15:15 / 08.03.2023
9486

Берлин: «Шимолий оқим»даги портлашлар атайин уюштирилган операция бўлиши мумкин

Фото: AP

Берлин ОАВда «Украина диверсия гуруҳи» ҳақидаги хабарлар бўйича эҳтиёт бўлишга чақирмоқда ва атайин уюштирилган операция эҳтимоли ҳақида огоҳлантирмоқда

Германия мудофаа вазири Борис Писториуснинг фикрича, «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим 2» газ қувурларини портлатиш бўйича диверсия кейинчалик бу жиноятда Киевни айблаш мақсадида уюштирилган «махфий операция» бўлиши мумкин. 8 март, чоршанба куни Deutschlandfunk радиостанциясининг эфирида у бир қатор оммавий ахборот воситаларида ушбу портлашлар юзасидан чоп этилган суриштирув бўйича Украинани айблашда шошилмаслик ҳақида огоҳлантирди. 

Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Швецияда Европа Иттифоқи ҳамкасблари билан музокаралар олдидан баёнот берди. Киевга қурол етказиб бериш масаласи муҳокама қилинадиган Стокҳолм йиғилишида Украина вазири Олексий Резников ва НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам иштирок этмоқда. 

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам ОАВда «Шимолий оқим»да диверсияга алоқадор бўлиши мумкин бўлган шахслар ҳақидаги хабарларда эҳтиёт бўлишга чақирди. «Албатта, биз турли томонлардан чиқаётган барча ҳисоботлар ва барча хулосаларни жуда диққат билан кузатиб боряпмиз», деди у Ироқнинг Эрбил шаҳрида. Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, расмий тергов тугашини кутиш керак. 

Украина ҳукумати «Шимолий оқим» газ қувурлари портлатилишига алоқадорлигини рад этди. Украина мудофаа вазири Олексий Резников чоршанба куни Стокҳолмда журналистларга «Бу бизнинг ҳаракатларимиз эмас», деди. Бир кун аввал Украина президентининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк ҳам Twitter’да Украинанинг Болтиқ денгизидаги аварияга алоқаси йўқлигини, шунингдек, The New York Times аввалроқ «украинапараст қўпорувчилик гуруҳлари» ҳақида ёзган маълумотдан хабардор эмаслигини билдирди.

Ўз навбатида, Россия ТИВ вакили Мария Захарова Telegram’да Ғарб давлатларини Болтиқ денгизидаги газ қувурларидаги портлашлар бўйича Москванинг расмий сўровларига жавоб беришга ва журналистик суриштирув материалларини ўрганишга чақирди. 

Top