13:01 / 04.04.2023
12129
Реклама

Тошкент давлат стоматология институтида янги талабалар турар жойи очилди

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида олий таълим муассасаларида қабул квоталари оширилмоқда. Бу ўз навбатида талабаларнинг турар жойларга бўлган эҳтиёжи ошишига сабаб бўлмоқда. Шу сабабдан барча вазирлик ва идоралар томонидан 2022–2023 ўқув йилининг илк кунлариданоқ олийгоҳлар талабалари учун қулай ва сифатли турар жойлар билан таъминлашга асосий эътибор қаратилди.

Тиббий олий таълим муассасалари талабаларининг ижтимоий аҳволи, уларнинг муаммоларини бевосита ҳал этиш, маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар самарадорлигини янада ошириш бир қатор Давлат дастурларида белгиланди.

2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш, барча қулайликларга эга бўлган замонавий талабалар турар жойларини қуриш учун қўшимча шароитлар яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, олий таълим муассасалари талабалари учун янги замонавий турар жойлар барпо этилмоқда ва фойдаланиш учун талабалар ихтиёрига топширилмоқда

Жумладан, навбатдаги талабалар турар жойи биноси Тошкент давлат стоматология институти томонидан фойдаланишга топширилди.

Жорий йил 3 апрель куни тантанали очилиш маросими ташкил этилиб,  турар жой биноси Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.Ш.Иноятов ҳамда институт ректори Н.Қ.Хайдаров томонидан рамзий очилиб, талабалар ихтиёрига топширилди. Тадбирда институт профессор – ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Ушбу турар жой биноси Ўзбекистон Республикаси янги Конституцияси бўйича референдум арафасида фойдаланишга топширилиши институт талаблари ва жамоаси учун қўшалоқ байрамга айланди.

Тошкент давлат стоматология институти ва тадбиркорлар билан ўзаро ҳамкорлик маҳсули сифатида қад ростлаган талабалар турар жойи мажмуаси 400 ўринга мўлжалланган. Талабалар бўш вақтини мазмунли ўтказиши, мароқли дам олиши учун бу ерда барча зарур шароитлар яратилган.

Турар жой биноси замонавий ахборот технологиялари, компьютер хоналари, ахборот-ресурс маркази, санъатга қизиқувчи ёшлар учун чолғу асбоблари билан таьминланган, шу билан бирга, дам олиш ва маиший хоналари мавжуд.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, талабалар турар жойига биринчи навбатда олис вилоятлар ҳамда туманлардан қатнаб ўқийдиган кам таъминланган, етим, боқувчисидан айрилган, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандлари жойлаштирилади.

Мазкур турар жойнинг фойдаланишга топширилиши натижасида институт талабалари учун ётоқхоналар сони 2 тага етди ва 2024 йилда яна 1 та 400 ўринли бино фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бир қаторда, мазкур бино қуёш панели ва газ – кўмир котёли билан ишлашга мўлжалланган.

Маьлумот ўрнида таъкидлаш жоизки, республика тиббиёт олий таълим муассасалари орасида Тошкент давлат стоматология институти ўз ўрнига эга бўлиб, республикада ОТМ орасида биринчи бўлиб Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси аккредитациясидан ўтган. Институт бошқарув тизими халқаро ISO сертификати билан тасдиқланган. 2023 йилда эса THE рейтингда “Репортёр” мақомига эга бўлди.

Бугунги кунда институтда 5,700дан ортиқ талаба таълим олмоқда. Ўқув дастурлари ва жараёни илғор хорижий таълим муассасалари тажрибаси асосида такомиллаштирилган. Педагоглар жамоаси 450 нафарни ташкил этиб, улардан 60 нафари Европа, Осиё, Корея ва Ҳиндистон таълим муассасалари профессорларидир. Илмий салоҳият 70,2% ни ташкил этмоқда.

Халқаро майдонда ҳам Тошкент давлат стоматология институти ўз мавқейига эга бўлиб, 21 давлатнинг 120 ортиқ ОТМ ва илмий марказлари: ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Институт биринчилардан бўлиб 3D-технологияларга асосланган симуляцион марказ, Финландия университети билан илмий-амалий журнал чоп этилиши, илмий-амалий грантлар асосида стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги соҳасида хорижий ҳамкорлар билан эришилаётган ютуқлари диққатга сазовордир.

Институт раҳбарияти томонидан олиб борилаётган мана шундай ишлар мазкур масалага давлат ва ҳукумат даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганлигидан дарак беради. Буларнинг барчаси ёш авлоднинг муносиб шарт-шароитларда таълим-тарбия олишига қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Стоматология хизматининг давлат талаблари ва халқаро ҳамжамият томонидан тан олинган замонавий тенденциялар асосида ташкил этилиши, институт талабалари, ушбу шароитларда ўз билим ва кўникмаларини пухта эгаллаб, юртимиздаги туб ислоҳот жараёнларини янги босқичга кўтаришга, кўп миллатли халқимизни янада бирлаштирадиган, юксак марраларга сафарбар этадиган беқиёс кучга айланадилар.

Top