19:44 / 13.04.2023
41720

«Қиймаланган гўшт» операцияси. Иттифоқчилар дезинформация орқали Ҳитлерни қандай алдаганди?

Фото: Kun.uz

Шу кунларда АҚШ махсус хизматларининг Украинадаги уруш ва баъзи бошқа соҳаларга доир разведка маълумотлари ижтимоий тармоқларга сиздирилди. Кўпчилик буни махсус дезинформация операцияси деб тахмин қилмоқда.

АҚШ ва Буюк Британия бу борада катта тажрибага эга. Чунончи, тарихдаги энг йирик ва муҳим дезинформация операцияси 1943 йилда, АҚШ ва Буюк Британия ҳарбийлари томонидан ўтказилган эди. Бу операция оқибатида Иккинчи жаҳон урушида бурилиш ясаган воқеалардан бири — Италиянинг таслим бўлиши тезлашганди.

1943 йил

1943 йилга келиб АҚШ – Буюк Британия – СССР иттифоқи фашистик давлатлар блокига қараганда кўпроқ устунликка эриша бошлади. Ўша йилнинг феврал ойида Сталинград қамали тугади ва Германия қақшатқич зарбани қабул қилди. Немис генерал-фелдмаршали Фридрих Паулюс асирга олинди.

Сталинград жанги қатнашчилари

Бу пайтда АҚШ ва Буюк Британия бирлашган кучлари Шимолий Африкада муваффақиятга эришди ва немисларни Африкадан қувиб чиқарди. Эндиликда иккинчи фронт очиш учун ҳарбий ҳаракатларни Европага кўчириш керак эди. Лондон ва Вашингтондагилар 1944 йилгача Ла-Манш орқали Францияга қўшин тушириш мумкин эмас деб ҳисобларди.

Уларда иккита вариант бор эди: биринчиси – Италиянинг Сицилия оролини эгаллаш ва Ўрта Ер денгизи назоратини тўлиқ қўлга олиш, иккинчиси – Греция ва Болқон яриморолига қўшин тушириб, СССР билан биргаликда Болқондаги Германия армиясини қуршовга олиб, Германияни Болқондаги муҳим хомашё манбаларидан узиб қўйиш.

Ўша пайтда кўпчилик иттифоқчилар Сицилияга қўшин туширишини тахмин қиларди, чунки орол десант ташлаш учун анча қулай ва яқинроқ эди. 1943 йил Марокашнинг Касабланка шаҳрида ўтказилган конференцияда Сицилияга ҳужум қилиш варианти танлангач, Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл «Нишон Сицилия бўлишини аҳмоқлардан бошқа ҳамма билади» дея киноя қилади.

Ҳитлер Болқон қўлдан кетса, у ердаги немис армияси учун муҳим бўлган мис, боксит, хром ва нефтдан айрилишдан хавотирда эди. Шунинг учун фашистик гуруҳда бу борада икки хил қараш пайдо бўлади. Италия раҳбари Муссолини ҳужум Сицилияга бўлишига амин эди ва Ҳитлердан ҳимоя учун оролга қўшимча дивизиялар ташлашни сўрайди. Аммо Ҳитлер қарор қабул қилишга иккиланади.

Иттифоқчилар айнан шу вазиятдан фойдаланиб қолишга қарор қилади. Улар Ҳитлерни ҳужум Болқон ва Грецияга бўлишига ишонтириш учун махсус дезинформация операциясини ўтказади.

Манёврлар. Barclay операцияси

Иттифоқчи кучлар Германия бош штабини алдаш учун манёврлар ўтказишни бошлайди. Бу ҳаракатлар Barclay операцияси деб номланади.

Иттифоқчи кучларнинг асосий зарбаси Болқон йўналишида бўлишини исботлаш учун инглизлар Barclay операцияси доирасида Мисрда ўн иккита дивизиядан иборат сохта 12 армияни яратади. Ҳужум Грецияга бўлиши ва у яқинлашаётганига немисларни ишонтириш учун Британиянинг Махсус операциялар бошқармаси юнон партизанлари билан биргаликда Грециядаги темирйўл ва автомобил йўллари тармоқларига бир неча қўпорувчилик ҳужумлари уюштиради.

