15:17 / 09.08.2023
37526

«Уларни биздан бошқа ҳеч ким олмайди»: Оғир дардга чалинган болаларни парваришлаб келаётган инсон ҳақида ҳикоя

Келиб чиқиши ливиялик бўлган Муҳаммад Бзик ҳозир 68 ёшда. У Калифорния штатидаги шаҳарлардан бирида яшайди. Муҳаммад узоқ йиллар давомида хотини билан бирга оғир дардга чалингани учун ота-оналар томонидан ташлаб кетилган болаларни парваришлаб келган. 2015 йилда хотини вафот этгандан сўнг бу ишни унинг ўзи давом эттирмоқда.

Фото: medium.com

Бугун дунёдаги кўплаб мамлакатларда айрим болалар ногирон ёки тузалмас дард билан туғилгани учун ота-оналари томонидан ташлаб кетилади.

Барча давлатларда бундай болалар махсус шифохоналарда ёки хайрия фондлари томонидан молиялаштириладиган махсус муассасаларда сақланади ва парвариш қилинади.

Бироқ дунёда оғир дардга чалинган болаларни ўз қарамоғига олиб, уларга ота-оналик қилиб келаётган инсонлар ҳам бор. Улардан бири асли келиб чиқиши ливиялик бўлган Америка фуқароси Муҳаммад Бзик ҳисобланади.

У анча йиллар давомида аввалига хотини билан бирга, хотини вафот этгач ўзи оғир дардга чалинган ногирон болаларни қарамоғига олиб, парваришлаб келмоқда.

Муҳаммад Бзик ўз фаолияти билан кўплаб инсонларга ўрнак бўлиб келмоқда ва уни Америкада қаҳрамон сифатида билишади. Ҳозир Муҳаммад Бзик 68 ёшда ва айни пайтда ҳам унинг қарамоғида оғир дардга чалинган болалар бор.

Муҳаммад Бзик боқиб олган ногирон қизчаси билан

Ливиялик муҳожир

Муҳаммад Бзик 1954 йил декабр ойида Африка қитъасида жойлашган Ливия давлатида туғилган. Ота-онаси уни мусулмон эътиқоди билан тарбиялаган.

Муҳаммад болалигидан югуришга қизиқарди. Шу сабабли улғайганда югуришнинг марафонча тури билан жиддий шуғулланади ва кўплаб мусобақаларда ғолиб чиқади.

1978 йилда Муҳаммад муҳандислик соҳасида ўқиш учун океан ортига отланади. У АҚШдаги университетлардан бирида ўқий бошлайди. Ўшанда йигит 24 ёшда эди.

Муҳаммад АҚШда яшар экан, 1980-йилларнинг бошларида Доун исмли аёл билан танишади. Аёл шифохонада ишлар, бўш пайтида ота-оналари томонидан ташлаб кетилган ногирон болаларни парвариш қиларди.

Доуннинг ёшлигида бобоси ва бувиси ўз уйларида қаровсиз қолган болаларни парвариш қилиш маркази очишганди. Қиз улғайгач улардан ўрнак олиб, ўз уйида қаровсиз қолган ногирон болаларни парваришлаш маркази очади.

Ўша пайтда Доуннинг ўзи оғир дардга чалинган бир қизчани асраб олган, унинг уйи давлат фарзанд асраб олувчиларни қидираётган болалар учун вақтинчалик бошпана вазифасини бажарарди.

Аёл ногирон болаларни парвариш қилиш бўйича соҳанинг таниқли мутахассиси эди. Шу сабабли у Лос-Анжелесдаги кўплаб тадбирларда қатнашар ва бўлажак фарзанд асраб олувчиларга маърузалар ўқирди.

Муҳаммад Доун билан танишгач аёл уни уйига, ногирон болалар парвариш қилинаётган марказга таклиф қилади. Йигит у ерда парвариш қилинаётган болаларни кўриб, жуда қаттиқ таъсирланади ва бўш пайтларида у ҳам марказга келиб туради.

Муҳаммад Бзик хотини Доун Бзик билан бирга / Фото: medium.com

Кўп ўтмай Муҳаммад ҳамда Доун оила қуришади ва болаларни биргаликда парвариш қила бошлашади. Муҳаммад ҳам болажонликда хотинидан қолишмасди.

1997 йилда Муҳаммад ва Доун ўғил фарзандли бўлишади ва исмини Адам деб қўйишади. Бироқ Адам суяк мўртлиги ва бўй ўсмай қолиши касаллиги билан туғилганди.

Эр-хотин Адамни ҳам меҳр бериб парвариш қилишади ва у ногиронлик аравачасига михланиб қолишига қарамасдан улғайиб, Citrus College коллежида информатика бўйича таҳсил олади.

Ҳозир Адам 25 ёшда ва унинг оғирлиги бор-йўғи 30 килограммни ташкил этади. Адам уйдан туриб дастурлаш соҳаси бўйича ишлайди. Отаси унга кичик тахтадан ихчам скейтборд ясаб берган, Адам уй ичида ўша билан ҳаракатланади.

Кейинчалик ОАВдан бирига берган интервьюсида Муҳаммад касал ўғлини парвариш қилиш унга ҳеч қачон малол келмаганини айтганди:

«Ўғлимнинг суяклари шунчалик мўрт эдики, таглик ё пайпоқ алмаштираётганда ёки кийинтираётганда уларни синдириб қўйиш мумкин эди. Шу сабабли уни парвариш қилишда жуда эҳтиёт бўлиб ҳаракат қилганмиз. Ўғлимни Худо шундай яратган ва мен уни жуда қаттиқ яхши кўраман».

Муҳаммад Бзик ўғли Адам билан , 2000-йиллар бошида.

Болаларни парваришлаш марказини очиш

Кўп ўтмай Муҳаммад ва Доун маслаҳатлашиб, биргаликда ўзлари яшаб келаётган Лос-Анжелес округидаги Азуса шаҳридаги уйларида дардман болаларни парваришлаш марказини очишади.

Аввалига улар марказга оғир дардга чалинган болалар билан бирга соғлиги яхши, бироқ ногиронлиги бор болаларни ҳам қабул қилишади. Кўп ўтмай эр-хотин маслаҳатлашиб марказга фақат оғир дардга чалинган болаларни қабул қила бошлашади.

Улар ногиронлиги бор, бироқ соғлиги яхши бўлган болалардан кўра оғир дард билан олишиб, ўз ўлимини кутаётган болаларга кўпроқ меҳр ва парвариш керак деган қарорга келишади. Чунки бундай болаларни улардан бошқа ҳеч ким қабул қилмасди.

Муҳаммад ва Доун асраб олган дастлабки бола 8 ёшда бўлиб, у ичак синдроми дардига чалинган ва ўша пайтгача 167 марта шифохонада ётган эди. Эр-хотинлар уни ўз боласидай парвариш қилишади.

Бироз ўтиб Муҳаммад ва Доун жуда кам учрайдиган мия нуқсони билан туғилган қизчани қабул қилишади. Қизча уларникида бор-йўғи саккиз кун яшайди ва вафот этади. Унинг вафотидан эр-хотин жуда қаттиқ таъсирланишади.

Муҳаммад Бзик асраб олган ногирон қизчаси билан

Кейин марказга яна бошқа болалар қабул қилинади. Шу тариқа уларнинг оиласида ўнлаб болалар пайдо бўлади.

Доуннинг вафоти

2000-йиллар бошида Доун кучли тутқаноқ касалига дучор бўлади. Бу касаллик хуруж қилганда уни бир неча кунга ҳолдан тойдириб қўярди. Шундай пайтларда аёл кўча-кўйда касали қўзғаб қолишидан хавотирланиб, бир неча кунлаб уйдан чиқа олмасди.

Аёлнинг дардга чалиниши эр-хотин бошлаган ишни, яъни оғир дардга чалингани учун ота-оналари ташлаб кетган болаларни парвариш қилиш дастурини давом эттиришни қийин вазиятга солиб қўяди.

Бироқ шундай вазиятда ҳам улар яна ўн йилдан ошиқроқ вақт мобайнида улар ўзларида куч топишади ва сабр билан ўз ишларини давом эттиришади. Бу вақт оралиғида Доун тузалиш ўрнига ётиб қолади.

2015 йилда Доун вафот этади ва махсус муассаса Муҳаммаднинг ўзига қолиб кетади. Бироқ у таслим бўлмайди ва икки карра куч билан ишлашда давом этади.

«Доуннинг ғайратидан ҳайратланардим. У оғир дардга чалинган болаларни парвариш қилишда бир зум ҳам тинмасди. Уларни овқатлантирарди, ўйнатарди, сайрга олиб чиқарди. Болаларга овқат тайёрларди, кийимларини юварди. Бунча кучни қаердан оларди, билмайман. Хотиним ҳеч қачон ҳаёт қийинчиликларидан қўрқмасди ва ортга чекинмасди», деб кўзида ёш билан хотинини эслайди Муҳаммад.

Муҳаммад Бзик хотини Доун Бзикнинг қабри тепасида / Фото: reddit.com

Матонатли Муҳаммад

Хотинининг вафотидан кейин Муҳаммад бошқа уйланмайди ва махсус муассаса бутунлай унинг қарамоғида қолади. Болаларга энди Муҳаммаднинг ўзи қарай бошлайди.

