Жаҳон | 11:02 / 03.05.2024
4262
3 дақиқада ўқилади

НАТО Россиянинг ўз аъзоларига нисбатан «гибрид ҳужумлари»ни қоралади

НАТО иттифоқчилари Россиянинг сўнгги пайтларда иттифоққа аъзо қатор давлатлар ҳудудидаги «ёмон ниятли ҳаракатлари»дан хавотирда. НАТО Украинани урушда қўллаб-қувватлашни давом эттириш ниятида эканлигини маълум қилди.

Фото: Reuters

Россиянинг НАТОга аъзо давлатларга нисбатан «гибрид ҳужумлари» билан боғлиқ «сўнгги пайтларда амалга оширилган зарарли фаолияти» «иттифоқчилар хавфсизлигига таҳдид» келтириб чиқаради ва уларни «чуқур ташвишга солмоқда». Бу ҳақда Шимолий Атлантика алянсининг 2 май, пайшанба куни эълон қилинган баёнотида айтилади.

Ҳужжатда таъкидланганидек, сўнгги пайтларда «Россия давлатнинг душманлик ҳаракатлари» Чехия, Эстония, Латвия, Литва, Полша, шунингдек, Германия ва Британияга таъсир кўрсатди. Улар бир қатор шахсларга нисбатан тергов ва айбловлар билан якунланди, дейилади пресс-релизда.

«Ушбу ҳодисалар Россиянинг евроатлантика минтақасида, жумладан, алянс доирасида ва ишончли вакиллари орқали амалга ошираётган фаоллашган кампаниясининг бир қисмидир. Уларга диверсия, зўравонлик ҳаракатлари, кибер ва электрон аралашувлар, дезинформация кампаниялари ва бошқа гибрид операциялар киради», дея маълум қилди НАТО.

Ҳужжатда НАТО алянс аъзоларига қарши гибрид ҳужумлар кўриниши деб ҳисоблаган Россия ҳаракатларининг аниқ мисоллари келтирилмаган. 

Алянс Москвани халқаро мажбуриятларга риоя қилишга чақирди 

Айни пайтда, пресс-релизда таъкидланишича, НАТО иттифоқчилари ҳам алоҳида, ҳам жамоавий тарзда бундай таҳдидларга қарши курашишда бирлашиш ниятида. 

«Биз Россиянинг хатти-ҳаракатини қоралаймиз ва уни иттифоқчилар сингари халқаро мажбуриятларини ҳурмат қилишга чақирамиз. Россиянинг ҳаракатлари иттифоқчиларнинг Украинани қўллаб-қувватлашда давом этишига тўсқинлик қила олмайди», - дея баёнот берди НАТОга аъзо давлатлар.

Россиянинг Германиядаги жосуслик фаолияти ҳақида 

23 апрел куни Конституцияни ҳимоя қилиш федерал идораси (BfV) раҳбари Томас Халденванг DW нашрига берган интервюсида Россияни «энг шафқатсиз воситалар билан уруш олиб боришга тайёр ва диверсиядан тап тортмайдиган мамлакат» деб атади.

Унинг сўзларига кўра, немис разведка хизматлари «Россия доимий равишда Германия манфаатларига зарар етказадиган жосуслик фаолиятини олиб боришини» билади, аммо Берлин бунга қаршилик кўрсатишга тайёр. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид