18:12 / 16.07.2023
34791

«Арсенал»да супертрансферлар ва таркиби янгиланаётган «Сити». Сўнгги трансфер хабарлари

Сўнгги кунларда амалга оширилган асосий трансферлар, кутилаётган ўтишлар ва кенг тарқалган миш-мишлар.

Яна бир юлдузли футболчи Саудия Арабистонига кетиши кутилмоқда, Лукаку эса барчасини ўзи барбод қилди.

«Арсенал» супертрансфер амалга оширди

АПЛда янги трансфер рекорди ўрнатилди. Бу эртами кечми рўй бериши тайин эди, аммо бунда ким бундай харажат қилгани парадоксли вазият келтириб чиқаради. Бу «Манчестер Сити» ёки «Ньюкасл»нинг араб шайхлари ҳам, «Челси»нинг пулларини беҳуда сарфлайдигандек таассурот қолдираётган хўжайини Тодд Боэли ҳам эмас, балки узоқ йиллар зиқналик ва эҳтиёткорлик сўзларининг синонимига айланган «Арсенал» бўлди.

«Канонирлар» муқаддам шундай омиллар туфайли кўплаб юлдузларидан айрилганди, ўтган мавсумда эса драмани бошдан кечирди ва қўлидаги совринни бой бериб қўйди, шу туфайли ёзда таркибни кучайтиришга қарор қилди. Англия миллий жамоасининг асосий футболчиларидан бўлган Деклан Райс «Вест Ҳэм»дан бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда рекорд миқдордаги 105 миллион фунт стерлингга (122 млн евро) сотиб олинди ва лондонликларнинг бу ёздаги «Челси» форварди Ҳаверц (71 млн евро) ва «Аякс» ҳимоячиси Тимбердан (42 млн евро) кейинги учинчи харидига айланди.

Томас Парти ўрнига таянч яримҳимоясида ҳам, Жака ўрнига ҳужумкор яримҳимоячи вазифасида ҳам ўйнай оладиган ушбу 24 ёшли футболчи бунгача бутун фаолиятини «Вест Ҳэм»да ўтказганди ва янги клубида ҳам ўзининг севимли 41-рақамида тўп сурадиган бўлди.

«Милан» АҚШ миллий жамоасининг бош юлдузин трансфер қилди

«Милан» расман «Челси» вингери Кристиан Пулишични ўз сафига қўшиб олди. Трансфер қиймати 20 млн евро ва қўшимча бонуслардан иборат. Пулишич 2027 йил ёзига қадар шартнома тузди ва унда бу келишувни яна бир йилга узайтириш ҳуқуқи бўлади. Кристиан «Милан»да 11-рақамни ўзиники қилди. Америкалик вингер 2019 йилдан буён «Челси» сафида ўйнаб келаётганди, ундан олдин эса Дортмунднинг «Боруссия» клуби аъзоси бўлганди.

Аарон Рэмси уйга қайтди

«Арсенал»нинг собиқ яримҳимоячисининг фаолияти якунланиб бормоқда. «Ювентус»да ишлари юришмаган футболчи Рэмси энди «Ницца»ни ҳам тарк этди ва кутилганидек эркин агент сифатида «Кардифф Сити»да пайдо бўлди. Бу клуб 32 ёшли футболчи учун қадрдон клуб саналади — у айнан шу клубда тарбияланганди ва фаолиятини бошлаганди. Аарон билан шартнома икки йилга мўлжалланган.

«Лейпциг» Европанинг истиқболли форвардларидан бирини қўлга киритди

Луа Опенда ҳақида бутун ўтган мавсум давомида гапирилди ва асосий интрига унинг келажаги борасида эди. Топ-клублар ҳақида ҳам гаплар юрганди, аммо «Лейпциг» барчадан аниқроқ таклиф билан чиқди. Немислар хасислик қилмади ва «Ланс»га ушбу 23 ёшли ҳужумчи учун 43 млн евро тўлади — бу икки клуб учун ҳам рекорд миқдордаги сумма ҳисобланади. Шартнома беш йил муддатга мўлжалланган, Опенда Бундеслигада 17-рақамда ҳаракат қилади.

