16:11 / 09.05.2023
19857

Чилонзордаги мактабда калтакланган педагог иши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Бошланғич синф ўқитувчиси калтаклангани ҳақида эълон қилинган суриштирув материалидан сўнг, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди. Аниқланишича, жабрланувчига соғлиқнинг қисқа муддат бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказилган.

9 май куни Kun.uz'да Чилонзор туманида жойлашган 178-мактабнинг ўқитувчиси раҳбарлигидаги 4-синф ўқувчисининг онаси томонидан калтаклангани ҳақидаги суриштирув эълон қилинганди.

Шундан сўнг, Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати Kun.uz мухбирига ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумот берди.

“Етказилган тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Экспертиза хулосасига кўра, жабрланувчига соғлиқнинг қисқа муддат бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказилгани аниқланган. Тергов жараёнида барча важлар текширилиб, якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, – дейди пойтахт ИИББ матбуот котиби Нилуфар Исаханова.

Шунингдек, ҳозирда бу ҳолат Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ҳам назоратига олингани айтилмоқда.Унга кўра, ўқитувчи томонидан Чилонзор туман ИИО ФМБ га мурожаат қилинган. Айни вақт ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

"Тегишли ташкилотлар юйқоридаги ҳолат бўйича бефарқ эмас. Ўрганиш ишлари олиб борилмоқда ва якунлари бўйича батафсил маълумот берилади",– дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Чилонзор туманидаги мактаблардан бирида бўлган бу можаро ўқувчи қизларнинг ўзаро келишмовчилиги ва йиғ-йиғлар сабаб юзага келгани айтилганди.

Top