17:52 / 11.03.2023
48859

“Эски калиш ва икки дона “перашки”— ҳаётимни ўзгартирган икки воқеа”: чекка бир қишлоқдан чиққан профессор ҳикояси

Акам билан мактабга битта этикни алмашиб киярдик. У тушгача, мен тушдан кейин ўқирдим. Бир куни дарси чўзилдими, акам ҳеч келавермади. Учратиб қоларман деган умидда эски калишда йўлга тушдим. Мактабга етиб келганимда ҳам акамни кўрмадим. Ўшанда синф хонасига киришга уялиб, анча вақт эшик орқасида туриб қолдим...

Фото: KUN.UZ

(Ҳикоямиз қаҳрамони ўтмишини ўзгалар билишини истамагани учун исми-шарифи ўзгартириб берилди.)

Сочларига оқ оралаган, ўзи мункиллаб қолганига қарамай, университет биносига кириши билан ёшлардек ғайратга тўлиб кетувчи Юсуф Қобиловни билимидан ҳам кўпроқ инсоний фазилатлари учун қадрлашади.

Талабаларига касбий билим бериш билан биргаликда, ҳаётий сабоқлар беришдан ҳам эринмайди. Шунинг учунми шогирдлари уни нафақат устоз, балки отасидек кўришади.

Ёшларни қўллаб-қувватлаши, ўқишга рағбатлантириши, ўзи ҳам шундай ўқитувчи сабаб тақдири яхши томонга ўзгариб кетганидан бўлса, ажаб эмас.

“1945 йил айни уруш тугаб, одамларнинг силласи қуриган, қишда очдан ўлмаган аҳолининг ёлғиз умиди тут пишиғига етиш бўлган даврларда дунёга келган эканман.

Оилада 5 фарзанд эдик. Онамни эслолмайман, мен ёшлигимда вафот этиб кетганлар. Отам йўқчиликда яна бир томоқни кўпайтирмаслик учунми, ёки бизни ўгай онанинг қўлига қаратмаслик учунми билмайман, хуллас бошқа уйланмаган эдилар.

Отам колхозда ишлар, топгани ейишимизга етса, кийимимизга етмасди. Иккитамиз қиз, учтамиз ўғил эдик. Мендан олдин акам ва опам бўлиб, акамнинг фикр-у хаёли тезроқ саккизни тугатиб, отамнинг ёнига кириш эди. Опам эса бутун уй юмушларини қилар, кийимларимизни ямаб, имкон борича йўғимиздан бор қилишга уринарди.

Эрталаб, тушлик ва кечқурун ҳаммамизга бир бурдадан нон бўлиб берарди. Уйимизда ҳамма нарса ўлчоғлик эди. Бу фақат бизда эмас, ўша пайтда кўпчиликнинг рўзғори шундай эди. Тўйиб-тўймай овқатланарди ҳамма. Тушликда тўйиб нон еса, кечқурун оч қолишини тушунмаган болалар яна деб хархаша қиларди.

Онам йўқлигигами ёки отамнинг бизни қийналиб боқаётганини кўрганимиз учунми кўп ҳам нарса сўраб отамни қийин аҳволга солмасдик. Акам билан мактабга битта этикни алишиб киярдик. Акам тушгача мен эса тушдан кейин ўқирдик (бу ҳам бизнинг бахтимиз).

У вақтда ҳозиргидек мактаблар қаерда, поли лойшувоқ қилинган, ёмғир ёғса, этикларимизга илашиб кирган лой билан қўшилиб бир қарич лой бўлиб кетарди синф хоналар ҳам.

Шундай кунларнинг бирида дарси чўзилдими, акамдан дарак бўлавермади. Дарс бошланишига эса оз вақт қолди. Қишлоқ мактаби бўлгани учун масофа ҳам яқин эмас. Мактабгача ярим соатлар юриш керак.

Учратиб қоларман, деган умид билан таваккал эски калишимда йўлга тушдим. Лекин бахтга қарши акамни кўрмадим. Мактабга етиб келганимда ҳам акамни тополмадим. Дарсга қўнғироқ чалинган, бахтимга ҳовлида ҳеч ким йўқ. Лекин дарсга шу аҳволда кираманми?

Киришга уялиб анча вақт эшик орқасида турдим. Синфдаги шовқиндан ҳали ўқитувчи кирмаганини англаш қийин эмас эди. Бир кўнглим қайтиб кет дейди, яна бири кир дейди. Нима қилишимни билмай иккиланиб турганимда ўқитувчимиз келиб қолибди.

Саломимга алик олиб нега кирмаётганимни сўради. Нима дейишимни билмай ерга қарадим. Ўқитувчимиз гап нимадалигини билди чоғи, ўзи вазиятни ўнглаб кетди. Ҳа, дарсга шошганингдан оёқ кийимингни алиштиришни унутдингми, деди.

Баҳона топилганидан хурсанд бўлиб кетдим. Дарсга тайёрмисан, деб сўради ўқитувчим. Ҳа, дедим. Доимгидек баракалла, деб синф эшигини очди устоз. Орқама-кейин хонага кирдик. Шовқин тиниб, ҳамма ўрнидан туриб салом берди.

Йўқламадан сўнг бир-бир уй вазифасини сўради устоз. Доимгидек дарсга тайёр эдим. Шариллатиб жавоб бердим. Дарс қилишга кўп вақт ажратмасдим, лекин битта ўқиганимда эсимда қолиб кетарди.

