11:32 / 07.04.2023
17495

“2017 йили президентимиз 192 та 7-қаватли уй қурамиз деганида мазамиз қочганди” — Козим Тўлаганов

6 апрель куни Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги “Олмос” турар жой мажмуасида “Конституция – ўзимизники” тарғибот тадбири бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, қурилиш соҳаси фахрийси Козим Тўлаганов 3 йил ичида Сергелида 440 та “дом” қурилиб, 18 минг аҳоли уйли бўлганини эслади.

Козим Тўлаганов / Видеодан кадр

Тадбирда сўзга чиққан Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, қурилиш соҳаси фахрийси Козим Тўлаганов одамларга қулайлик яратиб бериш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш, қурувчиларнинг меҳнат ва ижтимоий шарт-шароитларини яхшилаш масалаларида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

“2017 йилда президентимиз 192 та 7-қаватли уй қурамиз деганида бизнинг мазамиз қочганди. Сабаби, ўша вақтда шунча кранимиз бўлмаган, қурилиш ташкилотлари кам, заводларимиз ишдан чиққанди. Ўша даврда тадбиркорларга кўрсатилган кўмак туфайли бутун қурилиш соҳасида катта ўзгаришлар юз берди. Ўша даврда республика бўйича 2 мингга яқин қурилиш ташкилоти бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 47 мингга етди.

Кўпчилик қурилиш ташкилотлари билан бирга Сергелида турар жой қуришни бошлагандик ўшанда. 3 йилда 440 та кўп қаватли уй қурдик, 18 500 аҳоли кўчиб ўтди. Ёки яна бир рақамга эътибор қаратинг: 1991 йилдан 2016 йил охиригача Тошкент шаҳрида бор-йўғи 12 млн квадрат метр уй-жой қурилган. Охирги 5 йилда эса 6 млн квадрат метрдан кўп уй-жой қурилди.

“Тошкент Сити”ни олайлик. Ўша ерга кўп бора қурилиш қилмоқчи бўлганмиз. Бироқ тупроқ асосининг бўшлигини инобатга олиб, қўлимиз бормаганди. Мана, ўша ерда замонавий шаҳарча бунёд этилди. Ким ўйлаганди бу нарса бўлади деб? Бугун нафақат қурилиш ташкилотлари, уларга берилган имтиёзлар туфайли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ҳам жуда катта ўзгаришлар бўлди.

Ҳозирда нафақат Тошкент, республиканинг барча ҳудудларида бўлаётган ишларни кўриб, одамнинг кўнгли қувнайди, дили яйрайди”, — дея таъкидлади Козим Тўлаганов.

Пойтахтнинг собиқ ҳокими референдумда оилавий иштирок этишини билдириб, жамоатчиликни ҳам конституциявий ислоҳотларга бефарқ бўлмасликка чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Козим Тўлаганов 1997-2001 йилларда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимида ишлаганди.

Top