20:30 / 08.06.2023
42456

Ёпиқликка интилиш. Ўзбекистон асосий молиявий ҳисоботларини даврий очиқлашни тўхтатди

“Супервазирлик” деб таърифланаётган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги аниқ, тўлиқ ва кенгайтирилган бир қанча ҳисоботларни даврий равишда бериб боришни тўхтатиб қўйди. Давлат ташқи қарзи, бюджет харажатлари ва даромадлари ҳақидаги энг муҳим маълумотлар эълон қилинмаяпти.

Фото: Getty Images

Охирги йилларда давлат ташкилотлари ахборот сиёсатида очиқлик сари қадам қўйилиб, жамоатчилик билан мулоқотга киришиш бошланганди. Хусусан, бюджет ва давлат харажатлари очиқланиши солиқ тўловчиларга саволлар бериш ҳамда ҳукумат учун ноқулай масалаларни кун тартибига чиқариш имконини берди.

Умуман олганда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳар бир ишлатилган маблағ бўйича жамоатчилик олдида аниқ, тўлиқ ва кенгайтирилган ҳисоботни даврий равишда бериб боришга мажбур. Аммо 2022 йил охирида ўтказилган админреформадан кейин, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Молия вазирликлари негизида ташкил этилиб, “супервазирлик” мақомини олган Иқтисодиёт ва молия вазирлигида очиқлик ва ҳисобдорлик ишлари орқага кетяпти.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, жорий йилдан давлат харажатлари таркиби ва мундарижаси бўйича маълумот бериш чекланган.

“2022 йил тугаганига 5 ойдан ошди. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2022 йил якунлари бўйича ижроси юзасидан парламентга ҳисоб берилгани йўқ. Балки Сенат ва Қонунчилик палатасининг ўзи сўраб, талаб қилиб олар?

2023 йил I чораги тугаганига 2 ойдан ошди. Парламентга ҳисобот берилгани йўқ. Январ, февраль ва март ойида солиқ тушумлари тўғрисидаги чала-чулпа, ярим яширин маълумот беришдан кейин, шуям тўхтаб қолди. Харажатлар таркиби ва мундарижаси тўғрисида, дефицит ҳақида-ку ҳеч қандай маълумот йўқ”, дейди иқтисодчи.

Вазирлик 12 январдан бери бюджет харажат ва даромадлари ҳақидаги кунлик маълумотларни ҳам очиқлашни тўхтатиб қўйди. Бу доимий равишда эълон қилиб бориладиган маълумотлар рўйхати, уларни даврий чоп этишнинг аниқ саналари (иқтисодий календари) ишлаб чиқилаётгани билан изоҳлаганди. Бироқ орадан 5 ой муддат ўтган бўлса-да, 2019 йилдан бери жамоатчиликка тақдим қилиб келинаётган ушбу маълумотларни очиқлаш қайта тиклангани йўқ ва бу борада қўшимча маълумотлар ҳам берилмади.

Бундан ташқари, Молия вазирлиги 2019 йилдан бошлаб ҳисоблаганда Давлат қарзи бўйича маълумотларни йил якуни бўйича февраль ойида, биринчи чорак якуни бўйича эса май ойида тақдим этиб келарди.

“Июннинг биринчи ўн кунлиги якунланмоқдаки, на 2022 йил кунлари бўйича ва на 2023 йил биринчи чораги бўйича Давлат қарзи ҳолати ва динамикаси ҳисоботи очиқланди.

Норасмий маълумотларга кўра, ички қарз жамғарилиши кескин ошмоқда, ташқи қарзнинг эса таркиби ва мундарижаси ўзгармоқда. Қарзга хизмат кўрсатиш харажатларининг давлат бюджетига юки ортиб бормоқда”, дея ёзади Отабек Бакиров.

Жумладан, давлат ташқи қарзи бўйича охирги ҳисобот 2022 йилнинг III чорак якунлари бўйича эълон қилинганди ва унда Ўзбекистон давлат қарзи 26,2 млрд долларни ташкил этиши келтириб ўтилганди. Март ойининг охирида ўтказилган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Дилшод Султонов давлат қарзи ва бюджет тақчиллиги билан боғлиқ саволларга жавоб қайтариш жараёнида, 2023 йилнинг 1 январ ҳолатида Ўзбекистон давлат қарзи 29,2 млрд долларга етганини маълум қилди. Ўтган йилнинг охирги чораги давомида қарийб 3 млрд доллар миқдоридаги ташқи қарз маблағлари кимдан ва қандай шартлар билан жалб қилингани ҳақидаги ҳисобот эса жамоатчиликка очиқлангани йўқ.

Расмий ва аниқ ахборот йўқ жойда турли шубҳа-гумонлар пайдо бўлади. Муносабат берилмасдан, сирлигича қолдирилмоқчи бўлган маълумотлар унга бўлган қизиқишни янада ошираверади. Масалан, банкларда таълим кредитлари бериш вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бунга сабаб сифатида банкларга ресурс ажратилмаётгани келтириб ўтилган. Эътиборга молик жиҳати, 2023 йил бюджети бўйича таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси орқали таълим кредитини молиялаштиришга 1,7 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Бу 2022 йилга нисбатан деярли икки баробарга кўп. Нега унда ресурс билан муаммо бўлмоқда, деган саволга эса жавоб олишнинг имкони йўқ. Чунки Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджет мундарижаси ва ижроси бўйича маълумотларни тақдим қилишни жоиз деб ҳисобламаяпти.

Ўзбекистонлик солиқ тўловчилар уларнинг ҳисобидан шакллантириладиган бюджет тўғрисида батафсил, очиқ ва шаффоф маълумотларни олишга, ўрганишга тўла-тўкис ҳақли. Янгиланган Конституцияда ҳам ҳукумат зиммасига очиқлик ва самарадорликни таъминлаш вазифаси юклатилди. Яъни вазирлик ва идоралар очиқ, шаффоф, қонуний ва эффектив ишлаши кераклиги конституциявий талабга айланди. Давлат бюджетини шакллантириш, унинг даромад ва харажат қисмларини белгилашда жамоатчилик назоратини амалга ошириш нормалари киритилди.

Мамлакатдаги катта ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар очиқлик, ошкоралик, халқ олдида ҳисобдорлик, жамоатчилик назоратини кучайтиришга асосланаётган даврда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг ёпилиб олишга уринаётгани ислоҳотларни обрўсизлантиришдан бошқа нарса эмас.

Даромад ва харажатлари ёпиқ, на парламентга, на жамоатчиликка ҳисобдор бўлган бундай вазирлик ва унинг ёпиқлик сиёсати ишончсизликни кучайтириб, эътирозларни кўпайтираверади.

Достон Аҳроров

Top