Спорт | 14:57 / 21.06.2024
14850
5 дақиқада ўқилади

Ниқобдаги Мбаппе ва жар ёқасидаги Украина: Еврода 21 июн кунги ўйинлар

Бугунги тақвимда гигантлар жанги ҳамда Украина учун ҳал қилувчи ўйин.

Фото: Reuters

Словакия — Украина: хатодан сабоқ чиқарилганми? (18:00/ Zo'rTV)

Руминиядан учралган қақшатқич мағлубиятдан (0:3) кейин Сергей Ребров жамоани тетиклаштириш учун катта эҳтимол билан бошланғич таркибда ўзгаришлар қилади. Дарвозада ўтган ўйинда голларга сабаб бўлган хатоларга йўл қўйган Лунин ўрнини Трубин эгаллаши мумкин. Шунингдек, 22 ёшли Бражкога имконият берилиши эҳтимоли катта. Миколенко жароҳатидан тикланишда давом этмоқда, шунинг учун ҳамон чап қанот ҳимоячиси позицияси муаммоли бўлиб қолмоқда. Зинченко унинг ўрнини ишончли боса олмади.

Украинларни ғалабадан бошқа ҳисоб қониқтирмайди. Улар сўнгги турда Белгияга қарши ўйинда ғалабадан умид қилиши қийин. Барчаси «сариқ-кўклар» руминлар зарбасидан қанчалик ўзига кела олганига боғлиқ.

Словакия эса айни вақтда куражни ушлаган. Бу жамоа квартетнинг асосий фаворити устидан ғалаба қозонишини деярли ҳеч ким кутмаганди. Аммо ҳали байрам қилишга эрта.

Жамоа ўтган Евродаги хатони такрорламаслиги керак бўлади. Уч йил муқаддам дастлабки турдаги ғалаба ортидан икки мағлубият қайд этилганди ва жамоанинг турнирдаги ишироки эрта якунланганди. Бу сафар словакиялик мухлислар севимли футболчилари ишга бошқачароқ ёндашиши ва яхшироқ натижага эришишига ишонмоқда.

«Белгия устидан қозонилган ғалабадан кейинги эйфория бир неча соат давом этди, аммо уч очко гуруҳдан чиқиш учун етмаслиги аниқ. Ҳозирча байрам қилишга сабаб йўқ. Биз бор эътиборни Украина билан ўйинга қаратганмиз», — деган жамоа устози Франческо Калцона.

Полша — Австрия: ҳеч қандай дўстлик йўқ (21:00. Полша — Австрия / Zo'rTV)

Поляклар ва австрияликлар биринчи турда юлдузли рақибларга – мос равишда нидерландлар ва французларга ютқазганди, аммо ўзининг дадил футболи учун мақтовларга сазовор бўлганди. Поляклар бу ўйинга кайфияти кўтарилган ҳолда етиб келди, чунки жамоа етакчиси, биринчи турни жароҳат туфайли ўтказиб юборган Левандовски сафга қайтиши кутилмоқда. Бошланғич таркибда Роберт борлигида ва йўқлигида — Полша икки хил жамоа бўлади.

Бу ўйинда икки жамоага ҳам ғалаба зарур, дуранг ҳам ҳеч кимни қониқтирмайди. Сўнгги турда Австрия Нидерландия билан, Полша — Францияга қарши ўйнайди. Бу ўйинларда очко олиш имконияти эса ҳаддан ташқари паст. Шунинг учун икки жамоа ҳам бор кучини жума кунги ўйинларига ташлайди.

Эътиборли жиҳати, жамоаларда бир клуб вакиллари бўлган футболчилар бор. Булар «Ланс»да ўйновчи Дансо ва Франковски, шунингдек «Болоня» аъзолари Скорупски ва Пош. Аммо бир кунга ҳар қандай дўстлик унутилади, уларнинг ҳеч бири ўз жамоадошига ён беришга тайёр эмас.

Бу икки жамоа Евро-2020 саралашида бир гуруҳдан жой олганди. Ўшанда Полша сафарда ғалабага эришган, уйда дуранг қайд этилган. Ҳозир эса Австрия нисбатан кучлироқ кўринмоқда.

Нидерландия — Франция: Мбаппе ниқобда бўлса ҳам ўйнайдими? (00:00 / Zo'rTV)

Жума кунги дастурн супертоп жамоалар иштирокидаги ўйин ёпиб беради. Бир кун олдинги Испания ва Италия қарама-қаршилиги ортидан футбол мухлислари яна бир классик қарама-қаршиликка гувоҳ бўлишлари мумкин. Бу гигантлар жангида ўзаро учрашувлардаги устунлик Франция томонида: сўнгги саккиз учрашувдан еттитасида ғалаба қозонилган, жумладан, Евро саралашида икки ғалаба. Аммо бу ҳали ҳеч нарсани англатмайди. Қолаверса, «Учранглилар» сафида Австрия билан учрашувда (1:0) бурнини синдириб олган Мбаппе майдонга тушмаслиги мумкин.

Килианнинг жароҳати сўнгги кунларда энг кўп муҳокама этилган мавзулардан бири бўлди ва ўйин бошлангунича бу мавзу муҳимлигича қолади. Юлдузли форвард махсус ниқобда машғулотларга киришди, аммо француз нашрлари унга ўйнаш тақиқлангани ҳақида ёзмоқда. Диде Дешам ҳам бу масалада сирли гапириб, «барчаси тўғри йўналишда кетаётгани»ни айтиш билан кифояланди.

Сардор ва ҳужум чизиғи етакчиси йўқлиги Франция учун кучли зарба бўлиши мумкин, лекин усиз ҳам Роналд Куман жамоасига муаммолар туғдириш учун куч топилади.

«Биз биринчи галдаги вазифани бажардик ва дастлабки учрашувда ғолиб бўлдик, аммо нидерландлар ҳам худди шу ишни қилишган. Кейинги вазифа — навбатдаги ўйинни ютиш ва гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал этиш. Биз ўзимиз ўйнай оладиган даражада яхши ўйнашимиз керак», — деган французлар бош мураббийи.

Бу учрашув ғолиби қитъанинг 16 та энг яхши жамоаси сафига кириш масаласини ҳал қилади. Дуранг ҳисоб икки жамоани ҳам 1/8 финалга яқинлаштиради.

Мавзуга оид