19:45 / 22.06.2023
6423

Қабул-2023: абитуриентда телефон рақами билан муаммо бўлса, бунинг қандай ечимлари бор? 

ОТМга онлайн ҳужжат топширишда абитуриент рўйхатдан ўтадиган телефон рақами муҳим аҳамиятга эга. Бунда абитуриентнинг шахсий маълумотлари у киритган телефон рақамига бириктирилади. Лекин абитуриентда телефон рақами билан муаммо бўлса-чи? 

Фото: Kun.uz

Шундай ҳолатлардан бирига Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги изоҳ берди.

Қабул бошлангунча my.uzbmb.uz сайтида рўйхатдан ўтган телефон рақамини йўқотган талабгорлар янги телефон рақами орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин. Бунда талабгор янги телефон рақами орқали рўйхатдан ўтиб, шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)ни киритганда унинг барча маълумотлари янги телефон рақамига бириктирилади.

Яна бир ҳолатда телефон рақами билан муаммо бўлиши мумкин:

Қабул бошлангандан сўнг рўйхатдан ўтган абитуриент шу телефон рақамини йўқотиб қўйса, бу ҳам муаммоли ҳолат саналади. Лекин бу ҳолатга тушиши мумкин бўлган абитуриентларга ёрдам берилади.

“Масалан, бугун рўйхатдан ўтган абитуриент эртасига телефон рақамини йўқотиб қўйса, унда у Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг ҳудудий бўлимларига мурожаат қилиши керак.

Унинг абитуриент эканига ишонгач, агентлик ходими платформага киритган телефон рақамини ўзгартириб беради. Бундай ҳолатда унинг ўзи рақамни ўзгартира олмайди”, деб тушунтирди агентлик ходими Жамшидбек Одилов қабулга бағишланган матбуот анжуманида.

Ҳудудий бўлимлар манзиллари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сайтида кўрсатилган.

Мавзу
Қабул-2023
2022/23 ўқув йили учун ихтисослашган ва президент мактаблари, коллежлар, техникумлар, бакалавриат ва магистратурага қабул ҳамда ўқишни кўчириш бўйича янгиликлар.
Барчаси
Top