13:39 / 27.04.2023
8836

Самарқандда каноэ бўйича Осиё чемпионати давом этмоқда. Ўзбекистон ва Эрон яққол устун

Самарқанд туманидаги сайёҳлик маркази ҳудудида жойлашган эшкак эшиш каналида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида байдарка ва каноэда эшкак эшиш, шунингдек, параканоэ бўйича Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.

Фото: KUN.UZ

Мусобақанинг биринчи кунги натижаларидан кейин ўзбекистонлик ва эронлик спортчилар қолган рақибларидан яққол устунлик қилмоқда.

Биринчи кунги баҳсларда ўзбекистонлик атлетлар 6 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритишди. Бу натижа билан Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида яққол етакчилик қилмоқда. Эронлик спортчи ёшлар эса биринчи кунда 4 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиқишди.

26 апрел кунги баҳсларда 10 та медаллар жамғармаси ўйналди ва уларнинг барчасида биринчи ўрин Ўзбекистон ёки Эрон вакилларига насиб қилди. Ўзбекистон делегациясига учта медални параатлетлар келтирди. Хусусан, 500 метрга ўтказилган пойгаларда Ҳайтмурод Шерқўзиев олтин медал олган бўлса, Тўрабек Назарқулов кумуш медалга эга чиқди. 500 метрга аёллар ўртасида ўтказилган пойгада Шаҳноза Мирзаева иккинчи бўлди.

26 апрел кунги мусобақалар якунидан кейин мусобақа иштирокчиларининг фикрлари билан қизиқдик.

«Аввал ҳам жаҳон кубоги финал босқичларида иштирок этганмиз, Осиё чемпионатларида ғолиб бўлганмиз. Бу натижа мен учун янгилик эмас», деди 500 метр масофага микс йўналишида ғолиб бўлган Хонзода Эркинова.

«Мусобақа бошидан устунлик бизда эди. Мураббийлар кўрсатмасига кўра кучни тежаб, финишга ҳам биринчи бўлиб кириб келдик», деди яна бир ўзбекистонлик чемпион Шоҳжаҳон Муҳаммадиев.

Қозоғистон жамоаси мураббийларидан бири Давлат Султанбеков Самарқанддаги эшкак эшиш канали таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетганини айтди.

«Бу ерга учинчи марта келишим. Аввал икки марта спортчи сифатида келганман. Эсимда, канал атрофи майдонлар эди. Ҳозир жуда ўзгариб кетибди, таний олмай қолдим, худди Европанинг қайсидир давлатидаги мусобақада қатнашаётгандекман. Ўзбекистонлик каноэчи дўстларим учун хурсанд бўлдим, чунки спортчига аввало шуғулланиш учун шароит ва эътибор керак. Ўзбекистонлик дўстларимиз каноэни ташлаб қўймаганларидан хурсандман», деди мураббий.

Самарқандда Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда. Мусобақада 30 апрел кунига қадар медаллар ўйналади.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Top