12:21 / 16.03.2023
41072

«Ливерпул» яна бир шармандаликдан қутулиб қолди, аммо кейинги босқичга «Реал» ўтди. ЕЧЛда кун ўйинлари

«Реал» ва «Наполи» жавоб баҳсида ҳам ғалаба қозониб, 1/4 финалнинг сўнгги иштирокчиларига айланди. Бунгача «Бавария», «Бенфика», «Челси», «Милан», «Интер» ва «Манчестер Сити» чоракфинал йўлланмасини қўлга киритганди. 17 март куни кейинги босқичга қуръа ташланади.

Фото: AFP

Мўъжиза рўй бермади, аммо «Сантьяго Бернабеу»даги учрашув меҳмонлар учун муваффақиятли чиқди.

ЕЧЛ. 1/8 финал. 15 март
Жавоб ўйинлари
Реал — Ливерпул 1:0
Гол:
Бензема (79).
Реал – Куртуа, Карваҳал (Васкес, 86), Рюдигер, Милитао, Начо, Модрич (Себалйос, 82), Кроос (Тчуамени, 84), Камавинга, Валверде, Бензема (Родриго, 82), Винисиус (Асенсио, 84).
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Робертсон, Цимикас, Карвалю, Милнер (Окслейд-Чемберлен, 73), Фабиньо, Салоҳ, Жота (Эллиотт, 57), Гакпо, Нунес (Фирмино, 57).
Огоҳлантириш: Цимикас (90+4).
Биринчи ўйин — 5:2.

УЕФАда ақлли қарорлар ҳам қабул қилиб туришади. Сафардаги гол қоидаси бекор қилиниши — шундай қарорлардан бири бўлганди. «Сафардаги гол иккитага ўтиши» формуласи 60 йил муқаддам, клубларнинг Европа миқёсидаги йирик турнирлари бошланган маҳалда долзарб эди. Ўшанда бегона майдондаги ўйинлар чиндан ҳам фавқулодда воқеа бўлган — бегона мамлакат, бегона шаҳар, бегона стадион ва маълумотни энг яхши ҳолатда матбуотдаги қандайдир материалдан олиш мумкин бўлган бегона рақиб. Бундай шароитда сафарда урилган голнинг қиймати чиндан ҳам юқори бўларди. 2020-йилларда, big data ва тотал видеотаҳлиллар даврига келиб буларнинг бари энди долзарб бўлмай қолди.

Бундан ташқари, ёдда тутиш керакки, УЕФА бу қоидани ўз вақтида, икки учрашув якунига кўра ҳисоб тенг бўлиб қолиб, бетараф майдонда учинчи учрашувни ўтказишга тўғри келмаслиги учун жорий этганди (агар икки учрашувда бир хил ҳисоб қайд этилса, ғолиб учинчи учрашувда аниқланган). Ўйиндан кейинги пеналтилар серияси кейинроқ пайдо бўлган.

Ниҳоят бир неча йил олдин Ливерпул Университети вакиллари Дэвид Форрест ҳамда Хуан де Диос Тена томонидан еврокубокларда сафар ва уй ўйинлари борасида қизиқарли тадқиқот ўтказилган ва «Европа оператив тадқиқотлар журнали»да чоп этилган. Ундаги асосий хулосалар The Guardian мақоласида келтирилган.

Олимлар 1960-йиллар ўрталаридан бошлаб 2012/13 йиллар мавсумига қадар бўлиб ўтган икки ўйиндан иборат 6975 қарама-қаршиликни ўрганишган. Маълум бўлишича, 1965/66 йиллар мавсумидан 1981/82 йиллар мавусумига қадар ўтган ўйинларда майдон эгалари биринчи ўйинда 56,2 фоиз ҳолатда ғолиб чиқишган. Аммо 1997/98 йиллар мавсумидан 2012/13 йиллар мавсумига қадар бўлган оралиқда бу кўрсаткич 46,1 фоизга қадар тушган. Бу эса технологиялар ривожланиши билан жамоалар учун сафар ўйинлари осонроқ бўлиб боргани ҳақидаги тезисни тасдиқлайди.

Гап шундаки, агар сафардаги гол қоидаси ҳозир ҳам амалда бўлганида «Реал» ва «Ливерпул»нинг «Энфилд»даги 2:5 ҳисобидан кейинги жавоб ўйини қуруқ расмиятчиликка айланган бўларди: қизиллар чоракфиналга чиқиш учун 4 гол фарқи билан ғалаба қозониши талаб этиларди (назарий жиҳатдан 6:3 ёки 7:4 ва ҳоказолар ҳам) ва бунга эришиш жуда мушкул вазифа эди. Ҳозирги ҳолатда эса Юрген Клопп жамоаси ўйинни овертаймларга ўтказиб, барчасини қайтадан бошлаш учун 3:0 ҳисобида ғалаба қозониши етарли эди ва бу реал кўринади.

Бир томондан «3:0 ҳисоби етарли» атамаси анча ғалати кўринади — ахир гап «Реал»га қарши сафар ўйини ҳақида бормоқда. Бошқа томондан, бошқадан бўлмаса ҳам «Ливерпул»дан ҳар нарсани кутиш мумкин эди: Истанбул-2005, Европа лигасида 2015/16 йиллар мавсумида «Боруссия»га қарши ўйинда 1:3 ҳисоби бир бўлим ичида 4:3 кўринишига келтирилгани, 2019 йилда «Барселона»га қарши буюк ўйинни эслаш мумкин. Бундан ташқари, интрига ва томоша истаганлар «Қироллик клуби» 2018 йилда Туринда 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб қайтгач, уйдаги жавоб ўйинида «Ювентус»га жавоб голини фақат қўшимча дақиқаларда пеналтидан уриб қутулиб қолганини (1:3) ёдга олиши мумкин эди. Бир йил муқаддам «Челси» ҳам «Стэмфорд Бриж»даги 1:3 ҳисобидан кейин Мадриддаги ўйинда керакли ҳисобда ғалаба қозонишига бир бахя қолганди (0:3 ҳисоби ўйин охирида 2:3 кўринишига келтирилганди).

Қизиллар узоқ вақт давомида интригани сақлаб туришди. Бу кўп жиҳатдан Алиссон хизмати эди, у дастлабки йигирма дақиқаликда иккита ақл бовар қилмас сейв амалга оширди, аввалига Винисиуснинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарди (бу ўринда, катта эҳтимол билан, ҳужум бошланишида Тони Кроосда кичик офсайд бор эди), кейин эса Эдуар Камавинганинг зарбаси Жеймс Милнерга тегиб, рикошет бўлиб келганида тўпни дарвоза тўсинига кўтариб юборишга улгурди. Тахминан шу позициядан Лука Модрич (тўп бироз юқорироқдан ўтиб кетди) ва Кроос ҳам (Алиссон тўпни ушлаб олди) ҳам хавфли зарбалар берди.

Вақт ўтган сайин «Ливерпул» майдон марказини бой бераётгани ойдинлашди. Бу Клопп танлаган схема билан изоҳланади: меҳмонлар ҳимояланишда 4-2-3-1 бўйича сафланди (Милнер ва Фабиньо жуфтлиги таянч ҳимоясида, Диого Жота улардан олдинроқда). Аммо португалиялик футболчи ҳимоявий ишларни уддалай олмаслиги кўриниб қолди ва қаймоқранглилар кўп ҳолларда тўпни бу ҳудудда осонлик билан ҳаракатлантиришди. Бўлим ўрталарида меҳмонлар ҳимояланишда ўзларига анча таниш бўлган 4-3-3 схемасида тизилди, бунда Коди Гакпо орқароққа қайтди, Жота эса ҳужум марказида қолди.

Қайта жойлашув иш берди. Ўз дарвозаси яқинидаги хавфли вазиятларга қарамай, «Ливерпул» стартда ҳам умидсиз кўринмаётганди, футболчилар жойлашувини ўзгартирганидан кейин эса барча чизиқларда, жумладан ҳужумда ҳам тартиблироқ ҳаракатланишди. Бу мантиқий — агар жамоа тўғри ҳимояланса, ҳужумга чиқиш ҳам осонроқ бўлади. Натижада Тибо Куртуа Дарвин Нуньес ва Гакпонинг хавфли зарбаларидан кейин ўзини кўрсатишига тўғри келди.

Танаффусга қадар 0:0 ҳисоби сақланиб қолиши «Ливерпул»ни чоракфиналга яқинлаштира олмасди, аммо ўйиннинг ўзи алоҳида ҳолатда ёқимли таассурот қолдирди: икки юқори савияли жамоа сифатли футбол намойиш этиб беришди.

Бундай таассурот иккинчи бўлимда ҳам йўқолиб қолмади. Ҳа, дақиқа ўтган сайин «Ливерпул»нинг кейинги раундга ўтиш имкониятлари камайиб борди, аммо томошабин бу ҳақда ўйлагиси келмасди. Ўйин турнир контекстини унуттирган ҳолда, қизиқарли кечишда давом этди, икки томонда ҳам мунтазам равишда вазиятлар пайдо бўлди. Бундай вазиятлар кўпроқ «Реал»да бўлди, Феде Вальверденинг ўзи икки яхши имкониятдан фойдалана олмади. Улардан бири Трентнинг қанотидан ҳужум қилган Модрич томонидан ташкиллаштирилди, унинг тўпни ҳимоячидан ўтказишининг ўзи — мухлислар ёдида қоладиган вазият бўлди.

«Реал»нинг ўйин охирида урилган голли ҳужуми чиройини эса рикошетлар серияси бузиб қўйди, шу билан бирга, бу рикошетлар Винисиус ва Бенземанинг фойдасига бўлди. Лекин бу ҳужумда Камавинганинг жарима майдонига кесиб ташлаган узатмаси яхши ва ўйланган ҳаракат эди.

«Ливерпул» уч ҳафта олдингидан яхшироқ ўйнади, аммо барибир мағлубиятга учради ва бу мавсумни совринсиз якунлаши расман тасдиқланди. «Реал»ни эса якшанба куни «Барселона»га қарши класико кутмоқда — бу ла лигада чемпионлик интригасини жонлантириш учун сўнгги имкон бўлиши мумкин.

Наполи — Айнтрахт 3:0
Голлар:
Осимҳен (45+2, 53), Зелиньски (64, пенальти).
Наполи – Мерет, Ди Лоренцо, Рраҳмани, Ким Мин Чжэ (Жезус, 66), Руй, Лоботка, Зелиньски (Ндомбеле, 74), Замбо-Ангисса, Политано (Лосано, 67), Осимҳен (Симеоне, 81), Кварацхелия (Элмаз, 74).
Айнтрахт – Трапп, Бута, Ндика, Тута, Ленц (Макс, 67), Гётце, Роде (Якич, 74), Соу, Камада, Борре, Кнауфф (Алиду, 62).
Огоҳлантиришлар: Ндика (26), Ленц (32), Гётце (65), Жезус (77).
Биринчи ўйин — 2:0.

Мавзу
Европа Чемпионлар Лигаси
12 сентябрдан Европа Чемпионлар Лигасида янги мавсум старт олди. 8 гуруҳда 4тадан жамоа кузги баҳсларга киришди.
Барчаси
Top