10:59 / 03.06.2023
16488

Bloomberg: Россияга қарши санкциялар дунёда «доллар гегемонлиги»га салбий муносабат келтириб чиқарди

АҚШ Россияга қарши санкциялар киритганидан кейин дунёда «доллар гегемонлиги»га салбий муносабат билдирилмоқда, деб ёзади Bloomberg. Агентликнинг қайд этишича, мамлакатлар ҳисоб-китобларни миллий валюталарда амалга оширишга кўпроқ рози бўлмоқда. Таҳлилчиларга кўра, АҚШ санкцияларни қанчалик фаол қўлласа, улар шунчалик самарасиз бўлади, чунки давлатлар бундай сценарийларга тайёрланмоқда. 

Фото: Reuters

АҚШ Россияга қарши санкциялар киритиб, унинг валюта захираларини музлатиб қўйганидан сўнг, бошқа давлатлар долларга қарамликни камайтириш устида ишлай бошлади, деб ёзади Bloomberg. 

Агентлик маълумотларига кўра, «дунёда долларнинг гегемонлигига салбий муносабат билдирилмоқда». Bloomberg таъкидлашича, Россияга қарши санкциялар ва аслида унинг жаҳон банк тизимидан чиқарилиши мамлакатларга АҚШ валютасига қарамлигини эслатган. Сиёсатшунослик доценти, «Баксга қарши кураш: АҚШ молиявий санкциялари ва долларга қарши халқаро қаршилик» китоби муаллифи Дэниел Макдауэлл таъкидлаганидек, давлат арбоблари санкция сценарийларига тайёрлана бошлаган, бу АҚШ томонидан таҳдидлар ва тийиб туриш чораларини самарасиз қилади. Макдауэлланинг фикрича, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар кичик бўлиши мумкин, аммо бу «Американинг иқтисодий қудратини пасайтиради». 

Миллий валюталарда ҳисоб-китоблар бўйича шартномалар, хусусан, Бразилия ва Хитой томонидан тузилган. Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва апрель ойида BRICS мамлакатлари ўртасида савдо учун долларга муқобил валютани жорий қилишга чақирган эди. «Доллар олтиндан кейин ҳисоб-китоблар учун валютага айланишига ким қарор қилди? Нега иена эмас, нега реал эмас, нега песо эмас? Чунки бир пайтлар бизнинг валюталаримиз заиф эди ва бошқа мамлакатларда ҳеч қандай қийматга эга эмас эди», деди Бразилия президенти. 

Ҳиндистон ва Малайзия ўзаро савдони рупийда амалга оширишга қарор қилишди. Шунга ўхшаш механизм устида иш Ҳиндистон ва Россия ўртасида ҳам олиб борилган, бироқ май ойида Reuters унинг тўхтатилганини эълон қилди. Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (Индонезия, Малайзия, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Бруней, Лаос, Сингапур ва Мянма) минтақавий савдо ва сармоя учун аъзо мамлакатлар валюталаридан фойдаланишни бошлашга қарор қилди. Индонезия Жанубий Корея билан ҳам тўғридан тўғри рупий ва вонда айирбошлаш бўйича шартнома имзолади.

Халқаро ҳисоб-китоблар банки маълумотларига кўра, жаҳондаги барча валюта операцияларининг қарийб 88 фоизи долларда амалга оширилади. Bloomberg агентлиги қайд этишича, трансчегаравий доллар оқимларини қайта ишловчи банклар АҚШ Федерал захира тизимида ҳисобрақамларига эга бўлгани учун улар АҚШ санкцияларига дучор бўлади. Апрель ойида АҚШ молия вазири Жанет Йеллен доллар билан боғлиқ санкциялардан фойдаланиш АҚШ валютаси «гегемонлигига путур етказиши» хавфи борлигини тан олди. Шу билан бирга, Йеллен маълум сабабларга кўра доллар жаҳон валютаси сифатида қўлланилаётгани ва давлатлар учун бир хил хусусиятларга эга муқобил вариант топиш қийин бўлишини таъкидлади. K2 Asset Management тадқиқот бўлими раҳбари Жорж Бубураснинг айтишича, у «ҳеч бўлмаганда кейинги авлод учун ҳукмрон валюта сифатида доллар ўрнини боса оладиган ҳеч қандай активларни кўрмаяпти». 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top