20:36 / 14.06.2023
52405

Делимханов атрофидаги хабарлар: Кремл хавотир билдирди, Қодиров «оловга мой сепгани»ни айтди

Рамзан Қодировнинг хос одами бўлган депутат Адам Делимханов атрофидаги хабарлар жиддий тус олди. Украина томони Делимханов ўлдирилгани ҳақида хабар берди. Россияда аввалига у яралангани, кейин соғ-саломат экани айтилди. Қодиров масхараомуз пост қолдирди. Аммо Кремлнинг баёноти вазият жиддийлигига ишора қилди.

Фото: Getty Images

Ҳаммаси нимадан бошланди?

Аввалига Россия босқинига қарши урушаётган украиналик сиёсатчи Кирилл Сазонов чеченистонлик депутат қарши амалиёт ўтказилгани ҳақида хабар берди. У Делимхановнинг кортежи Запорижжя области ҳудудида «Бандерлоги» гуруҳининг артиллерия зарбасига учрагани, Делимханов билан бирга ҳамроҳлари ҳам ҳалок бўлганини ёзди.

«Воқеа жойига жасадни тезкор ва сездирмай олиб кетиш учун 12 та вертолёт учиб борди», деб ёзганди Сазонов.

Кейинроқ рус нашрларида бу маълумотни рад этувчи хабар тарқалди. Россия мудофаа вазирлигига қарашли «Звезда» телеканали сайтида Россия Давлат думаси матбуот хизматига асосланиб Делимханов чиндан яралангани, аммо тирик экани ҳақида хабар пайдо бўлди.

Чечен ҳарбийлар етакчиси яралангани ҳақида Россия давлат нашри ёзгани вазиятни кескинлаштирди. Аммо тезда бу маълумотни рад этувчи хабарлар пайдо бўлди. Аввалига «Звезда» сайтидаги хабар ўзгартирилиб, ЛДПР партияси ҳолат бўйича ҳеч қандай хабар йўқлигини маълум қилгани ёзилди. Шунингдек, бу борада ҳеч қандай расмий маълумот йўқлиги илова қилинди. Бу орада думада ҳам, ЛДПРда ҳам «Звезда» нашрига ҳеч ким маълумот бермагани айтилди.

Кейинроқ Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин Делимханов билан телефонда гаплашгани ва у саломат эканини айтди. Кўп ўтмай яна бир депутат Андрей Картапалов Делимханов тирик ва саломат эканини ёзиб чиқди.

Зиддиятли баёнотлар

Делимхановнинг ўлими ёки яралангани ҳақидаги хабарлардан кейин Чеченистон томондан бир-бирини рад этувчи баёнотлар чиқа бошлади. Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ўзининг «ўнг қўли» экани айтиладиган Адам Делимханов ҳақида хабарларга истеҳзо билан муносабат билдирди. «Мен ҳам Делимхановга боғлана олмаяпман. Украина разведкасидан қадрдон инимни топиш учун айнан қаерга, қайси позициясига зарба берилгани ҳақида маълумот сўрайман. Ишонинг, қуруқ қолдирмайман», деб ёзди Қодиров 3,1 миллион обуначиси бор каналида.

«Ахмат» махсус бўлинмаси командири Апти Алауддинов эса депутат тирик экани ва Чеченистонда бўлиб турганини айтди. «Бизни доим биз бўлмаган жойда «ўлдиришади». Ҳаммаси уйдирма. Адам Султонович тирик ва ҳозирда Чеченистонда, Рамзан Ахматовичнинг олдига йўл олган», дея унинг сўзларини келтирди ТАСС агентлиги.

Кейинроқ Апти Алауддиновнинг каналида бироз аввал ўзи айтган гапларни рад қилувчи пост пайдо бўлди. «Мариня йўналишида жойлаштирилган барча бўлинмаларни олиб Адам Султонович Делимханов билан содир бўлган воқеа жойига бораман. Рамзан Ахматовичдан уни ҳар қанақасига топиб, олиб бориш буйруғи келди. «Ахмат» махсус бўлинмаси учун навбатдаги топшириқ. Табиийки, уни ҳам уддалаймиз. «Ахмат» – куч, Россия – қудратли, Аллоҳ буюкдир», деб постини якунлаган Апти Алауддинов.

Ушбу постда Алауддинов турли машиналар қаторида туя ва фил тасвирланган эмодзилардан фойдалангани у ҳолатга ҳазил билан муносабат билдирганига ишора қилиши мумкин. Аммо Алауддинов постни қандай сўзлар билан якунлаганига эътибор берилса, бу ҳазилга ҳам ўхшамайди.