Шунингдек, инглизлар немислар кузатиши учун сохта қўшинлар ҳаракати ва радиоалоқаларни ҳам ташкил этади.

1943 йилги ҳолат

«Қиймаланган гўшт»

Аммо немисларни ишонтириш учун каттароқ, жиддийроқ иш қилиш керак эди.

1939 йил Буюк Британия денгиз-ҳарбий разведкаси бошқармаси раҳбари Жон Годфри турли ҳарбий найранглар баён этилган махфий «Фореллар ҳақида эслатма» ҳисоботини ёзади. Бироқ кўпчилик бу ҳисоботнинг тузувчиси аслида Годфрининг ёрдамчиси, Жеймс Бонд ҳақидаги романлари муаллифи Ян Флеминг эканини таъкидлайди.

Айнан мана шу ҳисоботда «зобит кийими кийдирилган мурдани нотўғри маълумотлар билан душманга юбориш» ғояси илк бор тилга олинади.

1942 йилда Британиядан Гибралтарга учаётган самолёт ҳалокатга учрайди ва ундаги француз жосуси Жеймс Тёрнер муҳим махфий маълумотлар билан бирга Испаниянинг Кадис шаҳри қирғоқларига оқиб келади. Испанлар жасадни топиб олади ва кейинроқ Британияга қайтаради. Бироқ инглиз разведкаси Испания бетараф позицияда бўлишига қарамай, Ҳитлер Германияси билан ҳамкорлик қилгани ва Тёрнердаги маълумотларни Берлинга тақдим этганини аниқлайди. Бу Британияга испанлар немисларга маълумот етказаётганини билишга имкон беради.

1942 йил октябрда Британиянинг ички аксилразведка ва хавфсизлик хизмати бўлмиш MI5 ходими, Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари парвоз лейтенанти Чарлз Челмонделей Годфрининг ҳисоботи ва француз жосуси тақдиридан келиб чиқиб, махсус дезинформация операцияси режасини тузиб чиқади.

Чарлз Челмонделей ва Ивен Монтегю

Британия қўмондонлиги режани кўриб чиқиб, уни мукаммаллаштириш учун Челмонделейга Қироллик денгиз разведкаси ходими Ивен Монтегюни бириктиради. Челмонделей ва Монтегю бир неча ой давомида махсус операциянинг батафсил режасини ишлаб чиқади. Режага кўра, операция учун мос жасад топилиши, унга Қироллик денгиз пиёдалари кийими кийдирилиши ва авиаҳалокат натижасида қурбон бўлганини тасдиқловчи белгилар қўйилиши ҳамда Испания қирғоқларига оқизилиши керак эди.

Аммо бу осон эмасди. Уруш даврида қаровсиз жасадларни топиш қийин бўлган, кўпчиликнинг қариндошлари мурдаларни талаб қилган. Шу боис, операцияга мос жасадни топиш анча вақт олган ва ниҳоят 1943 йил январ ойида ўзини заҳарлаб ўлдирган одам мурдаси топилган.

Немис ҳарбийларида шубҳа пайдо қилмаслик мақсадида жасад учун хаёлий ҳикоя тўқилади. Унга кўра, жасад Қироллик денгиз пиёдалари капитани (майор вазифасини бажарувчи), Бирлашган операциялар штаби ходими Уилям Мартинга айланади.