Уолкер «Бавария»га ўтишга розилик берди

Трансфер деярли ҳал бўлган. «Манчестер Сити»нинг 33 ёшли ҳимоячиси треблдан кейин келажаги борасида узоқ ўйлади ва Флориан Плеттенбергнинг маълумотига кўра, барибир «Бавария»га ўтишга розилик берди. Мюнхендагилар англиялик футболчининг қароридан хабардор ва энди трансферни тезроқ расмийлаштириш устида ишлашмоқда. Клублар ҳам барчасини келишиб олишган, шундай экан бу трансфер якунланиш босқичида турибди, трансфер қиймайти эса 15 млн евро ва қўшимча бонуслардан иборат бўлади. Бу трансферда асосий ролни «Бавария» устози Томас Тухел бажарган.

Топ-клублар Павар учун курашмоқда

Франция миллий жамоаси билан жаҳон чемпиони  бўлган ва анчадан буён «Бавария»дан кетишни ўйлаб юрган ҳимоячи катта эҳтимол билан шу ёзда мақсадига эришади. Керри Ҳаунинг тасдиқлашича, Бенжаменга бир неча топ-клублар қизиқиш билдирмоқда, улар орасида «Манчестер Сити», «Манчестер Юнайтед» ва «Ювентус» ҳам бор. 27 ёшли футболчи янги ҳафтада якуний қарорни қабул қилиши мумкин. «Бавария» Павар учун камида 30 млн евро олишни мўлжаллаган.

«Барселона» ҳам узоқ вақт давомида Павар билан боғлиқ вазиятни кузатиб турганди, аммо молиявий муаммолари туфайли пойгада иштирок эта олмайдиган бўлди.

Фабрицио Романога кўра, «Манчестер Сити» Кайл Уокер «Бавария»га кетадиган бўлса, унинг ўрнига Бенжамен Паварни олиб келишни мақсад қилган. Яқин вақтлар ичида клублар музокараларни бошлайди.

«Интер» Лукаку бўйича музокараларни тўхтатди

Ромелу учун ёмон янгилик бор. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Интер» босслари белгиялик ҳужумчининг «Ювентус» билан музокараларидан хабар топиб, дарғазаб бўлишган ва энди уни трансфер қилиш фикридан қайтишган. Яқин вақтлар ичида италян клуби «Челси»ни келишувдан чиққани ҳақида хабардор қилади. Бунгача «Интер» уни 30 млн еврога сотиб олмоқчи бўлаётгани ҳақида хабарлар бор эди.

Энди 30 ёшли футболчида икки вариант қолган — «Ювентус» ёки Саудия Арабистони. Туринликлар фақат Душан Влаҳовични сотсагина, Ромелуни харид қилиши мумкин. Сербиялик ҳужумчига айни вақтда «ПСЖ»дан жиддий қизиқиш мавжуд. 

«МЮ» икки трансфер бўйича ишламоқда

Sky Sports нашри хабарига кўра, «Манчестер Юнайтед» «Интер» билан 27 ёшли дарвозабон трансферининг барча жиҳатларини келишиб бўлган. 17 июл куни якунланадиган келишув шартига кўра, италян клуби 50 млн евро олади, шунингдек бонуслар ҳам кўзда тутилган.

The Athletic хабарига кўра, «Манчестер Юнайтед» «Аталанта» форварди Расмус Ҳойлунд трансфери устида ҳам ишларни давом эттирмоқда. Инглиз клуби раҳбарияти ушбу трансфер доирасида Фред ва Донни ван де Бекни ҳам алмашишни кўзлаган. Аммо «Аталанта» ушбу футболчиларга қизиқиш билдирмаяпти. Бергамоликлар жамоаси босслари Ҳойлунд учун 100 млн еврога яқин маблағ ишлашни истамоқда ва бунда трансферга қўшимча футболчилар қўшилишига қарши. Бундан аввалроқ «МЮ» Мэйсон Гринвуд ва Амад Диаллони ҳам ушбу трансферга қўшмоқчилиги хабар қилинганди.

