Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ходимлари учун миллий мессенжер ишлаб чиқилди.

«2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига биноан, миллий мессенжерни ишлаб чиқиш бўйича буюртма тўғридан тўғри «UNICON-SOFT» МЧЖга берилган.

Қизиқ тарафи, «Humo Messenger» – миллий мессенжерини ишлаб чиқувчилар унинг дизайни ва созламаларини дунёдаги машҳур мессенжерлардан бири – Telegram'дан деярли бирга-бир кўчириб қўйишган.

«Ооо, зўрку, ва ниҳоят миллий мессенжер ишлатар эканмиз» дея хурсанд бўлиб, ўша дастурни ишлатмоқчи бўлдим. Аммо дастурни очишим билан, бу Telegram'ми ёки Humo'ми, деб адашиб қолдим. Шоввозларимиз бирга-бир Telegram'дан кўчиришибди. Яна номи Ўзбекистоннинг миллий мессенжери эмиш... UNICON-SOFT’га биттагина саволим бор: бу шармандаликка қандай чидайсизлар?» – дея янгиликка муносабат билдирди блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Боз устига давлат ташкилотлари ходимлари текин ва оригинал аналоги турганда, бу «ихтиро» учун ҳар ой 25 200 сўмдан абонент тўлови тўлаши керак.

Гарчи 25 минг сўм кичик сумма кўринса-да, юз минглаган давлат хизматчилари сонига кўпайтирилса, бир ойда 2 миллиард, бир йилда 30 миллиард сўм ёки 2,6 миллион доллардан ошади.

Агар 25,2 минг сўмлик абонент тўловини ходимлар тўламайди дейиладиган бўлса ҳам, ўз-ўзидан давлат ташкилоти ёки унинг қандайдир жамғармалари ҳисобидан қопланиши мумкин. Бу харажатлари йил сайин ошиб бораётган ҳукумат учун ортиқча юк бўлиши аниқ.

Мессенжер сайтида келтирилган маълумотларга кўра, бугунги кунда унинг расмий фойдаланувчилари сони 22 минг кишидан ортади.