20:48 / 06.06.2023
10633

Финландия полицияси тезликни 30 км/с оширган фуқарога 121 минг евро жарима солди 

Мамлакатда жарима миқдори ҳуқуқбузарнинг даромадига боғлиқ. 

Андерс Виклёф

Финландия йўл полицияси маҳаллий мультимиллионер тадбиркорни тезликни 30 км/соатга оширгани учун 121 минг евро жаримага тортди. Бу ҳақда Nya Åland хабар берди. 

«Мен бундан жуда афсусдаман», деди 76 ёшли Андерс Виклёф. У 82 км/с тезликда ҳаракатланаётганида 50 км/с тезликни чекловчи белги «тўсатдан» пайдо бўлганини тушунтирди. «Мен секинлаша бошладим, лекин буни етарлича тез қилмадим шекилли», деди у. 

Финландияда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва ҳуқуқбузарнинг даромадига боғлиқ бўлиб, полиция буни солиқ тўловчилар маълумотлар базасидан текшириши мумкин. Жарима миқдорини ҳисоблашда тезлик чегарасидан қанча ошиб кетгани ҳам инобатга олинади. 

Виклёф ишида унинг тезликни оширгани учун аввал ҳам икки марта жаримага тортилгани оғирлаштирувчи ҳолат бўлган: 2013 йилда 95 минг евро ва 2018 йилда 63,7 минг евро. Бундан ташқари, у 10 кунга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинган. 

Виклёф — йиллик даромади 350 млн еврога тенг Wiklöf ҳолдинги асосчиси ва раҳбари. 121 минг евро жарима унинг 14 кунлик даромади ярмига тенг. 

Худди шундай жарима тизими Швейцарияда ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра, қоидабузар қанча кўп пул топса, шунча кўп тўлаши керак. Айнан Швейцария ҳукумати йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун энг катта жаримани қўллаган деб ҳисобланади: швециялик ҳайдовчи Берн шаҳридан Лозаннага соатига 290 км/с тезликда ҳаракатлангани учун 1,1 миллион евро жаримага тортилган. 

Top