18:17 / 16.05.2023
7590

Қозоғистонда Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш масаласи муҳокама этилмоқда

Музокаралар анча конструктив руҳда давом этаётгани айтилди. 

Фото: РИА Новости

Қозоғистон Энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев Россия газининг Ўзбекистонга эҳтимолий транзити ҳақида маълум қилди, деб ёзди Tengrinews.

Ҳукумат йиғилиши чоғида журналистлар вазирдан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Россия ўртасида газ иттифоқи тузиш бўйича музокаралар олиб бориляптими, деган саволни беришди.

«Ҳозирги вақтда Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда, музокаралар анча конструктив руҳда давом этмоқда», деди вазир.

Бундан ташқари, вазирнинг айтишича, Қозоғистон орқали Россиядан Хитойга газ қувурини қуриш эҳтимоли бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

«Россиядан Қозоғистоннинг шимолий ҳудудлари орқали Хитойга газ қувурини қуриш масаласи муҳокама қилинмоқда. Маршрут олдиндан белгилаб қўйилган, ушбу газ қувурини қуриш шартлари муҳокама қилинмоқда», деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Қозоғистон ва Россия президентларининг Кремлда бўлиб ўтган музокаралари чоғида Россия газини ҳудудлар орқали ташиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан иборат «уч томонлама газ иттифоқи»ни ташкил этиш ҳақида гап кетган эди.

Top