17:59 / 28.06.2023
50094

Мбаппега янги даъвогар пайдо бўлди, «Арсенал» таркибни кучайтирмоқда. Сўнгги трансфер хабарлари

Сўнгги кунлардаги трансфер хабарлари ва миш-мишлар.

Ковачич — «Манчестер Сити»да

Бир неча кун олдин Илкай Гундўғанни «Барселона»га қўйиб юборган «шаҳарликлар» унинг ўрнига футболчи олишди. «Челси» яримҳимоячиси Матео Ковачич «Этиҳад»га ташриф буюрди, Лондон клуби билан шартномаси муддати тугашига бир йил қолган ушбу футболчи трансфери «Сити»га 30 миллион фунтга тушиши мумкин (футболчи жамоа билан совринлар ютса, 5 миллион фунт миқдорида бонус тўлаб берилади).

«Бу мен учун ажойиб юриш бўлди ва мен «Сити» сафида майдонга тушишни сабрсизлик билан кутмоқдаман. Пеп бошқарувидаги ушбу жамоа ўйинларини кузатиб борадиган ҳар қандай киши, улар қанчалик яхши эканини билади. Мен учун улар дунёдаги энг зўри», — деди хорватиялик 29 ёшли таянч яримҳимоячиси.

2018/2019 йилар мавсумидан буён «Челси»да бўлган Ковачич ўтган вақт ичида барча турнирлар доирасида 221 ўйинда майдонга тушиб, 6 гол урган ва 15 голга узатма берган, Чемпионлар лигаси, Европа Лигаси, Европа Суперкубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.

Ҳаверц — «Арсенал»да

«Арсенал» шу ҳафта «Челси»дан ҳужумкор яримҳимоячи Кай Ҳаверцни трансфер қилганини эълон қилади, деб хабар бермоқда инсайдер Флориан Плеттенберг.

Манба маълумотига кўра, томонлар барча деталлар бўйича келишиб олишган ва германиялик ҳавбек билан 2028 йилга қадар шартнома тузилади. Трансфер суммаси — 75 миллион еврони ташкил этади.

Ҳаверц шу ҳафта тиббий кўрикдан ўтиши кутилмоқда. 2022/23 йиллар мавсумида 24 ёшли ҳавбек «Челси» учун 47 ўйинда қатнашиб, 9 гол урган ва 1 голга узатма берган. Transfermarkt портали футболчининг трансфер қийматини 55 миллион еврога баҳолаган.

Кейн «Бавария»га ўтишга яқин

The Athletic маълумотига кўра, немислар гранди Ҳарри Кейнни бу ёздаги асосий трансфер нишони сифатида белгилаб олган ва «Тоттенҳэм»га 60 миллион фунт стерлинглик таклиф йўллаган. Daily Mail нашрининг аниқлик киритишича, футболчи мюнхенликлар таклифини қабул қилган. Аммо «шпорлар» клуби хўжайини Даниэл Леви келишувга қарши ва гўёки барча таклифларни рад этишга ваъда берган. Лекин ҳужумчининг Лондон клуби билан шартномаси кейинги йил ёзида якунига етади ва у эркин агентга айланади.

Кейн — «Тоттенҳэм» ва Англия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар, шунингдек — уч бор АПЛнинг энг яхши тўпурари бўлган. Айни вақтда у АПЛ тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 213 гол билан Алан Ширердан (260) кейинги иккинчи ўринда бормоқда. Агар у Бундеслигага йўл олса, Ширерга етиб олиши қийин бўлади.

«Ливерпул» Валвердени ўзига чорламоқда

Испаниянинг El Nacional нашри хабар беришича, Юрген Клопп Федерико Валверденинг трансферига қизиқиб қолган. Манба маълумотига кўра, «Реал»дагилар Жуд Беллингемнинг трансферидан кейин ушбу 24 ёшли футболчининг истиқболи туман ичида қолганини айтишмоқда. «Ливерпул» эса уругвайлик футболчи учун 77 миллион евро сарфлашга тайёр.

El Nacional маълумотига кўра, «Реал» бу футболчиси учун 90 миллион евро сўрамоқда.

Ўтган мавсумда Валверде «Реал» сафида ла лиганинг 34 ўйинида майдонга тушиб, 7 гол урган ва 4 голга ҳаммуаллифлик қилган.

Мбаппе «Реал»га эмас, Англияга кетадими?

Шу кунлардаги асосий трансфер миш-миши агент Марко Кирдемир томонидан тарқатилди. У «Ливерпул» Килиан Мбаппе учун курашга қўшилиши мумкинлиги ва клубда гўёки бунинг учун 300 миллион евро (250 миллион евро ва бонуслар кўринишида 50 миллион евро) тайёрлаб қўйишгани ҳақида хабар берди. Бу — реал маълумот ёки «Реал»га «ПСЖ» томондан йўлланган сигнал экани айни вақтда маълум эмас.

24 ёшли футболчи ўтган мавсумда Франция чемпионатидаги 34 ўйинда 29 гол урди ва 6 голли узатма амалга оширди.

