19:36 / 28.07.2023
12634

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати нега ҳукумат қарори талабини бажармаяпти?

Вазирлик расмий сайтида ва расмий Тelegram-каналларида давлат тилида ёритилаётган хабар ва маълумотларда электр энергияси бирликлари хато ёзилмоқда.

Фото: Getty Images

Гап электр энергияси қуввати бирлиги — «Ватт»ни ифодалаш ҳақида бормоқда. Гап шундаки, Кучланиш бирлиги — «Вольт» рус тилида В ҳарфи билан, қувват бирлиги «Ватт» рус тилида Вт кўринишида ифода этилади. Ҳолбуки, халқаро бирликлар тизими стандарти бўйича Вольт — V, Ватт эса W кўринишида ифодаланади.

Буни маиший техникаларда ҳамма кўрган: 220 V, 1500 W ёзувлари ҳаммага таниш ва тушунарли.

Энергетика вазирлиги хабарларида энергия ўлчов бирлиги Киловатт-соат (КВт·соат) лотинча имлода kVt·soat кўринишида ифодаланмоқда. Электр станциялар қуввати Мегаватт МВт эса MVt кўринишида.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖдан аҳолига борадиган СМС билдиришномаларда етказилаётган электр қуввати умуман куракда турмайдиган kVts кўринишида ифодаланмоқда.

«HET» АЖнинг аҳолига юборилган СМС билдиришномаси / Kun.uz
Энергетика вазирлигининг тезкор маълумоти. Фото: Энергетика вазирлиги
Энергетика вазирлигининг хабари. Скриншот: Энергетика вазирлиги расмий сайтидан

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 январдаги «Ўзбекистон Республикасида катталик бирликларини қўллаш тўғрисида»ги 21-сонли қарорида қувват бирлиги W шаклида ифодаланиши белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамаси қарори иловасидан скриншот / lex.uz

Ҳукуматнинг шу қарори 2-иловасида энергияни ўлчаш бирлиги киловатт-соат қандай ифодаланиши ҳам келтирилган — kW·h.

Вазирлар Маҳкамаси қарори иловасидан скриншот / lex.uz

Ҳа, ҳукумат 5 йил муқаддам ўлчов бирликларнинг русча ифодаланишини чеклаб, халқаро кўринишга ўтишни белгилаб қўйган ва қарорнинг 3-бандида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда, илмий-техник ва бошқа нашрларда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида эълон қилишда, ўқув, ўқув-методик ва турли маълумотлар берадиган ёрдамчи адабиётларда ушбу қарор билан тасдиқланган катталик бирликлари, уларнинг номи ва белгиланиши қўлланишини талаб сифатида ёзиб қўйган.

Рус тилида ифодаланадиган бу бирликлар транслитерация бўлиб, лотинча имломизга ҳам кириб бораётгани ниҳоятда ажабланарли ва нотўғри. Ҳолбуки, ёшларимиз мактабларда қарийб 30 йилдан буён лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида таълим олишмоқда ва мактаблардаги физика, математика дарсликларида аллақачон халқаро кўринишдаги бирликлардан фойдаланиб келинмоқда.

Қарорнинг рус тилидаги матнига кўра, халқаро бирликлар ёзилиши рус тилидаги матнларда ҳам шу тарзда қўлланиши керак.

Вазирлар Маҳкамаси қарори иловасидан скриншот / lex.uz

Гап биргина kW·h ёки MW ҳақида эмас.

Масалан, вақт ўлчов бирликлари сония ва дақиқа эмас, секунд (s), минут (min), соат (h) кўринишида, узунлик ўлчов бирлиги сантиметр ҳам (sm) эмас (cm) кўринишида ифодаланиши керак.

Автомобиллар тезлиги km/soat эмас, аллақачон km/h кўринишига келтирилган. Қарор иловасида ҳаттоки бу қандай ҳолатда тўғри ва нотўғри ёзилишигача белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамаси қарори иловасидан скриншот / lex.uz

Бу ҳол нафақат Энергетика вазирлиги платформаларида, вазирликка бўйсунувчи «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Тelegram-каналларидаги хабарларда ҳам такрорланмоқда.