Ўқитувчимиз, дарсга шошганидан оёқ кийимини алиштиришни ҳам унутибди. Фанни шу даража яхши кўриш керак. Дарсларга шундай шошиш керак, баракалла Юсуфжон, деб синфдошларим ичида мақтагани ўртоқларимга нисбатан калишларимдан уялиш ҳиссини ҳам йўқ қилди.

Шу куни мен кимё фани ўқитувчимни фақат дарсни яхши ўтадиган ўқитувчи эмас, яхши инсон сифатида кашф қилдим. Меҳр қўйдим.

Акам саккизни тамомлаб техникумга ўқишга кирди. Шу билан бирга ишлай бошлади. Отамнинг оғири оз бўлса-да енгиллади. Акамга ҳавас қилардим. Мен ҳам тезроқ саккизни тамомлаб, акамнинг ёнига кирсам, отамга фойдам тегса дердим. Лекин кимё фани ўқитувчим билан бўлган суҳбат ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юборди.

Дарсга эртароқ келган эканман. Мактаб ҳовлисида айланиб юрсам ошхона деразасини ичкаридан кимдир урди. Яхшироқ тикилсам кимё ўқитувчим экан. Қўли билан мени имлади. Кирдим. Иккита “перашки” олиб кел, деб пул берди. “Буфетчи”дан иккита перашки олиб ўқитувчимнинг олдига қўйдим. Ўтир деди.

Ликопчани олдимга сурди. Ол, Қобилов, уялма. Қани айт-чи, келажак режаларинг қандай, деб гапга тутди. Иссиққина бўғирсоқлар бирам мазали эдики, таъми ҳали ҳам оғзимдан кетмайди. Чайналиб-чайналиб режаларимни айтдим.

Ундай қилма, деди устозим. Ҳозир отамга ёрдам бераман деб ўйлашинг мумкин. Лекин ишлаганинг сари, улғайганинг сари ўзингнинг ҳам муаммоларинг, эҳтиёжларинг ортиб боради. Оилангга чин дилдан яхшилик қилмоқчи бўлсанг, тўққиз-ўнни ҳам ўқи.

Шу билиминг билан тўғри институтга кирасан. Ўқишни тамомлаганингдан сўнг оилангга чинакамига фойданг тегади. Отанг сен билан фахрланади. Болаларинг мактабга бир оёқ кийимни алишиб кийишга мажбур бўлмайди. Билиминг увол кетмайди.

Уялганимда юзим қизариб кетди, буни икки бетим қизиганидан сездим. Демак ўқитувчим ҳаммасини билар экан-да, ўшанда мени хижолат қилмаслик учун ўзи баҳона тўқиган экан. Қандай шунчалар бағрикенг бўлиши мумкин.

Ўша вазиятда ўзимни ўқитувчимдан қарздор ҳис қилардим, ҳаммаси учун. Буларни қайтаришнинг биргина йўли ўқиш ва ўқувчиларимга устозим каби ғамхўрлик қилиш бўлиб кўринарди.

Университетга киргунимча қийналдим. Ишлашни режалаштирган икки йилимда ўқиш осон кечмади. Опамни узатдик. Отам билан акам анча қийналиб қолишди. Лекин менга ўқишни қўй, ишла дейишмади.

Ўқишга кирганимни эшитганда отамнинг кўзларида ёш кўрдим. Ўқитувчим тўғри айтган экан. Болам катта одам бўлади, деб отамнинг қувончи чексиз эди. Ўқиш мобайнида ноним ҳам, овқатим ҳам китоблар эди. Кутубхонадан чиқмай ўқирдим.

Қийналиб қолган дамларимда акам доим ёрдам қўлини чўзди. Ўқишни тамомлаб кимёгар бўлиб чиқдим. Оиламизда мендан бошқа ҳеч ким ўқимади, лекин ҳаммалари мен билан ўзлари ўқигандек фахрланишарди.

Бирма-бир илмий ишларимни ёқладим. Ўқиганим сари даражам кўтарилиб, дарс соатларим камайиб, ойлигим ошиб бораверди. Профессор Қобилов даражасига етишишимда доимо оиламнинг, акамнинг меҳнатларини, отамнинг кўзларидаги ёшни ҳамда ўқитувчимнинг сўзларини пойдевор деб биламан.

Билим мени улуғлади. Мен илмда ўзимни топдим. Оила аъзоларим: аёлим, болаларим, набираларимни ҳам ўқитдим. Ҳозир набира келинларимни ўқитяпман. Келажакда ўзига, фарзандларига яхши”, дея сўзларини якунлади профессор.

Суҳбат давомида ўқитувчининг ўқувчи ҳаётида нечоғлик муҳим рол ўйнашига яна бир бор амин бўлдим. Ўқувчисининг иқтидорини тўғри йўналтирган, йўл-йўриқ берган ўқитувчи нафақат бир инсоннинг, балки бутун жамиятнинг эртаси учун ўз ҳиссасини қўшган бўлади.

Ўқитувчида нафақат касбий билимлар, балки инсоний фазилатлар ҳам шаклланган бўлиши, боланинг фақатгина билимига эмас, руҳияти, яшаш тарзига ҳам разм сола билиши қанчалар муҳимлигига ушбу ҳаётий ҳикоя ёрқин мисол бўла олади.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.  

Мавзу
Ҳаётий ҳикоялар
Турфа тақдирлар ва умр манзаралари
Барчаси
Top