08:13 / 31.07.2023
21472

Дания: Қуръон билан боғлиқ акция мамлакат хавфсизлигига жиддий зарар етказиши мумкин

Данияда Қуръоннинг ёқиб юборилиши билан боғлиқ ҳаракатлар мамлакатнинг хориждаги обрўсига путур етказади, вазиятга аралашиш керак, деб ҳисоблайди ТИВ раҳбари.

Яманда Данияда Қуръоннинг ёқиб юборилишига қарши норозилик намойишлари
Фото: Khaled Abdullah/REUTERS

Данияда Қуръоннинг ёқиб юборилиши мамлакатнинг хориждаги обрўсига путур етказади. Вазиятга аралашиш керак, дейди Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лекке Расмуссен. Бу ҳақда 30 июль, якшанба куни Даниянинг Politiken нашри хабар берди. Унга кўра, ҳукумат бундай хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун қонуний восита топмоқчи.

Дания ташқи ишлар вазирлиги махсус баёнот билан чиқди. «Сўз эркинлиги Дания жамиятининг энг муҳим қадриятларидан биридир, – дейилади унда. – Биз шундай вазиятга дуч келдикки, Қуръонни ёқиш билан боғлиқ ҳаракатлар шу қадар кўламга етганки, дунёнинг кўп жойларида, турли қитъаларда Дания бошқа давлатларнинг маданияти, динлари ва урф-одатларини ҳақорат қилиш ва камситишни тарғиб қилувчи мамлакат сифатида кўриляпти». 15 та ҳукумат Копенҳагеннинг бундай ҳаракатларини қоралади, бир қатор элчилар чақириб олинди, дея маълум қилди ТИВ. 31 июль, душанба куни Дания ва Швециядаги ҳаракатлар муносабати билан Ислом ҳамкорлик ташкилоти йиғилиши бўлиб ўтади. Бўлаётган воқеалар Данияга, унинг хавфсизлигига ва ҳамфикр мамлакатлар манфаатларига жиддий зарар етказиши мумкин, дейди Ташқи ишлар вазирлиги. Дания ҳукумати «айрим шахслар томонидан амалга оширилган чуқур ҳақоратли ва эҳтиётсиз бундай ҳаракатлардан узоқлашди». Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бу ҳаракатлар экстремистлар фойдасига ишлаяпти.

Шу тариқа, 30 июль куни Даниядаги хорижий давлатларнинг элчихоналари олдида Қуръонни ёқишнинг бешта ҳаракати қайд этилган, 31 июль куни яна еттитаси бўлиб ўтиши эълон қилинган, деб эслатади Jyllands-Posten газетаси.

Данияда Қуръонни ёқиш билан боғлиқ ҳаракатлар араб дунёсида норозиликларга сабаб бўлди. Улардан биридан кейин юзлаб намойишчилар Бағдод кўчаларига чиқиб, Даниянинг Ироқдаги элчихонаси олдида тўпланди. Хавфсизлик кучлари оломонни сув пуркагичлар билан тарқатиб юборди. Dansk Flygtningehjælp (DRC) ҳуманитар ташкилоти Ироқда қуролли ҳужумга учради, деб ёзади газета.

Top