15:44 / 06.05.2023
11837

Эътибордан четдаги алоқачилар: уларнинг расмий байрами йўқ, унвони эса берилмасдан келяпти

7 май куни радио ихтиро қилинган. Рус физиги Александр Степанович Попов 1895 йилда ихтиросини илк марта намойиш этган. Бу сана қатор давлатларда алоқачилар куни сифатида расман байрам қилиб келинади, лекин негадир Ўзбекистонда эмас. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими» фахрий унвони таъсис этилган 1996 йилдан бери ҳеч кимга берилмаган бўлиши мумкин.

Фото: Lex.uz

СССР даврида, кейинчалик Россияда ҳамда кўплаб постсовет давлатларида 7 май алоқа ходимлари куни сифатида байрам қилинади. Ўзбекистонда эса бу байрам норасмий нишонланади. Шу куни алоқачиларни табриклашади, гуллар, совғалар, фахрий ёрлиқлар беришади.

Ўзбекистонда Қурилиш соҳаси ходимлари куни (август ойининг иккинчи якшанбаси), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни (18 апрел), Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни (декабр ойининг иккинчи якшанбаси), Тиббиёт ходимлари куни (ноябр ойининг иккинчи якшанбаси) байрам сифатида нишонлаш тўғрисида қонунлар қабул қилинди.

Аммо ҳанузгача алоқачилар учун давлат миқёсида белгиланган расмий байрам санаси йўқ.

Бизга маълум бўлишича, рақамли технологиялар вазири Ш.Шерматов соҳадаги алоқачиларни чақириб, фахрий ёрлиқлар билан табриклайди. Лекин бу тадбир барибир кенг доирада нишонланмайди.

2022 йилда АКТ вазирлигида ўтказилган тадбир / Фото: Вазирлик матбуот хизмати

Бу ҳол фонида касаба уюшмаси ходимлари кунига умумхалқ байрами статуси берилаётгани янада ғалати кўринади.

Алоқачилар XXI аср – ахборот асрида энг муҳим касблардан бири ҳисобланади. Телефон ва интернет алоқасини ўрнатишда уларнинг хизматлари беқиёс. Километрлаб кабеллар тортиш, симсиз алоқаларни таъминлашда ҳам улар жонбозлик кўрсатишмоқда. Уяли алоқа компанияларда ҳам минглаб инсонлар ишлашмоқда.

Ҳозир видеоконференцалоқа, GPS алоқаси ёки ҳарбий соҳаларда фойдаланиб келинаётган алоқаларсиз умуман ҳаётимизни тасаввур қилиб бўлмайди. Ёки ички ишлар ва бошқа соҳаларда ҳам алоқачилар ишлаб юришибди: камералардан кузатув марказлари, рация алоқа маркази, ситуацион марказ – буларнинг барчасида алоқачилар ишлашмоқда.

Эътибор қилинг, ушбу шу сатрларни ўқиб туришингиз ҳам алоқачиларнинг хизмати туфайли рўй бермоқда.

Тўғри, ҳамма соҳа ходимларининг ҳам расмий байрам санаси йўқ. Аммо, алоқачиларнинг байрамини белгилаш учун алоқа воситаси ихтиро қилинган тарихий сана бор.

Соҳа ходимлари билан боғлиқ яна бир ғалати ҳолат – унвон мавжуд бўлса ҳам, берилмаслиги.

1996 йилнинг 26 апрелида «Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини таъсис этиш тўғрисида»ги 266-I-сонли қонуни қабул қилинган. Шу қонун билан «Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари тўғрисидаги низом» тасдиқланган. Низомда бир қатор фахрий унвонлар қаторида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими» фахрий унвони ҳам санаб ўтилган.

Бу унвон алоқа воситаларини ривожлантириш ва такомиллаштиришда, республика халқ хўжалигига ва аҳолисига алоқанинг барча турлари билан намунали хизмат кўрсатиш ишини ташкил этишда алоҳида хизмат кўрсатган алоқа ходимларига берилиши белгилаб қўйилган.

Қонун иловасида Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларининг кўкрак нишонлари тавсифида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқа ходими» фахрий унвонининг кўкрак нишони ҳам тасвирланган.

Энг ҳайратланарлиси – ушбу унвон ва кўкрак нишони 27 йил ичида ҳанузгача бирор кишига берилмаган. Ё унвон қандайдир махфийлик шароитида бериляптими? Аммо таниш-билиш алоқачилар шу пайтгача ҳеч кимга берилмаганини айтишмоқда.

Бу нимадан дарак: бир соҳа унутилиб қоляптими ёки алоқачилар ичида хизмат кўрсатиб қўйганлари йўқ деган хулосага келиняптими ҳар йили?

Биз алоқачиларни норасмий байрамлари билан қутлаб қоламиз. Минглаб алоқачиларимиз номидан депутатларимиз, фаолларимиздан ушбу сана расман байрам қилинишига эришиш учун ҳаракат қилишни сўраб қоламиз.

Рақамли технологиялар вазирлиги эса катта-катта байрамлар олдидан соҳада хизмат кўрсатган фидойи ходимларини унвонга тавсия қилишни бошлаб юборса ҳам бўлади.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист.

Top