10:16 / 12.06.2023
3545

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида жиноят ишлари бўйича давлатлараро шартнома имзоланди

Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги давлатлараро шартнома имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Бош прокуратура

Малайзия бош прокурори биринчи ўринбосари Аҳмад Террирудин бин Моҳд Саллеҳ бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлди.

Ташриф давомида Малайзия делегацияси Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, адлия вазирининг ўринбосари Музраф Икрамов, Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров ҳамда Судьялар олий мактаби директори Ҳожи-Мурод Исоқов ва Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғи Евгений Коленко билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар давомида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда прокуратура ва суд органлари ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Малайзия ҳукуматлари ўртасида жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида шартнома имзоланиши икки томонлама идоралараро ҳамкорликка янги туртки бўлишига ишонч билдирди.

Top