18:27 / 13.06.2023
12062

Қирғизистон тинчлик тарафдори, аммо тажовузга қатъий қаршилик кўрсатишга тайёр – президент Жапаров

Қирғизистонда янги ҳарбий доктрина лойиҳаси кўриб чиқилади.

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида Қуролли кучларнинг ҳолати ва армияни ривожлантириш йўналишини кун тартибидаги энг муҳим масала деб атади.

Шу сабабли Қирғизистон раҳбари Ҳарбий доктрина лойиҳасини кўриб чиқишни таклиф қилди.

«Биринчи кўрсатмаларимдан бири Қирғизистон Республикасининг янги Ҳарбий доктринаси лойиҳасини миллий хавфсизлик концепциясининг ажралмас қисми сифатида ишлаб чиқиш эди. Мамлакатимиз тўрт давлат билан чегарадош... Қирғизистон чегарасида ва Марказий Осиёнинг чекка ҳудудларида мамлакатимизга бевосита ва билвосита таъсир кўрсатадиган турли жараёнлар содир бўлмоқда», деди сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, расмийлар мамлакат мудофаа қобилиятини ошириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

«Биз 30 йил ичида биринчи марта чегараларимиз ва фуқароларимизни ҳимоя қилиш учун зарур бўлган замонавий қуролларни сотиб олдик. Булар нафақат «Байроқтор дронлари», балки Марказий Осиёда ўхшаши бўлмаган янги турдаги қуроллар ҳам. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги эҳтиёжлари учун иккита янги Airbus вертолётини харид қилдик. Мудофаа вазирлигининг бюджет маблағлари ҳисобидан 5 та вертолёт капитал таъмирланди, бундан ташқари, янги Ми-17 Б5 вертолёти харид қилинди ва Ми-17 вертолётларини харид қилиш режалаштирилган», деди президент.

Жапаровнинг қайд этишича, Қирғизистон мудофаа қобилиятини ошириш доирасида янгиланган «Печора» мобил зенит-ракета мажмуаси ҳам харид қилинган, бу эса эҳтимолий ҳаво ҳужумларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Қирғизистон шунингдек Россия билан қўшма минтақавий ҳаво мудофаа тизимини яратди, деди у.

«Шу билан бирга, Қирғизистон Республикаси тинчликсевар мамлакат эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Биз бошқа давлатга ҳужум қилмоқчи эмасмиз ва бундай режаларимиз йўқ», деди у.

Жапаровнинг фикрича, ҳар қандай можаронинг олдини олиш ёки уни фақат дипломатия йўли билан ҳал қилиш мумкин.

«Биз ички ва ташқи сиёсатда ана шу тамойилга амал қиламиз. Айни пайтда бизга қарши қуролли тажовуз содир этилганда, фуқароларимиз ўлдирилганда, уй-жойларимиз ва бошқа инфратузилмаларимиз вайрон бўлган ва ёқиб юборилганда биз шунчаки қараб турмаймиз. Биз ҳар қандай тажовузкорга жавоб беришга тайёрмиз», деди у.

Жапаров Қирғизистон Республикасининг Хавфсизлик кенгаши котибияти билан ҳамкорликда янги ҳарбий доктрина ишлаб чиқилишини шахсан ўзи назорат қилганини таъкидлади.

Top