11:35 / 07.08.2023
24318

12 йиллик тарих янгиланди: Ўзбек дзюдочиси яна «Masters» турнирининг ғолибига айланди

Дзюдо бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Венгрия мезбонлик қилаётган «Masters» турниридаги иштирокини якунлади. 

Будапештдаги мусобақаларда Музаффарбек Тўрабоев -100 кг вазн тоифасида ғалаба қозониб, ўзбек дзюдоси учун 12 йил кутилган олтин медални тақдим этди.

Мусобақани икки карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Лукаш Крпалек устидан қозонилган ғалаба билан бошлаган Тўрабоев чемпионлик йўлида Шейди Элнахас (Канада), Михаэл Коррел (Нидерландия), Боян Досен (Сербия) ва Петер Палтчик (Исроил) каби спортчиларни доғда қолдирди. 

Шунингдек, -90 кг вазн тоифасида иштирок этган Давлат Бобонов бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу муваффақият эвазига Тўрабоев 1800, Бобонов 900 рейтинг очкосига эга бўлди.

МОҚ расмий сайтида қайд этилишича, йилда бир марта ўтказиладиган «Masters» мусобақасида сўнгги марта ҳамюртларимиз орасида Ришод Собиров 2011 йил ғалаба қозонганди. Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси жамоаси бу йилги турнирни битта олтин ва 2та бронза медали билан якунлади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи кунида Диёра Келдиёрова -52 кг вазн тоифасида шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган эди.

Top