16:11 / 15.03.2023
11693

“Таълимни ривожлантириш миллий ҳаракатга айланиши керак” — экспертлар билан интервью

Сўнгги вақтларда Ўзбекистон мактабларида ўқувчиларнинг ўқитувчилар томонидан калтакланиши, можарога ота-оналарнинг аралашуви, унинг катталашиб ОАВда бўй кўрсатаётгани ҳолатларига тез-тез гувоҳ бўлмоқдамиз.

Kun.uz мухбири ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида юзага келаётган шу каби можаролар, таълимда куч ишлатиш феномени, Ўзбекистонда ўқитувчилар тайёрлашдаги сифат масалалари атрофида интервью ўтказди.

Интервью меҳмонлари таълим экспертлари – Баҳодир Ғаниев, Улуғбек Қосимхўжаев ва Тошкентдаги “Эрудит” хусусий мактаби директори Гулбаҳор Муратова бўлди.

— Сўнгги пайтларда мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида зиддиятли вазиятларга кўп гувоҳ бўляпмиз. Бу охирги йилларда кўпайган ҳолатми ёки ахборот ва ижтимоий тармоқлар ривожланиши билан боғлиқми?

Ижтимоий тармоқлар ривожи билан бу ҳолатларни кўраётгандирмиз. Лекин мана шундай зиддиятли вазиятларнинг юзага келиш сабаблари, умуман, бундай кескинлик сабаблари нима?

Улуғбек Қосимхўжаев:

— Ёшларнинг катта авлод билан қайсидир даражада дунёқараши тўғри келмаслиги кўп жамиятларни ўйлантиради. Биз ўқиган 90-йилларда ҳам қандайдир зиддиятлар бўларди. Лекин ўша пайтда интернет ривожланмаган, ҳаммада телефон бўлмаган, шунинг учун ҳар битта ҳолатга эътибор бўлмаган, менимча. Шу билан бир қаторда, бу муаммо мавжуд ва унинг бир нечта илдизлари бор. Фикримча, асосий муаммолардан бири шунча йилдан буён таълим тизимига эътибор кам бўлгани. Аксарият ўқитувчилар аудиторияни бошқара олмайди, билимларни қизиқарли етказиб беролмайди. Яна бир муаммо – 1,2 млн ўқувчига етарли даражада мактаблар йўқ. Бир синфда 40-45 бола ўқиса, бундай аудиторияни бошқариш қийин масала.

Очиқлик, сўз эркинлиги даврига ўтдик, деяпмиз, шу нарса жамиятга ва айнан мактабларга ҳам таъсир қиляпти. Мактаб ўқувчилари интернет орқали жаҳонда нима бўлаётганини кўришяпти, қайсидир тармоқдаги нарсаларга тақлид қилмоқчи ҳам бўляпти.

Баҳодир Ғаниев:

— Мен 4 та сабаб кўрсатган бўлардим. Биринчиси — болалар тарбияси билан ота-оналар шуғулланиши тобора камайиб боряпти, улар малакасиз. Яъни ўз ота-онаси болага таъсир қилмай қўйган ҳолатлар кўп. Масалан, ўзим кеча дарсга яхши қатнашмайдиган, халақит берадиган ўқувчининг ота-онаси билан гаплашдим. Уйда профилактика бўлмаса, қўшимча шуғулланилмаса, болани йил охирида мактабдан четлатишга мажбур бўлишимизни айтдим. Бола фақат ўзи эмас, синфни ҳам орқага тортади.

Иккинчиси — давлат мактабларида болалар сони 30 тадан 40 тагача. Бундай аудиторияни бошқариш қийин. Ўзим шахсий мактабда 20 та болага дарс ўтишга қийналиб қоламан. Синфда 40 та бола ўтирибдими, у ердан таълимни кутиб бўлмайди. Бунча болага қизиқарли, малакали дарс ўтишнинг имкони йўқ.

Учинчиси — ўқитувчиларнинг аудиторияни бошқариш малакасида камчиликлар бор, тан олиш керак. 30-40 болани бошқариш учун малака лозим. Бола психологиясини билмаган ўқитувчи бошқара олмайди.

Тўртинчи жиддий муаммо — болалар дарсни бузишига, ўқитувчиларни беҳурмат қилишига асос бериб қўяётганимиз. Давлат мактабларида жазолаш механизми йўқ. Фақат қанақадир жиддий ҳуқуқбузарлик қилса, милиция чақиради. Лекин дарсдаги безориликлар учун жазолаш йўқ. Жазолаш механизми ҳақида чуқур ўйлаш керак. Масалан, мактабда таълим жараёнида иштирок этишни хоҳламаётган ўқувчидан воз кечиш имконияти бўлиши керак. Чунки 40 талик синфда битта шундай бола бўлса, қолган 39 тасига ҳам салбий таъсир қилади. Бутун қонунчиликни ҳам қайта кўриб чиқиш керак бўлади. Кейин, профилактика инспекторларининг малакаси масаласи бор, чунки фақатгина ҳисобга қўйиб қўйиши эмас, бола билан ишлаши керак. Ота-оналарни маъмурий жазолаш мактабга бериш имкониятлари ҳам бўлиши керак. Боласини тарбия қилмаяптими, у ота-онани жазолашга мактаб хақли бўлиши керак.