Мартиннинг ҳақиқийлигини янада кучайтириш учун унинг чўнтакларига турли буюмлар солиб қўйилади. Улар орасида унинг тўқима рафиқаси Пемнинг ҳам сурати бор эди, аслида эса суратдаги аёл MI5 агенти Жин Лесли бўлган. Шунингдек, бошқа нарсалар қаторида, Пемнинг иккита ишқий мактуби ва Лондондаги Бонд-стритдан олинган узук квитанцияси ҳам жасад чўнтагига жойлаштирилган. Мартиннинг ҳарбий гувоҳномасидаги сурат эса мурдага ўхшовчи MI5 агенти Ронни Риднинг сурати эди.

Жасаддаги асосий ҳужжат Британия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ўринбосари, ушбу операциядан хабардор генерал-лейтенант сэр Арчибалд Най Жазоир ва Тунисдаги генерал Эйзенхауэр қўмондонлиги остидаги Британия ва АҚШнинг 18-қўшма армияси гуруҳи қўмондони сер Ҳаролд Александрга ёзган шахсий хат эди.

Мактубда турли қўшимча маълумотлар билан бирга, немислар ўқиши учун муҳим махфий маълумот ҳам мавжуд эди: «Бизда сўнгги пайтларда “бошлар” (boche – немислар) Греция ва Критда ўз мудофаасини кучайтираётгани ва мустаҳкамлаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бош штаб бошлиғи бизнинг кучлар штурм учун етарли эмас деб ҳисоблайди. Штаб раҳбарлари 5 ва 56-дивизияларни кучайтириш керак деган фикрда».

Жасад чўнтагига яна бир хат жойлаштирилади. Бу мактуб вице-адмирал Лорд Маунтбаттеннинг тавсияси эди. Унда Уилям Мартин десант операциялари бўйича эксперт сифатида тилга олинади. Мактубда сардина балиғи ҳақидаги ҳазил бор эди ва бу билан иттифоқчилар Сардиния оролига ҳужум қилмоқчи эканига шама қилинганди.

Ишончлиликни янада ошириш учун Мартиннинг ёнига бошқа муҳим бўлмаган ҳисоботлар солинган портфел ҳам жойлаштирилади. Портфел жасад сувга ташланганда оқиб кетмаслиги учун мурданинг камарига боғлаб қўйилади.

Барчаси тайёр бўлгач, 1943 йил 19 апрел куни “Уилям Мартин” жасади Ғарбий Шотландия қирғоқларида Seraph сувости кемасига юкланади. Жасадни бошқачасига Испания қирғоқларига етказиш имконсиз эди.

Seraph сувости кемаси 30 апрел куни Испаниянинг Кадис кўрфази яқинида жасадни сувга ташлайди. Орадан беш соат ўтиб, мурдани испаниялик балиқчилар топиб олади ва денгиз судьясига етказади. Жасад бу ердан Мадридга юборилади. Испаниядаги Абвер (Германия ҳарбий разведка хизмати) жосуслари мурдада муҳим маълумотлар борлигидан хабар топади ва Испания ҳукуматидан бу маълумотларни Германияга беришни сўрайди. Ҳужжатлардан нусхалар олиниб, яна ўз жойига қайтариб қўйилади ва Британия консулига топширилади.

8 май куни “Уилям Мартин”даги сохта ҳужжатлар нусхалари Ҳитлер столи устида пайдо бўлади. 14 май куни инглизлар немис сигналларини ушлаб, ўқишга эришади ҳамда режа иш берганини тасдиқлайди — Германиянинг жуда махфий сигналларда иттифоқчилар ҳужуми Болқон ва Додеканес оролларига бўлиши айтилганди.

Жасад уч ой давомида музлатгичда сақланганди ва испаниялик шифокорлар бу яқинда авиаҳалокатга учраган учувчи мурдаси эмаслигини билиб қолиши мумкин эди. Шу боис, Британиянинг Испаниядаги вице-элчиси аутопцияда (ўлим сабабини аниқлаш жараёни) шахсан ўзи қатнашади ва шифокорларни чалғитади. Натижада ўлим сабаби сифатида «сувда бўғилиш» кўрсатилади.

Барчаси режа бўйича кетиши учун Британия ҳукумати Испаниядан жасадни беришни сўрайди. Испания жасадни барча ҳужжатлари билан бирга Британия вакилларига қайтаради ва инглизлар уни тантанавор тарзда дафн қилади. Инглизлар мактублар очилиб, нусхаланганини билмасликка олади.

Немисларни янада ишонтириш учун Британиянинг The Times газетасида чоп этилувчи қурбонлар рўйхатига Уилям Мартин номи ҳам киритилади. У самолёт кутилмаганда денгизга қулаши оқибатида вафот этгани қайд этилади.

Операция муваффақияти

АҚШ ва Буюк Британия қўшинлари Сицилияга туширилиши

Ўзи шундоқ ҳам Болқондан хавфсираётган Ҳитлер тасодифан қўлга киритилган «яширин» маълумотлардан сўнг қўшинларни Сицилиядан Греция ва Сардинияга кўчиришни бошлайди. Унинг буйруғи билан тажрибали 1-танк дивизияси Франциядан Грецияга кўчирилади. Сардиниядаги немис аскарлари сони икки бараварга кўпайтирилиб, уларнинг сони 10 мингтага етказилади. Бундан ташқари, мудофаага кўмаклашиши учун бу ерга қирувчи самолётлар ҳам жойлаштирилади.

Болқондаги дивизиялар сони 8 тадан 18 тага кўпайтирилади. Сицилиядаги торпедоли ҳарбий кемалар ҳам Грецияга кўчирилади.

9 июл куни эса АҚШ ва Буюк Британия «Ҳаски» операциясини бошлаб, Сицилия оролига илк бўлинмаларни ташлайди. Бироқ шунда ҳам Ҳитлер асосий ҳужум Болқонга бўлишига ишонади ва ҳатто иттифоқчилар Сицилияга десант ташлаганидан тўрт соат ўтиб, немисларнинг 21 та самолёти Сицилияни тарк этиб, Сардинияга йўл олади.

Ҳитлер шунингдек, 13 июлда СССРдаги иккита танк дивизиясини ҳам Болқонга юборишга тайёргарлик кўришни буюради, бу эса Москва остонасидаги Курскда бўлиб ўтган ҳал қилувчи танклар жанги олдидан немис кучлари заифлашишига сабаб бўлади.

Ҳитлер июл ойи охирига қадар ўз фикрига содиқ қолди ва генерал Эрвин Роммелни мудофаани уюштириш учун Грецияга юборади. Ҳитлер ва немис қўмондонлари алданганликларини билганда эса нимадир қилиш учун кеч бўлганди.

17 август куни Сицилия мудофааси қулайди ва орол иттифоқчилар назорати остига ўтади. Германия қўшинлари Италиянинг материкдаги қисмига қочиб ўтади.

Сицилиянинг қулаши Муссолинининг ҳокимияти ҳам қулашига олиб келади. Сицилия учун жанглар кетаётган пайтда Италия фашизмининг буюк кенгаши Муссолинини ҳокимиятдан четлатишга овоз беради ва эртаси куни «дуче» қамоққа олинади. Янги Италия ҳукумати иттифоқчилар билан яширин музокаралар бошлайди.

Адолф Гитлер ва Бенито Муссолини

Шундай қилиб, «Қиймаланган гўшт» дезинформация операцияси Иккинчи жаҳон урушида сезиларли рол ўйнайди ва ахборот соҳасининг қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Ушбу операция оқибатида Италия амалда Иккинчи жаҳон урушидан чиқади, Курск жанги олдидан СССР учун устунлик яратилади. 

Режа асосчиси Чарлз Челмонделей 1948 йилда Британия империяси Ордени аъзоси этиб тайинланади. Унинг шериги Ивен Монтегю эса Британия империяси Ордени офицери унвони билан мукофотланади.

«Қиймаланган гўшт» операцияси энг муваффақиятли алдов манёврларидан бири сифатида тарихга киради.

Муҳаммадқодир Собиров

Top