15:30 / 26.04.2023
38311

Тўловларни амалга оширишда воситачилик ҳақининг чегаравий миқдори белгиланди

Бенефициари бюджет ва корпоратив буюртмачилар бўлган тўловларни амалга оширишда тўланадиган воситачилик ҳақи (йиғимлар)нинг чегаравий миқдорини белгилаш ҳақидаги қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Фото: Kun.uz

Жисмоний шахслар томонидан президент қарорида кўрсатилган тўловларни амалга оширишда ҳар бир транзакция бўйича тўлов хизматлари учун бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан тўланадиган воситачилик ҳақи (йиғимлар)нинг чегаравий миқдори БҲМнинг 20 фоизи этиб белгиланди.

Қарор 2023 йил 1 майдан кучга киради.

Агар бугунги кунда 200 млн сўмлик суперконтракт учун тўлов амалга оширилаётганда, айрим банклар 1 фоиз (2 млн сўм) ундиришлари мумкин бўлса, 1 майдан комиссия тўлов суммасидан ушлаб қолинади ва 60,6 минг сўмдан ошмайди.

Мазкур тартиб қуйидаги ҳолатларда амал қилади:

  • барча турдаги давлат божлари ва маъмурий жарималар учун тўловлар;
  • давлат хизматлари марказлари томонидан, шу жумладан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун тўловлар;
  • мактабгача таълим ташкилотларига, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасаларига, шунингдек олий ўқув юртидан кейинги таълим, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва соғлиқни сақлаш муассасаларига тўловлар;
  • барча турдаги коммунал хизматлар учун тўловлар;
  • Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ундириладиган суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш учун тўловлар;
  • E-auksion электрон савдо платформаси ва K-Savdo автоматлаштирилган ахборот тизимига тўловлар;
  • авиация, темирйўл ва жамоат транспортининг бошқа турларида саёҳат қилишда чипталар сотиб олиш учун тўловлар.

Келажакда ушбу рўйхатга қўшимча тўлов турлари киритилиши ҳам мумкин.

Маълумот учун, бугунги кунда банк кассаларида коммунал хизматлар учун тўловларни амалга оширишда истеъмолчилардан хизмат учун комиссия ундирилади. Масалан, электр энергияси учун 100 минг сўм тўлашда айрим банклар ва тўлов хизматлари тўловчилардан воситачилик хизматларини ундирган.

Top