Кремл хавотир билдирди

Кремл расмий вакили Дмитрий Песков депутат Адам Делимханов ҳақидаги постга муносабат билдирар экан, шундай деди: «Россия қаҳрамони ҳақидаги бу янгиликни кўпчилик қатори катта хавотир билан қабул қилдик. Умид қиламиз, тез орада аниқ маълумот пайдо бўлади».

«Вагнер» изи»

Делимханов атрофидаги хабарлардан кейин кутилганидек бу ишда «Вагнер»нинг ҳам алоқаси борлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Хусусан, уруш тарғиботчиси бўлмиш журналист Сергей Мардан биринчилардан бўлиб ҳолатдаги «Вагнер» изи» ҳақида гапирди. Унинг фикрича, Украина разведкаси чиндан Делимхановнинг жойи ҳақида маълумотга эга бўлган.

«Вазият жиддийлашиб кетишига асосий сабаб шуки, Украина разведкаси чиндан Делимхановнинг жойи ҳақида маълумотга эга бўлган. Украинлар аввалбошдан Қодировнинг «ўнг қўли» ҳақида маълумотни уларга Шойгу билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишини кўрсатиш мақсадида Пригожин бергани иддао қилинган версияни айлантиришга уринмоқда.

Албатта, бу версия жуда ғалати кўриниши мумкин, лекин мантиқан олиб қараса, Россия армиясининг охирги вақтлардаги муваффақияти Шойгунинг сиёсий обрўсини ошириб, Пригожиннинг қилганларини сояда қолдиради. Мамлакат учун асосий хавф ҳамон ички низолар бўлиб турибди», деб ёзди у.

Веневитин ҳам «тилга кирди»

Яқинда Евгений Пригожин бошчилик «Вагнер» ҳарбийлари асир олган Россия армияси подполковниги Роман Веневитин ўз Telegram-каналида Пригожиннинг одамлари душман билан аввалдан алоқа қилиб келгани, бу иш яна такрорлангани ҳақида ёзди.

«Аввал ҳам айтганимдек, Пригожиннинг одамлари мени обрўсизлантириш учун давлатга хиёнат қилганликларини ошкор қилишди. Улар аввал ҳам душман разведкаси билан алоқада бўлиб, бизнинг бўлинмаларимиз ҳақида маълумот берган. Мендаги маълумотларга кўра, энди улар Рамзан Қодировдан қасос олмоқчи бўлишган. Ахир Қодиров 2006 йилдан буён Россия армияси таъминотидан пул ишлаб келадиган Пригожиннинг даромад манбаси ҳақида маълумот билишини айтганди.

Қодировнинг «ўнг қўли» Адам Делимханов украинларнинг артиллерия зарбаси оқибатида оғир аҳволда қолмоқда. Украина разведкаси ва махсус хизматлари ишлаган. Афсуски, йўқотишлар катта, эвакуация учун 12 та борт чақирилган. Балки мана шу воқеа Пригожин ва «Вагнер»даги бошқа Россиядан ўз манфаатлари йўлидан фойдаланадиган, бу учун душман билан ҳамкорлик қилишга ҳам борадиган «тадбиркорлар»га қарши жиддий чора кўришга ундар», деб ёзди Веневитин ўз каналида.

Кейинроқ Рамзан Қодиров ўз каналида ҳолат бўйича навбатдаги постини эълон қилди

«Бизни қўллаган ҳаммага раҳмат. Адам Султонович саломат, яралангани ҳам йўқ. Аввалбошдан бу ёлғон эканини билгандим, аммо аввало украиналикларга уларнинг ОАВ қанчалик пасткаш эканини кўрсатишга қарор қилдим. Ёлғон барибир ошкор бўлишини билган ҳолда уни эълон қилиш учун аудиторияни қанчалик беҳурмат қилиш керак? Мен оловга мой сепганимда фейк маълумот тарқатганларнинг ўзлари ҳам бу эртакларига ишона бошлашди.

Интернетда укронацистларнинг фантазияси муҳокама қилинаётган бир вақтда мен Адам Делимханов, Магомед Даудов ва Ахмед Даудов каби биродарларим билан ишлашда давом этяпмиз. «Ахмат» бўлинмалари ўз жойида турибди, хусусан, биз Белгородда чегараларимизни мустаҳкамлаяпмиз. Биргаликда бўлинмаларимизнинг ҳозирги ҳолати ва кучларни қайта тақсимлаш масаласини муҳокама қилдик», деб ёзди Қодиров. У постида Делимханов билан бирга суратини ҳам илова қилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top