11:59 / 20.05.2023
8191

Россия санкцияларни четлаб ўтиб, уруш учун Қозоғистондан дрон сотиб оляпти - ОАВ

Қозоғистондан Россияга микросхемалар экспорти икки бараварга ошди - 245 минг доллардан 18 миллион долларга, деб хабар бермоқда "Важные истории" ва Der Spiegel нашри.

"Важные истории", Германиянинг Der Spiegel ҳафталиги ва Коррупция ва уюшган жиноятчилик бўйича тадқиқоти маркази томонидан 19 май, жума куни чоп этилган суриштирувга кўра, Россия Украинага қуролли бостириб киргани учун киритилган Ғарб санкцияларини четлаб ўтиб, ҳар ой миллионлаб долларлик учувчисиз учиш аппаратлари ва микроэлектроника сотиб оляпти.
 
Уларнинг маълумотларига кўра, Россия Федерациясига учувчисиз учоқлар етказиб берувчи асосий компаниялардан бири бўлган, Россия ҳарбийларининг Украинага бостириб кирганидан кейин ташкил этилган Қозоғистоннинг “Аспан арба”си ва унинг россиялик ҳамкори, Москвадаги “Небесная механика” компанияси бир хил шахсларга тегишли. "Небесная механика" товарлари, хусусан, қуролли тўқнашувлар фахрийлари ҳудудий федерацияси "Рысь", Камчатка вилояти уруш ва меҳнат фахрийлари кенгаши, шунингдек, Россия ҳарбий хизматчилари харидларни амалга оширувчи Ozon'даги дўкон томонидан сотиб олинади. 

Суриштирувда шунингдек, Россия Федерацияси "ФСБ", разведка ва Мудофаа вазирлиги учун электроника ишлаб чиқаришга бутловчи қисмларни Қозоғистоннинг Da Group 22 компаниясидан немис чипларини сотиб олувчи "Стэк" фирмаси Россияга катта миқдорда олиб кираётгани айтилади. "Стэк", Da Group 22 ва немис дистрибюторлари эгалари бир оила аъзоларидир.

Умуман олганда, Россия ва Украина ўртасида уруш бошланганидан кейин Қозоғистонга интеграл микросхемаларни импорт қилиш ҳажми икки баробардан кўпроққа – 35 миллион доллардан 75 миллион долларга, Қозоғистондан Россияга микросхемаларни етказиб бериш ҳажми эса 245 минг доллардан 18 миллион долларгача ошган, деб аниқлади суриштирув муаллифлари.

Дронлар эса, 2021 йилда Қозоғистон Миллий статистика бюросининг импорт-экспорт бўйича ҳисоботида умуман кўринмаган, бироқ 2022 йилда Қозоғистон 5 миллион долларлик дронларни олиб келиб, Россияга 1,23 миллион долларга етказиб берган, деб ёзади “Важные истории".

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top