11:12 / 09.06.2023
4505

Май ойида 12 мингдан ортиқ хорижликларга Ўзбекистонга кириш визаси берилган – ТИВ

Ўтган ойдаги фаолият юзасидан ҳисобот берган Ташқи ишлар вазирлиги айрим рақамларни очиқлади. Маълум бўлишича, ўтган ойда қийин вазиятларда 63 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилган, 30 нафар фуқаро хориждаги вақтинча сақлаш муассасаларидан олиб чиқилган ҳамда иш берувчилар томонидан олиб қўйилган 57 паспорт эгаларига қайтарилган.

Фото: cyclinghoboz.files.wordpress.com

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов вазирликнинг 2023 йил май ойидаги фаолияти тўғрисида маълумот берди.

Маълум қилинишича, май ойида Ўзбекистонга юқори даражадаги делегацияларнинг 22 та, давлат ташкилотлари вакиллари делегацияларининг 31 та ташрифи амалга оширилди. Юқори даражадаги Ўзбекистон делегацияларининг 11 та хорижий мамлакатга 34 та ташрифи ишлаб чиқилди, маҳаллий делегациялар 12 та хориж давлатига 28 та хизмат сафарига юборилди.

Халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг экспертлари даражасидаги делегацияларининг эса Ўзбекистонга 7 та ташрифи амалга оширилди.

ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов халқаро ва минтақавий ташкилотлар, чет давлатлардаги ҳамкасблари билан 14 та учрашув ўтказди. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили ҳамда вазир ўринбосарлари томонидан 35 та учрашув ва музокаралар ўтказилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, Ўзбекистон май ойида 70 та янги халқаро битим имзолаган ҳамда 6 та халқаро шартнома кучга кириши учун зарур давлат ички процедуралари бажарилган.

Вазирлик консуллик-ҳуқуқий фаолияти бўйича ҳам май ойига доир рақамларни келтириб ўтган, хусусан:

  • 12 536 нафар Ўзбекистон фуқаросига консуллик хизматлари кўрсатилди;
  • 482 нафар фуқароларни чет элда иш билан таъминлашга кўмаклашилди;
  • чет элда моддий жиҳатдан мураккаб вазиятда қолган 122 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди;
  • хорижда қийин вазиятларда: одам савдоси қурбони бўлган, ёки ишсиз, боқувчисиз қолганлар ва бошқа мураккаб аҳволдаги 63 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди;
  • 30 нафар фуқаро вақтинча сақлаш муассасаларидан олиб чиқилди;
  • паспорти иш берувчилар томонидан ноқонуний тарзда олиб қўйилган 57 фуқарога шахсини тасдиқловчи ҳужжати қайтариб олиб берилди.

Шунингдек, 12 590 нафар чет эл фуқаросига Ўзбекистонга кириш визалари берилган бўлиб, шундан 8 888 таси электрон тарзда расмийлаштирилган.

Top