15:02 / 09.03.2023
5674

Словакия: Киевга МиГ қирувчиларини топшириш бўйича қарор қабул қилиш вақти келди

Словакия мудофаа вазири Ярослав Надь Facebook’да Украинага МиГ қирувчи самолётларини етказиб бериш бўйича қарор қабул қилиш вақти келганини ёзди. 

Фото: Wikimedia

Идора бошлиғининг сўзларига кўра, Полша бу йўналишда биргаликдаги ҳаракатларга тайёрлигини билдирган. Полша томонидан расмий тасдиқ ҳали олинмаган. 

«Менимча, қарор қабул қилиш вақти келди», деди Надь. «Украинада одамлар ўлмоқда, биз уларга ҳақиқатан ҳам ёрдам бера оламиз», дея қўшимча қилди у ҳамда бу масалада сиёсатга ўрин бўлмаслиги кераклигини таъкидлади.

Бундан олдин Киевни биринчи навбатда АҚШ, Британия, Франция ва Германия қирувчи самолётлари қизиқтиради, дея маълум қилганди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

«Шу пайтгача ҳеч бир давлат қирувчи самолётлар етказиб бериш мажбуриятини олмаган. Аммо Буюк Британия каби баъзи ҳукуматлар украиналик учувчиларни Ғарб қирувчиларига ўргатишини эълон қилган, бошқалари эса тез орада буни амалга оширади», - деди Кулеба. 

Унга кўра, қирувчилар душман ракеталарини уриб тушириш орқали Украина ҳаво мудофаасини қўллаб-қувватлаши мумкин эди. Бундан ташқари, улар «қарши ҳужум учун» муҳим аҳамиятга эга. «Биринчи навбатда, бизни АҚШ, Буюк Британия, Франция ва Германия қирувчи самолётлари қизиқтиради», деди вазир ҳамда бу давлатлар «энг юқори ишлаб чиқариш қувватлари ва энг йирик самолёт паркларига» эга эканлигини таъкидлади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top