01:07 / 24.05.2023
65234

ЖЧ U-20. Ўзбекистон Янги Зеландия билан баҳсда камбэк қилиб, мағлубиятдан қутулиб қолди

Фото: UFA

Аргентинада ўтаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 2-тур ўйинлари бошланди. 

ЖЧ U-20. А гуруҳи. 2-тур
Ўзбекистон — Янги Зеландия 2:2

Голлар: Файзуллаев (51), Эсонов (90+3)  — Уоллс (23), Ҳердман (41). 
Ўзбекистон U20 — Отабек Боймуродов, Диёр Ортиқбоев (Шаҳзод Неъматжонов, 84), Абдуқодир Ҳусанов, Жаҳонгир Ўрозов, Маҳмуд Маҳамаджонов (Саидафзал Аҳроров, 68), Зафармурод Абдураҳматов, Беҳруз Асқаров (Рустам Турдимуродов, 68), Умарали Раҳмоналиев, Нодир Абдураззоқов (Шерзод Эсанов, 46), Аббос Файзуллаев, Пўоатхўжа Холдорхонов (Шаҳзод Акрамов, 90+2). 
Янги Зеландия U20 — Симс, О'Лири (Ҳарви, 46), Ҳьюз, Сурман, Келли, Маккэй, Кончи, Уоллс (Фай, 83), Ҳердман (Мануэль, 87), Гарбетт (Супик, 63), Донкерс (Коллоти, 63). 
Огоҳлантиришлар: Раҳмоналиев (10), Маккэй (18), О'Лири (24), Файзуллаев (86).

А гуруҳида 1-турда мезбонларга ютқазган Ўзбекистон ёшлар жамоаси бу сафар Янги Зеландияга қарши тўқнаш келиб, 0:2 ҳисобидаги мағлубиятдан қутулиб қолди. 

Дастлаб 23-дақиқада Бен Уоллс узоқ масофадан Боймуродов дарвозасини ишғол этди.

Биринчи бўлим охирларига бори Боймуродов жарима майдони ташқарисидан йўлланган яна бир зарбани ўтказиб юборди - бу вазиятда дарвозабон олдинга чиқиб кетганди.

Иккинчи бўлимда ўзбекистонликлар етакчиси Файзуллаев ҳисобни қисқартирувчи голни урди.

Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Эсонов ҳисобни тенглаштириб, жамоасига турнирдаги илк очкони тақдим этди.

Аргентина — Гватемала 3:0
Голлар: Велиз (17), Ромеро (65), Перроне (90+8). 

Гуруҳнинг иккинчи ўйинида Аргентина Гватемалани синовдан ўтказди ва йирик ҳисобдаги ғалабага эришди.

Ўзбекистонга қарши ўйиндаги голлардан бирини урган Велиз бу сафар ҳам ҳисобни очди. Жамоа етакчиси, «Манчестер Сити» яримҳимоячиси Перроне ўйинда бир гол ва бир голли узатма муаллифига айланди.

Эндиликда гуруҳда Аргентина икки ўйинда 100 фоизлик натижа қайд этган ҳолда муддатидан олдин кейинги босқич масаласини ҳал қилишди, Янги Зеландия 4 очко билан иккинчи ўринда жойлашган.

Фақат бир очкога эга Равшан Ҳайдаров жамоаси сўнгги турда 26 май куни Гватемала билан ўйнайди.

Гуруҳлардаги (6 та) энг яхши учинчи ўрин эгалари (3 та йўлланма)дан бири сифатида ҳам плей-оффга чиқиш мумкин, бунинг учун ўзбекистонлик футболчилар учинчи турда ғалаба қозониши талаб этилади. 

Top