09:23 / 25.03.2023
6495

Дания Nord Stream'га «Шимолий оқим» ёнида топилган объектни кўтаришни таклиф қилди

Дания катта эҳтимол билан денгиз белгиси (сувда саёзлик, йўлни кўрсатадиган қалқович белги) топилди, деб ҳисоблаяпти. Аммо гипотезани тасдиқлаш учун Nord Stream 2 AG компанияси операцияда иштирок этишга таклиф қилинди.

Фото: Reuters

Дания энергетика агентлиги (DEA) портлаган «Шимолий оқим-2» газ қувури яқинида номаълум объект топилгани ҳақида хабар берди ва Nord Stream 2 AG компаниясини уни сувостидан кўтариш операциясида иштирок этишга таклиф қилди. Бу ҳақда DEA сайтида 23 март, пайшанба куни хабар берилди.

Топилган буюм цилиндрсимон шаклга эга, унинг баландлиги тахминан 40 см, диаметри эса - 10 см. Агентлик уни денгиз қалқович белгиси бўлиши мумкин деб ҳисобламоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, у «хавфсизликка бевосита таҳдид солмайди». «Объектнинг моҳиятини янада ойдинлаштириш мақсадида Дания ҳукумати уни Дания Мудофаа вазирлиги кўмагида кўтаришга қарор қилди. Шу муносабат билан Дания энергетика агентлиги Nord Stream 2 AG газ қувури эгасини олишга операцияда қатнашишга таклиф қилди», - дейилади регулятор баёнотида. «Газпром» Nord Stream AG капиталида 51 фоизни назорат қилади.

Ҳозирча компаниядан жавоб олинмаган. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков сўровни изоҳлаб: «Қувур эгасининг терговнинг жуда муҳим босқичларида иштирок этишга таклиф қилингани шубҳасиз ижобий янгилик», деди.

Март ойи ўрталарида Россия президенти Владимир Путин «Газпром» кемаси портлаш жойидан 30 км узоқликда, «Шимолий оқим» қувури яқинида номаълум объект топгани ҳақида маълум қилган эди. Путин уни «устун» деб атади ва у «портловчи мосламани ишга тушириш сигналини қабул қилиш учун антенна» бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

«Биз Дания расмийларидан мустақил равишда ёки улар билан биргаликда, тўғрироғи, шундай чуқурликда ишлай оладиган экспертлар ва портловчи моддалар мутахассисларидан иборат халқаро гуруҳ тузиб, керакли тадқиқотларни ўтказиш учун рухсат олмоқчимиз. Портловчи қурилма, агар мавжуд бўлса, албатта, зарарсизлантирилиши лозим», деди Путин. У Дания расмийлари Россиянинг сўровини қабул қилиб, жавоб қайтаришга ваъда берганини қўшимча қилиб ўтди.

2022 йил 26 сентябрда «Шимолий оқим»нинг иккита тармоғида, кейин эса «Шимолий оқим-2»да жами тўртта сизиб чиқиш жойи аниқланган. Бунгача Швеция ва Даниядаги сейсмологик станциялар худди шу ҳудудда кучли сувости портлашларини қайд этган.

Германия, Дания ва Швецияда ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда. Портлаш сабаблари ҳақида ҳали ишончли маълумотлар йўқ.

Top