04:07 / 27.05.2023
61973

ЖЧ U-20. Ўзбекистон Гватемалани мағлуб этиб, гуруҳдан чиқди

Захира ҳужумчиси ўйин масаласини ҳал қилди.

Фото: УФА

Аргентинада ўтаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 3-тур ўйинлари бошланди. 

А гуруҳида Ўзбекистон Шаҳзод Неъматжоновнинг дубли эвазига Гватемаладан устун келди.

Турнирдаги олдинги ўйинларда иштирок этмаган ушбу ҳужумчи 9-дақиқада рақиб ҳимоячисининг хатосидан кейин тўпни эгаллаб, дарвозани ишғол этди.

Кўп ўтмай, Аббосбек Файзуллаев уни дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди ва ҳисобдаги устунлик оширилди.

2:0 ҳисоби ўйин якунига қадар ўзгармай қолди ва Равшан Ҳайдаров шогирдлари тўплар нисбатига кўра 2-ўрин билан 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритди.

Аргентина учинчи ўйинда ҳам ғалаба қозониб, 1-ўрин билан плей-оффга йўл олди — мезбонлар Янги Зеландияни тор-мор этишди.

Энди Осиё чемпионлари нимчоракфиналда 30 май куни С гуруҳида 2-ўринни эгаллаган жамоа билан тўқнаш келишади. У гуруҳда 27 май куни сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳозирча Колумбия (6) биринчи, Япония (3) иккинчи, Исроил (1) учинчи ва Сенегал (0) тўртинчи поғонада. 

1/8 финални Ўзбекистон ёшлар жамоаси сардори Умарали Раҳмоналиев сариқ карточкалар сони сабаб ўтказиб юборади. 

В гуруҳида АҚШ Словакияни ҳам енгиб, пешқадам сифатида кейинги босқичга чиқди. Эквадор Фижига 9та гол уриб, 2-ўрин билан плей-оффга йўлланма олди.

ЖЧ U-20. 3-тур. 26 май
А гуруҳи
Ўзбекистон — Гватемала 2:0
Голлар: Неъматжонов (9, 20). 

Ўзбекистон — Асрор Кенжаев, Абубакр Ашуров, Абдуқодир Ҳусанов, Жаҳонгир Ўрозов, Маҳмуд Маҳамаджонов (Саидафзал Аҳроров, 65), Зафармурод Абдураҳматов (Иззатилло Пўлатов, 81), Беҳруз Асқаров (Диёр Ортиқбоев, 65), Шерзод Эсанов, Умарали Раҳмоналиев, Аббос Файзуллаев (Пўлатхўжа Холдорхонов, 46), Шаҳзод Неъматжонов (Нодир Абдураззоқов, 71). 
Гватемала — Морено (Алдана, 87), Корадо (Домингес, 82), Уризар, Франко, Ресинос, Монтано, Ордонез (Виллагран, 46), Кабрера, Паленсиа (Муньос, 66), Кардоса (Хуарес, 82), Бантес. 
Огоҳлантиришлар: Асқаров (5), Раҳмоналиев (39), Эсанов (58), Уризар (75), Холдорхонов (90+2). 

Янги Зеландия — Аргентина 0:5
Голлар:
Маэстро (14), Инфантино (17), Ромеро (35), Агирре (50, пенальти), Велиз (87). 

B гуруҳи
Словакия — АҚШ 0:2
Голлар:
Коуэлл (38), Сакирис (90+6). 

Эквадор — Фижи 9:0
Голлар:
Паез (7), Соса (34), Куеро (36, 45+6), Минда (66, 85), Чамба (89), Самбрано (90+6 пенальти, 90+10).

Top