22:04 / 13.03.2023
48742

Гулнора Каримова қандай қилиб 240 млн долларлик кўчмас мулк империясини қурганди?

Гулнора Каримова турли фирмалар орқали Буюк Британия, БАА, Швейцария, Франция ва Гонгконгда 240 млн долларлик камида 14 та кўчмас мулк сотиб олган. Улар орасидан квартиралардан тортиб қасрларгача бор. Бу борада европалик мустақил суриштирувчилар гуруҳи янги ҳисобот эълон қилди. Ҳисобот муаллифларидан бири Каримова ишини “барча даврлардаги энг йирик коррупцион кейслардан бири” деб таърифлайди.

Фото: Getty Images

Гулнора Каримова жиноий йўл билан ўзлаштирган маблағлари эвазига Буюк Британия компанияларидан кўчмас мулк ва самолёт сотиб олишда фойдаланган. Бу ҳақда Freedom For Eurasia'нинг янги суриштирувларига таянган ҳолда, BBC хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Лондон ва Британия Виржиния оролларида жойлашган бухгалтерия фирмалари бу шубҳали битимларга аралашган.

“Каримованинг Буюк Британиядаги мулкларни осонлик билан қўлга киритиши “хавотирли ҳолат”, – дейилади ҳисоботда.

Гулнора Каримова 1989 йилдан то 2016 йилгача Ўзбекистон раҳбари сифатида ишлаган мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи ҳисобланади. “Googoosha” тахаллуси билан қўшиқлар куйлаган, заргарлик компаниясига асос солган, Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси сифатида ишлаган.

Аммо у 2014 йилда жамоатчилик кўзидан ғойиб бўлди. Кейинчалик Ўзбекистондаги иқтисодий жиноятлари учун 2015–2020 йилларда уч марта судланган. 2020 йил мартида унга 13 йил-у 4 ой қамоқ жазоси тайинланган.

Прокурорлар уни 12 мамлакат, жумладан, Буюк Британия, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларидаги 1 миллиард доллардан ортиқ маблағларни назорат қилган жиноий гуруҳнинг аъзоси бўлганликда айблаган.

“Каримова иши барча даврлардаги энг йирик порахўрлик ва коррупция ҳолатларидан биридир”, дейди Freedom For Eurasia ҳисоботи муаллифларидан бири, Оксфорд университети тадқиқотчиси Том Мейн.

Каримова ва унинг шериклари коррупцион дея даъво қилинган фондлар орқали қўлга киритилган мулкларнинг айримларини аллақачон сотишга улгурган бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар кўчмас мулк реестрлари ҳужжатларини ўрганиш орқали Гулнора Каримова қамоққа олинишидан олдин шубҳали фондлар орқали турли мамлакатлар – Британия, Швейцария, Франция, Дубай ва Гонконгда камида 14 та мулк сотиб олганини аниқлашган.

Янги ҳисоботда Лондон ва унинг атрофидаги 50 миллион фунт қийматдаги 5 та мулкка эътибор қаратилган. Улар орасида Букингэм саройи ғарби ва Белгравиядаги квартиралар, Мэйфей ва Суррейдаги 18 миллион фунтлик уй бор.

Каримова қамоққа олинишидан олдин, 2013 йилда Белгравиядаги иккита квартира сотилган. Қолган кўчмас мулклар эса 2017 йилда Британия ҳукумати томонидан музлатилган.

Freedom For Eurasia ҳисоботида, Лондон ва Британия Виржиния оролларидаги фирмалар номи ҳам тилга олинган. Улар Каримова ёки унинг шерикларига кўчмас мулк ва шахсий самолётлар харид қилишга кўмаклашган бўлиши мумкин.

Каримованинг йигити экани иддао қилинадиган Рустам Мадумаров ва унинг шериклари расмий ҳужжатларда Британия Виржиния ороллари, Гибралтар ва Буюк Британияда жойлашган компанияларнинг "бенефициар эгалари" сифатида қайд этилган. Ҳисоботда таъкидланишича, мазкур фирмалардан юз миллион долларлаб маблағларни ювишда фойдаланилган.

Каримовага алоқадор, Буюк Британияда рўйхатдан ўтган иккита компания – Panally Ltd va Odenton Management Ltd’га Лондоннинг Нью-Оксфорд кўчасида жойлашган SH Landes LLP фирмаси бухгалтерия хизмати кўрсатган.

2010 йил июль ойи охирида SH Landes бошқа бир компанияни рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилади. Мақсад 40 миллион долларга (33 миллион фунт) шахсий самолёт сотиб олиш бўлган. Рустам Мадумаров унга бенефициар сифатида кўрсатилган. Ҳисоботда қайд этилишича, ушбу харид ортида Каримова турган.

Ўша пайтда SH Landes’дан мазкур маблағларнинг манбаси ҳақида сўралганда шундай жавоб берган: “Биз унинг шахсий бойлиги ҳақидаги савол аҳамиятли эмас деб ҳисоблаймиз”.

Лондонда жойлашган фирма кейинчалик Мадумаровнинг бойлиги Ўзбекистонда жойлашган Uzdunrobita мобил телефон компаниясидан келганини маълум қилган. Бу пайтда компаниянинг Каримова билан эҳтимолий алоқалари ҳақида саволлар аллақачон кўтарилган эди. 2004 йилда Moscow Times газетасида нашр этилган мақолада Каримова сохта ҳисоботлардан фойдаланиб, Uzdunrobita'дан 20 миллион долларга яқин пул ўтказиб юборгани келтирилган. Унинг собиқ маслаҳатчиси Каримовани “фирибгарлик”да ҳам айблаган.

Ҳисоботда таъкидланишича, мазкур ҳолатда SH Landes маблағлар манбаси қонуний экани ва жиноий йўл билан ўзлаштирилмаганини текшириши керак эди.

SH Landes Panally Ltd компаниясининг 2012 йилги молиявий ҳисоботларини ҳам тақдим этган. 2013 йил сентябрда уларни Каримованинг яқин ҳамкори: ўша пайтда 30 ёшда бўлган Гаяне Авакян имзолаган. У Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant компаниясининг расман бенефициар эгаси экани ҳам айтиб келинади.

“Каримованинг Буюк Британияда бунча кўп мулк сотиб олиши хавотирли ҳолдир. Бошқа давлатлар унинг банк ҳисоблари ва активларини музлатиб қўйганидан кейин, 2017 йилга келибгина ҳукумат бунга эътибор берди”, дейди Том Мейн.

Аввалроқ, Ўзбекистон Адлия вазирлиги томонидан Гулнора Каримова ва у бошчилигидаги уюшган гуруҳнинг Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатлардаги активлари қиймати 1,3 млрд долларни ташкил этиши маълум қилинганди.

Top