Бундан олдинроқ Мбаппе шу ёзда «Реал»га йўл олиши ҳақида хабарлар тарқалганди: норасмий маълумотларга кўра, мадридликлар футболчи учун 220 миллион евро сарфлашга тайёр, парижликлар эса 300 миллион евро талаб қилмоқда.

«Ал-Аҳли» Фирмино билан шартнома имзоламоқчи

«Ал-Аҳли» «Ливерпул»нинг собиқ ҳужумчиси Роберто Фирмино билан музокарага киришди, дея хабар қилмоқда журналист Фабрицио Романо.

Манба маълумотига кўра, Саудия Арабистони клуби айни вақтда 31 ёшли бразилияликнинг жавобини кутмоқда. «Ал-Аҳли» аллақачон футболчи келишга розилик берган тақдирда, тиббий кўрикдан ўтиши учун барча шароитларни ҳозирлаб қўйган.

Фирмино «Ливерпул» сафида 2015 йил июлидан буён тўп суриб келаётганди, 2022/23 йиллар мавсумида у шартномаси муддати тугагани туфайли клубни тарк этди. Ўтган мавсумда форвард «Ливерпул» сафида жами 35 ўйинда майдонга тушиб, 13 гол урди ва 5 голга узатма берди.

«Ан-Наср» Брозович билан шартнома имзолайди

«Интер» ва «Ан-Наср» ҳавбек Марсело Брозович трансфери бўйича музокараларда келишувга эришди, деб хабар қилмоқда Sky Sport.

Манба маълумотига кўра, қора-кўклар хорватиялик яримҳимоячини саудияликлар клубига 25 миллион еврога сотади. Футболчи билан 2026 йилга қадар амал қилувчи шартнома имзоланади.

Аввалроқ, ушбу ҳавбекка «Барселона» ҳам қизиқаётгани ҳақида хабар чиққанди. Каталонияликлар бош мураббийи Хави уни яримҳимоя чизиғининг муҳим фигурасига айлантириш ҳақида ўйлаётганди.

Брозович 2015 йил январидан буён «Интер» сафида ўйнаб келади. 2022/23 йиллар мавсумида ушбу ҳавбек барча турнирлар доирасидаги 40 ўйинда 3 гол уриб, 6 голга узатма берган. Унинг Милан клуби билан шартномаси 2026 йилга қадар тузилганди.

«Вест Ҳэм» Райсни «Сити»га ҳам сотмади

«Манчестер Сити» «болғачилар» клуби етакчиси трансфери устида ҳам ишламоқда ва 90 миллион фунтлик таклиф йўллаган. Аммо, Sky Sports нашри хабарига кўра, «Вест Ҳэм» «шаҳарликлар»нинг биринчи таклифини рад этган.

Фабрицио Романонинг маълумотига кўра, «Сити» энди 24 ёшли англиялик учун курашдан чиққан, бунда жамоа Ковачични трансфер қилгани ҳам рол ўйнаган. 

Бунгача икки таклифи рад этилган «Арсенал» эса трансфер устида ишлашда давом этмоқда. Яна бир нуфузли инсайдер Дэвид Орнштейн «Арсенал»нинг бу сафарги таклифи 100 млн фунт (плюс 5 млн фунт бонуслар кўринишида)дан иборат бўлади.

Романонинг маълумотига кўра, томонлар келишувнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қилишмоқда ва трансфер амалга ошиши ойдинлашган. «Канонирлар» яқин вақтлар ичида ушбу футболчининг трансферини эълон қилиши мумкин.

Ўтган мавсумда Деклан Рас АПЛнинг 37 ўйинида майдонга тушиб, 4 гол урди ва 2 голга узатма берди.

Рабио «МЮ»га ўтмайди

Сўнгги кунларда «Манчестер Юнайтед» фанатлари Англияга Адриан Рабио келишини кутишаётганди — 28 ёшли француз яримҳимоячисининг «Ювентус» билан шартномаси муддати якунланган, инглизлар жамоаси футболчи билан музокаралар олиб бораётгани маълум бўлганди. Аммо туринликлар ўз футболчисини янги шартнома тузишга кўндирган — Рабио яна бир йил Италияда қолади.

Якунланган мавсумда Адриан барча турнирлар доирасида 48 ўйинда майдонга тушиб, гол+пас тизимида 11+6 кўрсаткичини қайд этган. Transfermarkt портали ҳавбекнинг трансфер қийматини 40 миллион еврога баҳолаган.

La Gazzetta dello Sport футболчининг «МЮ»га ўтиши қандай барбод бўлгани ҳақида ёзди. Унга кўра, яримҳимоячининг агенти ҳисобланган онаси инглиз клубидан йилига 10 млн евро маош, 3 йиллик шартнома ва битимга имзо қўйиши учун 10 млн евро бонус сўраган. Манкунианликлар эса бу талабга рад жавобини берган.

Энди 28 ёшли француз «Ювентус» 7 млн евро миқдоридаги маош билан чекланади. «МЮ» эса асосий эътиборини «Брайтон» футболчиси Мойзес Кайседога қаратади.

Top