Гулбаҳор Муродова:

— Бу ҳозир пайдо бўлган муаммо эмас. Олдиндан бор. Ҳозир интернет тармоқлари орқали маълумот тарқалиши имконияти катта. Умумий олганда, ўқитувчи ва ўқувчи муносабати кризис пайтига келди. Ҳозирги ўқувчи биладики, ўқитувчи гапираётган нарсани интернетдан топа олади ўзи. Шунинг учун ҳам ўқитувчи фикрини, методни ўзгартириши керак. Ўқитувчи бола билан бирга илм излайдиган бошқарувчига айланиши лозим. Ўқитувчи шу нарсани тан олмаса, қийин бўлади дарс бериш. Ҳамма маълумотни интернет орқали тез қабул қиладиган бола ва одатий дарс берувчи ўқитувчи ўртасида зидлик пайдо бўляпти. Жим ўтир, доскада тушунтираман, ўрган, деган нарсани ҳозирги ўқувчи қабул қилолмайди. Интернетда ўқитувчилар учун катта ресурслар бор. Чет эл билан тажриба алмашиниш ташкил этиляпти. Аммо неча фоиз ўқитувчи шуларни ўзлаштиряпти? Кўпчилик тушунмаяпти, тарбияни қаттиқ қилиш, болаларни ҳайдаш керак, деган фикрлар бор, бу — нотўғри.

— Собиқ иттифоқ даври ёки мустақилликнинг илк йилларида мактабда ўқиганлар «Бизам мактабда ўқиганмиз, калтак еганмиз. Ҳозирги болалар бўшанг чиқди» деган гапларни айтади. Бу авлоддаги қараш қанчалик тўғри? Ўқитувчи ўқувчига қўл кўтариши, куч ишлатиши таълим сифатига қанчалик керак ёки таъсири бор? Таълими ривожланган ғарб мамлакатларида бу масалага қандай қаралади?

Улуғбек Қосимхўжаев:

— Ўша қаттиққўллик билан нимага эришдик? Ривожланиб кетганимиз йўқ илм-фанда. Хорижий давлатлар тажрибасини ўрганганмиз. Финландия таълим тизимида ўқитувчи болага қўл кўтариши хаёлга ҳам келадиган нарса эмас. Ўқитувчи куч билан, босим билан ушлаб туриши керак эмас. Ундан кўра, боланинг ичидаги қобилиятини, хоҳиш-иродасини чиқариши керак. Мактабдаги бир нечта безори болани деб қолган ўқувчилар ҳам қийналиши керак эмас. Умуман, ўша безори болаларга ҳам қандайдир таъсир ўтказиш имконияти бўлади.

Баҳодир Ғаниев:

— Юқорида таъсир механизми деганимда, болаларни қанақадир ҳуқуқ органларига рўбарў қилишни назарда тутганим йўқ. Айтмоқчиманки, болалар ичида ўқитувчига қулоқ солмайдиган, дарсга халақит берадиган ўқувчиларга таъсир механизми бўлиши шарт. Бунда жисмоний куч ишлатиш бўлиши керак эмас, мутлақо тўғри келмайди. Ҳозирги ҳолатда бошқа механизм бўлганда эди, ўша куч ишлатаётган ўқитувчилар ҳам шундай қилмас эди. Ҳозир бу ерда мактабдаги эркин билим олиш ҳуқуқи хақида эмас, маълум доирадаги қулоқсиз ўқувчилар ҳақида гап кетяпти.

Масалан, мен 2 йил давомида 3 та ўқувчини четлатдим. Бошқа илож йўқ, чунки таъсир механизм йўқ бошқа. Демократияда сенинг ҳуқуқинг бошқа инсон ҳуқуқи бошланган жойда тўхтайди, деган гап бор. Яъни бундай болаларга таъсир механизми йўқ дегани унинг атрофида ўқиётган болаларнинг ҳуқуқи бузиляпти дегани. Агар ўша четлатилган болаларни олиб қолганимда, қолган болалар тарбияси ҳам бузилишига йўл қўйишим мумкин эди.

Биз хусусий мактаб бўлганимиз учун шартномани бекор қила оламиз, бизнинг таъсир механизм шу. Лекин давлат мактабида бундай механизм йўқ. Профилактика инспекторлари, психологлар бириктирилгандир, лекин улар оддий суҳбатдан у ёғида ўтиши қийин. Ўз ҳуқуқини билмайдиган мактаблар ҳам бор.

Улуғбек Қосимхўжаев: — Хусусий мактаб ҳақида гап кетди юқорида. Лекин республика бўйича 99,8 фоиз бола давлат мактабига боради. Агар шундай жазолаш имкони берилса, кимлардир бундан нотўғри фойдаланиши мумкин. Ўқитувчига катта ваколат берилса, ўша ўқитувчи ҳаммани ўз йўлига бошқариши мумкин. Ўзи 14-17 ёш оралиғида болалар исёнкор бўлади. Кўп нарса ёқмайди уларга. Ота-оналар ҳам бу даврда қийналади.

Гулбаҳор Муродова:

— Қандайдир чегарадан чиққан ўқувчиларни жазолаш ҳақида гапириляпти. Ўша чегаранинг ўзи кўрсатилгани йўқ. Шунинг учун бизнинг мақсад болаларнинг чегарасини назорат қилиш эмас, ўқитиш бўлиши керак. Тўлиқ билимни беролмаймиз фақатгина мактабда. Биз илм йўлини кўрсатамиз, бу эса қўрқмай, очиқ фикрлашдан келиб чиқади. Агар чегаралар қўйсак, боланинг фикрлашини ҳам чегаралаб қўямиз. Бола уйида қандай, мактабда қандай — бу нарса буткул қоронғи бўлади бизга кейин. Биз болани қайтага бемалол гапиришга ўргатишимиз керак. Агар биз болага жисмоний, маънавий таъсир ўтказадиган бўлсак, ўша бола ҳам ўзидан заифларга шундай қилиши мумкин эканини ўргатган бўламиз.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Top