«Барса» ўнг қанот ҳимояси учун юлдуз футболчи топди

Гап Жоау Канселу ҳақида бормоқда. Mundo Deportivo хабарига кўра, каталонлар клуби 29 ёшли португалияликни ўнг қанот ҳимоячи позицияси учун устувор вариант сифатида белгилаб олган. Канселу ҳозирга қадар «Манчестер Сити»га тегишли ва инглиз клуби уни сотишни истамоқда. Ўтган мавсумда Жоаунинг Пеп Гвардиола билан муносабатлари бузилганди ва қишда уни «Бавария»га ижарага бериб юборишганди. Мюнхенликлар уни сотиб олишни истамади ва футболчи учун янги клуб топиш керак.

Қайд этишларича, «Барса» учун Канселу — нарх ва сифат борасида энг адекват вариант бўлади. Клуб шунингдек «Вальядолид» футболчи Иван Фреснеданинг вариантини ҳам кўриб чиққан, аммо бу клуб футболчиси учун 20 млн евро сўраганидан кейин каталонияликлар фикридан қайтган.

Ёз аввалида «Манчестер Сити»дан Илкай Гундўғанни эркин агент сифатида қўлга киритган «Барса» «шаҳарликлар»нинг яна бир футболчисига қизиқмоқда. Mundo Deportivo хабарига кўра, клуб Бернард Силвани ўз сафига қўшиб олишни кўзлаган. Каталонияликлар португалиялик яримҳимоячини 2024 йил ёзида сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олмоқчи. «Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола Силва шу ёзда кетишни истаса, қўйиб юборишини ваъда қилган. «Барса» эса бундан фойдаланмоқчи, чунки Бернарду ҳам айнан шу клубга ўтишни истайди.

«Ньюкасл» Хвича бўйича мегатаклиф йўллади

Кварацхелия Европа топ-лигаларидан бирида ўйнай бошлаганига бир йил бўлди, аммо у барчани ўз ўйини билан ҳайратга сололди ва энди унинг трансфери учун катта пул сарфлашга тайёр жамоалар бир талай. Tuttomercatoweb Саудия Арабистонидаги манбага таяниб ёзишича, «Ньюкасл» «Наполи»га ушбу 22 ёшли гуржистонлик вингер учун 95 млн евро таклиф қилган.

Лекин Англия клубининг имкониятлари катта эмас. «Наполи» президенти Аурелио Де Лаурентис ўзининг асосий активини сотмоқчи эмас — клубдагилар у билан шартномани янгилаш устида ишламоқда.

Маҳрез Саудия Арабистонига кетишга тайёр

Афтидан, Европа футболи тез орада яна бир юлдузли футболчидан айрилади. Фабрицио Романонинг ёзишича, Риёз Маҳрез «Ал-Аҳли»нинг таклифини қабул қилишга тайёр, бу клуб унга 2026 йилга қадар шартнома ва йилига 20 млн евролик маош таклиф қилган. Саудияликлар «Манчестер Сити»га расмий таклиф юбориш ва шундан кейин 32 ёшли жазоирлик вингер тиббий кўрикдан ўтказишга тайёрланмоқда. Янги ҳафтада бу трансфер бўйича ҳал қилувчи музокаралар бўлиб ўтади.

Моурино Моратани кўзлаган

«Рома» ҳам таркибни кучайтиришга ҳаракатларини давом эттирмоқда. Calciomercato манбасига кўра, Алваро Жозе бошқарувидаги жамоага ўтиш учун маоши миқдори камайишига ҳам рози. Мората «Атлетико» билан ҳозирги шартномасига кўра, йилига 6 млн евро маош олади, Италияда эса унга йилига 4,5 млн евро тўлашлари мумкин. Моурино, шунингдек Пауло Дибала испаниялик футболчини «Рома»га ўтишга кўндириш учун қўнғироқ қилган.

Асосий муаммо: «Атлетико» 30 ёшли ҳужумчиси учун қанча пул талаб қилишида. Тахминларга кўра, бу 10 млн евродан 25 млн еврогача бўлиши мумкин. Энг ёмон ҳолатда «Рома» уни ижарага олишга ҳаракат қилиб кўради.

Top