22:17 / 01.04.2023
45899

Хоразмдаги жинсий жиноятлар: Ҳукм устидан бирорта ҳам давлат идораси шикоят қилмаган

Давлат қарамоғидаги ёш қизларнинг давлат амалдорлари томонидан жинсий алоқага мажбурланиши, суд эса айбдорларга “шунчаки тунда уйингда ўтирсанг бўлди” қабилида жазо тайинлагани резонансга сабаб бўлмоқда. Суд ҳукми устидан на прокуратура ва на болалар омбудсмани шикоят қилган. Ҳолат юзасидан олтита давлат идораси муносабат билдирди, фақат прокуратура ҳозирча сукут сақламоқда.

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган уч нафар тарбияланувчиси ойлар давомида жинсий алоқага мажбурлаб келингани ва жиноятчиларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани жамоатчиликни жунбишга келтирди. Расмий идоралар ҳодиса юзасидан баёнотлар билан чиқмоқда.

“Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмаган”

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов аввалроқ Kun.uz сўровига жавобан иш ёпиқ судда кўрилганини важ қилиб, тафсилотлар очиқланмаслиги, қонун бунга йўл қўймаслигини билдирган эди. Лекин у воқеа ижтимоий тармоқларда катта резонанс бериши ортидан расмий маълумот эълон қилди.

Маълум бўлишича, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмига кўра:

Ю.Х. (1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган) Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

А.М. (1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва А.Қ. (1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ойдан муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Маълум бўлишича, иш бўйича апелляция шикояти айблов томонидан эмас, уч нафар айбланувчи томонидан киритилган. Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига кўра, биринчи инстанция суди тайинлаган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.

Азиз Обидов Олий судга кассация тартибида протест ёки шикоят келиб тушмаганини билдирди.

“Ушбу жиноят иши Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кассация тартибида кўрилгандагина юқоридаги суд қарорининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослилигига ҳуқуқий баҳо берилиши маълум қилинади”, – дейилади олий маҳкама баёнотида.

Болалар омбудсмани

Олий суд ахборотидан аён бўладики, давлат қарамоғидаги ёш қизларнинг жинсий алоқага мажбурланиши ва айбдорларга жамоатчилик наздида ўта енгил жазо берилгани факти юзасидан прокуратура ҳам, болалар омбудсмани ҳам на вилоят судига, на Олий судга шикоят қилмаган.

Ваҳоланки, болалар омбудсманига боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилиш, боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш ваколатлари берилган.

Болалар омбудсмани Алия Юнусованинг матбуот котиби Фотима Мадраҳимованинг ахборотидан келиб чиқилса, ҳолат эндигина назоратга олинган.

“Болалар Омбудсмани болаларга нисбатан қўлланадиган ҳар қандай жинсий жиноятларга оғир жазо турларини қўллаш керак деган позицияда.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳолатни назоратига олди ва ишга оид барча ҳужжатларни ўрганмоқда”, – дея маълум қилди Мадраҳимова.

Адлия вазирлиги

Адлия вазири Акбар Тошқуловнинг матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг баёнотида тизимдаги раҳбар-ходимнинг жиноий ҳаракати вазирликка маълум бўлган вақтидаёқ у лавозимидан озод этилгани айтилади.

“Адлия вазирлиги тизимида ишлаётган ходимларнинг, хусусан, раҳбарларнинг давлат хизматчиси обрўйига путур етказиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракат содир этишдан тийилиши, уларнинг жамиятда ўрнатилган ахлоқ нормаларига риоя қилиши юзасидан мунтазам чоралар кўриб боради. Шу билан бирга, кўп минг сонли ходимларнинг ҳар бирининг ишдан ташқари вақтда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш имконияти чекланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда қайд этилган вазирлик ҳудудий бошқармаси раҳбарининг на қонунларга, на ахлоқ ва қадриятларга мос келмайдиган ҳаракатлари бизни чуқур ларзага солди. Ушбу жиноий ҳаракат ҳақида бизга маълум бўлган вақтидаёқ у лавозимидан озод этилган. Унга нисбатан тегишли суд ҳукми чиқарилиб, жиноий жавобгарликка тортилган.

Қонунчиликка кўра, судлар ўз фаолиятини давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларидан мустақил равишда олиб боради, ўз ҳукм-қарорларини мустақил равишда чиқаради. Шу сабабли Адлия вазирлиги собиқ ходимга нисбатан суд ҳукмини шарҳлаш ваколатига эга эмас”, дейилади баёнотда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Янгиариқ тумани ФВБнинг собиқ бошлиғи меҳрибонлик уйида вояга етмаган қиз билан жинсий алоқада бўлгани факти юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муносабатида шундай дейилади:

“Таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда ушбу ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Унинг кейинги тақдири билан ваколатли органлар шуғулланган”.

Президент администрацияси

Ҳолатга Президент администрацияси мулозимлари Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева ҳам муносабат билдирди.

“Педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш вақти келди!” – дея ёзди Администрация раҳбарининг ўринбосари Комил Алламжонов.

Унинг сўзларига кўра, кимёвий кастрация жазоси дунё тажрибасида, хусусан Қозоғистон, Украина, Германия, Норвегия, Швеция, Дания, Исроил, Жанубий Корея, Франция, АҚШ ва бошқа давлатларда бор. “Уларда бор экан бу жазо. Хитой, Лотин Америкаси давлатлари, Саудия Арабистони ва Эронда биратўла ўлдириб юборилар экан”, – деди у.

Президент администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шуъба мудири Саида Мирзиёева Бош прокуратурадан ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради.

“Хоразмда юз берган фожиа жамиятда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу ҳолат қонунчилигимизда жиддий муаммолар борлиги ва ушбу бўшлиқдан жирканч шахслар фойдаланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Воқеа иштирокчилари орасида ҳуқуқ идораси вакиллари ҳам борлиги эса ниҳоятда хавотирлидир.

Бош прокуратурадан мазкур ҳолатга алоҳида эътибор қаратиб, синчиклаб ўрганишни ва ҳуқуқий баҳо беришни сўрайман.

Биз мавжуд қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштириш, турли “лазейка”ларни ёпиш, оилавий зўравонлик бўйича қонунни қабул қилишни тезлаштиришимиз зарур. Мазкур қонун лойиҳаси аёллар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган”, деди Мирзиёева.

Сенат

Сенат раиси Танзила Норбоева бундай жиноятларга давлат ва жамиятнинг жавоби муросасиз бўлиши шартлигини билдирди.

“Вояга етмаганларга нисбатан содир этилган бундай тубан жиноятларга давлатнинг, жамиятнинг қатъий ва муросасиз жавоби бўлиши шарт.

Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонунимизда мазкур тоифадаги жиноятлар учун жазонинг жиддий кучайтирилаётганлиги айнан шунинг учун ҳам ниҳоятда муҳимдир”, – деди Норбоева.

Top