Бу борадаги хато ҳақида журналистлар йиғилган Тelegram-гуруҳда вазирлик матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаевга хабар қилганимда, у хатоликни бир муддат бартараф этганди. Ҳаттоки, ҳамкасбларини қувват бирликларини ҳукумат қарорига мослаб ёзишга ҳам чақирди.

Энергетика вазири матбуот котибининг журналистлар Тelegram-гуруҳида берган эълони.

Аммо бу вақтинча тус олиб, яна хато кўринишда ёзишга ўтиб олишди. Бунинг сабабини сўраганимда «W» шаклида ёзилган матнлар кирилл алифбосига ўтказилганида хатолик кўпайиб кетаётганини айтганди. Шунингдек, унга вазирликда постсовет давлатларида мана шу стандарт қабул қилингани, бу шаклда бериш хато эмаслиги тушунтирилганини қўшимча қилди.

Энергетика вазири матбуот котибининг журналистлар Тelegram-гуруҳида берган жавоби.

Энди сизга савол: Оддий ватт (W), киловатт (kW), мегаватт (MW) ва киловатт·соат (kW·h)ни тасдиқлаб берган кўринишда ёзишни эплай олмаётган энергетика соҳаси ходимларининг бу баҳонасини нима деб аташ мумкин. 1-синф боласи бўлса экан, ҳа ўрганиши, кўникиши қийин-да ростдан ҳам, дейилса. Кап-катта, олий маълумотли одамлар ишласа керак ахир шу соҳада?!

«Одамлар қовун туширишяпти», «постсовет давлатларида шу стандарт қабул қилинган экан» — бу энди жиддий ташкилот ходимининг гаплари эмас. Қовун тушираётганлардан воз кечиш керак. Қовун туширмайдиганларни ишлатиш керак.

Қолаверса, бу борада ҳеч қанақа постовет давлатлари стандарти йўқ. У стандарт қотиб қолган мияларда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг амалдаги қарори бор. Ўшанга оғишмай амал қилинади — тамом. Бу кимга ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар.

Ё мақсад бошқа — халқаро бирликларни халқаро стандартларда ёзишга ўтказилган давлат тилимизни рус тилининг таъсири остидан қутқармасликми? Ҳукумат қарорини саботаж қилишми? Унда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритишсин. Рус тилидаги кўринишга мослаб бирликларни тасдиқлаб беришсин. Ғинг деган номард! Дунёдан юз ўгириб, Россия томон юз тутиб, эски ҳолатда ёзаверамиз. Ҳатто лотинча имлога ҳам ўтказиб, тарғиб қиламиз.

Модомики, бундай қилишнинг имкони йўқ экан, (ўзи республикада 14 та ҳудуд бор) вазирликнинг матбуотга алоқадор ва ҳудудлардаги ҲЭТ матбуот хизмати ходимларини чақириб, бир кунлик семинар ташкил қилиб, услубий қўлланма чоп этиб, барчасига тарқатиб, ўргатиб, тушунтириш ишларини олиб бориш шунчалик қийин ишми?

Лекин унутмаслигимиз керак, мактабда ёшларимиз халқаро стандартлар бўйича ўқитилмоқда, токда ишлайдиган барча маиший техникаларда ҳам шу стандарт битилган. Бу асло одамларга нотаниш ҳарфлар ва бирликлар эмас. Фақат мустабид тизимдан кўнгил узолмаётганлар учун нотаниш, бегона холос.

Юртимизда ишлаб чиқарилган бойлер ва импорт қилинган кир ювиш машинасидаги техник характеристикаларда қувват истеъмоли ифодаси / Kun.uz

Аламлиси — Энергетика вазирлигининг хабар ва янгиликларидаги ушбу хатолари юзлаб оммавий ахборот воситалари томонидан кўчирилади, шу ҳолича тарғиб қилинади. Вазирлик ҳукумат қарорига бефарқ бўлмасдан, «булоқнинг бошида» туриб хатони бартараф этмас экан, вазият мана шундай номаълумлигича қолаверади. Одамлар ора-сарсон бўлиб юраверади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

Top