик ҳаракатининг 120 та давлат номидан доимий ўрни бўлиши керак, деган таклифни берди президентимиз. Бу орқали биз аъзо давлатлар фикрини Хавфсизлик кенгашининг асосий ўйинчилари бўлган давлатларга етказиш, президентимиз муаммоларни санаб ўтиш билан биргаликда уларнинг ечимлари бўйича ҳам ўз фикрларини билдирди.

Халқаро майдонда катта давлатлар ўртасидаги ишончсизлик даражаси ошиб кетган бир даврда халқаро экстремистик ва террористик ташкилотлар фаолияти ҳам бирмунча жонлангани ҳолатларини кўряпмиз. Хусусан, Яқин Шарқ ва Афғонистондаги бир неча ўн йил давомида давом этаётган нохуш ҳолатлар натижасида бундай ташкилотлар фаолияти анча кенгайган. Натижада ташкилотларнинг умумий кўлами кенгайиб бораётганини ҳам кўряпмиз. Шунинг учун президентимиз Афғонистон масаласига тўхталиб, урғу бериб ўтди.

— Ташкилотга аъзолик фараз қилайлик, Ўзбекистонни Россия ёки Хитойдан бўладиган эҳтимолий босимлардан қанчалик ҳимоя қила олади?

Яъни айтмоқчиманки, бир йил аввал БМТнинг хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган Россия куппа-кундуз куни мустақил бир давлат ҳудудига бостириб кирган эди. Хўш, ташкилотга аъзолик бизни шундай хавфлардан қанчалик ҳимоялаши мумкин?

— Юқорида айтганимдек, халқаро ҳамжамиятга ўз ёндашувларимизни эълон қила олиш имконияти бор. Иккинчидан, бу ташкилотга аъзо бўлган давлатлар билан бизнинг икки томонлама муносабатларимиз тизими шакллантирилган. Биз бир-биримизнинг позицияларимизни келишиб, мувофиқлаштириб олишимиз мумкин. Учинчидан, бир давлат иккинчи бир давлатга қуролли тазйиқ ўтказса, биз бу ташкилот орқали ўз позициямизни кўрсатиб бероламиз ва бизни қўллаб-қувватлайдиган давлатлар ҳам бўлади ўша вазиятда.

Бу ташкилот нима қилиб беролади нохуш вазиятларда, деган савол қўйиляпти. Мен айтмоқчиманки, халқаро ҳуқуқ доирасига қайтиш керак. Агар қайтилмаса, бундай ихтилофлар, қуролли тўқнашувлар сони кўпайиб боради. Агрессивлик кўрсатган давлатнинг ҳам, ҳужумга учраган давлатнинг ҳам иқтисодиётига, халқаро обрўсига ва келажагига салбий таъсир кўрсатади. Ўз манфаатларини юзага чиқариш учун қуролли низолар даражасига олиб бориш керак эмас. Халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида ҳаракат қилиш лозим.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Top