Ўзбекистон | 15:18 / 05.05.2023
10510
5 дақиқада ўқилади

Иккинчи республика? Ёхуд ҳуқуқларни талаб қилиш ҳақида

Конституциянинг янгиланиши ўзбекистонликларга ўз ҳаққини талаб қилишни ўрганишига туртки бериши керак. Жамият пессимизм, апатия ва бефарқликни тўхтатиб, кичик-кичик бўлса-да ҳамжиҳатлик билан ташланган қадамлар билан сиёсий фаолликка интилиши лозим.

Баъзи демократик давлатларда, жиддий конституциявий ислоҳотлар бўлганида, “янги республика”, “иккинчи республика”, “бешинчи республика” деб номлаш анъаналари бор.

Ҳар сафар жиддий ўзгарган конституцияни – давлатнинг табиати ўзгаришига сабабчи деб кўришади; шу сабабли “янги давлатчилик бошланди”, “республиканинг янги ҳаёти бошланди” деб талқин қилишади.

Мисол учун, Францияда 1958 йилдан кейинги давр “бешинчи республика” ҳисобланади. Ўша йили янги конституция қабул қилинган эди. Ҳозирга қадар давлат ўша конституция асосида фаолият юритади.

Ўтган якшанба, 30 апрел куни Ўзбекистонда янги конституция қабул қилинди. Ҳар бир қабул қилинаётган конституция, ўша даврдаги ҳукмрон сиёсий кучлар ва жамиятдаги қарашлар, қадриятлар ҳамда кучлар нисбатини ифода қилади. Давлатларнинг конституциялари чуқур ўйлаб, ўта демократик руҳда ёзилган бўлиши мумкин, лекин бу конституцияларни талқин қиладиган, ҳаётга татбиқ қиладиган сиёсий куч, синф бўлмаса ёки заиф бўлса, конституциянинг ўзи қадрият ва институт сифатида обрўйини йўқотади.

Ўзбекистоннинг 1992 йилда қабул қилинган конституциясини шартли равишда икки йирик блокка бўлиш мумкин. Биринчиси – қадриятлар қисми. Иккинчиси – ҳокимият ваколатларини тақсимлаш ва давлат институтларининг қудратини белгилаш бўлимлари. Қадриятлар бўлимида, Ўзбекистон ҳар доим инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи, ҳуқуқий-демократик давлат бўлиш мажбуриятини олган. Лекин, ҳокимият ваколатларини тақсимлашга келганда, ўзаро тийиб туриш ва посангилар механизми мувозанатга солинмаган.

Янги конституцияда қадриятлар бўлими янада кенгайтирилди ва кучайтирилди. Конституцияга ҳуқуқий-демократик давлатчиликнинг кўплаб янги ғоялари, институтлари киритилди. Давлат институтлари фаолиятини демократлаштиришда, ҳокимиятларни тақсимлаш ва ўзаро тийиб туриш механизмларини жорий қилишда, Ўзбекистон, тадрижийлик йўлидан кетаяпти.

Ҳар қандай конституцияни 5-6 хил кўринишда талқин қилиш мумкин. Чунки конституцияни англаш ва унга маъно бериш, алалоқибат, сиёсий элитанинг, жамиятнинг сиёсий қарашлари, талқинларига бориб тақалади.

Баъзи ўта демократик давлатларда, ҳаттоки, конституция мавжуд ҳам эмас. Мисол учун, Бирлашган Қироллик (Британия)да конституция йўқ. Ёки, ўта демократик конституциялари бор бўлган ўнлаб авторитар давлатлар бор. Демократик руҳиятда ёзилган конституциялар, агар улар ишламаса, ёки ишлатиш имконияти паст бўлса, бундан фойда йўқ.

Хўш, конституцияларни ким ишлатади, қандай ишлатади? Ким конституцияларни талқин қилади? Жавоб битта – жамиятнинг сиёсий онги, тафаккури. Сиёсий элита, мутафаккирлар, давлат мулозимлари – булар ҳам айнан жамиятнинг маҳсули, жамиятнинг бир бўлаги ҳисобланади.

Ўзбекистон сиёсий тафаккурида, конституция ва ҳокимият борасида, шаклланиб улгурган муҳим қарашлар мавжуд. Бу қарашларнинг тарафдорлари кўп. Аксарият аҳолимиз конституцияни “расмиятгарчилик” деб билади. Бундай қарашлар 10 йилликлар давомида шаклланди. Бу қарашлар учун жамиятни айблаб бўлмайди, албатта.

Лекин сиёсий тафаккур – жуда қизиқ нарса. Бу худди “аввал товуқ пайдо бўлганми ёки тухум?” деган топишмоққа ўхшайди. Агар аксарият “конституция ишламайди”, “бизга ҳеч нарса боғлиқ эмас” деб ўтираверса, албатта шундай бўлади. Агар жамиятнинг фаол қисми “конституциянинг талаби шу!”, “конституцияга кўра, мана бундай бўлиши керак”, “конституциянинг ўзи мана бу тарафга ўзгариши керак” дейишса, реал воқелик ҳам шу томонга қараб ўзгариб боради.

Конституциянинг ишлаши учун, унга бўлган ижтимоий-сиёсий ишонч ошиб бориши керак. Ишончнинг ошиб бориши учун, конституцияни англаш, ундаги қадриятлар ва институтларни англаш керак бўлади.

Ўзбекистонда конституционализм, конституция доирасидаги давлатчилик шакллантириш учун, муттасил нолиш, перманент пессимизм, апатия ва бефарқликдан, интилувчанлик ва фаоллик сари ўтиб бориш керак бўлади.

Аслида, конституцияга бефарқлик – бу жамиятнинг ўзини ўзи жазолаши, демократик-ҳуқуқий давлатчиликка берилган зарба бўлади. Албатта, конституциянинг ўзида ҳам, уни талқин қилишда ҳам, сиёсий вазият доирасида ҳам, зиддиятлар кўп. Лекин, мана шу зиддиятларни ҳуқуқий-демократик давлатчилик фойдасига ўзгартириб бориш учун ҳам, аввало, жамиятнинг интилишлари бирламчи бўлиши керак.

Ўзбекистонда йирик конституциявий ислоҳот юз берди. Бу, Ўзбекистонда “иккинчи республика” бошланишига туртки, янги сиёсий даврга тамал тоши бўла оладими? Бу саволга бир томондан жамиятнинг интилишлари ва сиёсий маданияти, иккинчи томондан эса сиёсий элитанинг тарихий тафаккури жавоб беради.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос 

Мавзуга оид