Муҳаммал Бзик ҳанузгача даволаб бўлмайдиган касалликлар билан туғилган болаларни қабул қилишда ва уларни парваришлашда давом этмоқда. Бироқ унинг имконияти чеклангани учун парваришга муҳтож барча болаларни қабул қила олмайди.

Лос-Анжелес округи васийлик департаменти администратор ёрдамчиси Розелла Юсуф шундай дейди:

«Департамент назоратидаги ногирон ва касалманд болалар сони 35 минг нафар атрофида. Шундан 600 нафарига доимий парвариш керак. Бироқ Муҳаммадга ўхшаган бошқа одам йўқ. Шу сабабли улар умумий парваришлаш марказларида қолишга мажбур бўлишяпти».

Муҳаммадга болаларни парваришлашда молиявий томондан турли одамлар ва ташкилотлар ҳомийлик ёрдамини кўрсатишади. Унинг GoFundMe платформасида саҳифаси бор. Ана шу саҳифа орқали Муҳаммад умумий ҳисобда 340 минг доллар маблағ йиғган.

2016 йил ноябр ойида Муҳаммад ҳам дардга чалинади. Унга йўғон ичак саратони ташхиси қўйилади. Орадан бир ой ўтгач декабрда у муваффақиятли операция қилинади ва соғайиб кетади.

Муҳаммад Бзик асраб олган ногирон қизчаси билан / Фото: reddit.com

Жуда кўп танқидларга учраса ҳам Муҳаммад мусулмонча ҳаёт тарзидан воз кечмайди. Намозларини уйи яқинидаги масжидга чиқиб адо этади. Бундай пайтларда у парваришлаётган болага ҳамшира қараб туради.

Муҳаммаднинг айтишича у 2010 йилдан буён бирон кун таътил олмасдан болалар парвариши билан мунтазам шуғулланиб келяпти.

Муҳаммад Калифорния штатидаги ногирон ва оғир дардга чалинган болаларга қараш бўйича тайёргарликдан ўтган ва бу ҳақда махсус сертификат олган кам сонли оталардан бири ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Муҳаммад ва унинг хотини умумий ҳисобда 80 нафардан ошиқ оғир дардга чалинган болаларни парвариш қилишган. Болаларнинг аксарияти маълум вақт яшаган ва вафот этган.

Муҳаммад ва Доун парвариш қилаётган болалар орасида илк ўлим ҳолати 1991 йилда содир бўлади. Ўшанда уларнинг иккаласи ҳам жуда қайғуга ботади. Кейинчалик оғир дардга чалинган болаларнинг бундай ўлими яна содир бўлиб туради.

Муҳаммад ва Доун ўз қарамоғига олган болалар врачлар тахмин қилгандан кўра узоқроқ яшашган. Бунга эр-хотиннинг уларга кўрсатган алоҳида парваришлари ва меҳрлари сабаб бўлган дейишади мутахассислар.

Масалан, Муҳаммад ҳозир парваришлаётган қизча камдан кам учрайдиган мия нуқсонига эга ҳолда туғилган. Самантанинг (қизчанинг номи шундай) ота-онаси ундан туғуруқхонанинг ўзидаёқ воз кечишган.

Муҳаммад Бзик асраб олган қизи Саманта билан сайрда / Фото: bidolusinema.com

Қизчадаги касаллик уни қулоғи эшитмайдиган, кўзи кўрмайдиган ҳолга солган, қўл-оёқлари фалаж. Ўшанда шифокорлар қизча бир неча ҳафта яшаши мумкинлигини айтишган.

Муҳаммад Самантани ўз қарамоғига олганда қизча бир ойлик бўлиб, аҳволи оғир эди. Бироқ у вафот этмади ва ҳозир 13 ёшда. Саманта икки ёшга кирганда Муҳаммад уни ўзига қиз қилиб олади.

«Мен Саманта эшитмаслигини, кўрмаслигини биламан, лекин у билан доим гаплашаман. Самантанинг ҳис-туйғулари, руҳияти бор. У аввало инсон. Асосийси, бу болаларни ўз боламдай яхши кўраман. Улар касал эканлигини, вақти соати етганда ўлишларини биламан. Мен инсон сифатида қўлимдан келганини қиламан, қолгани Худонинг қўлида», дейди Муҳаммад.

Саманта мутлақо овқатлана олмайди ва асосан сунъий усулда овқатлантирилади (укол ёрдамида). Муҳаммад Самантани қўлида кўтариб кўча айланади. Харидларга боради. Унга турли кийимлар олиб беради. Қизча унинг қўлида бўлганда ўзини жуда хотиржам тутади.

«Қизчани туғилгандан бери кузатиб келаман. Қизча икки ёшга кирганида унинг аҳволини яхшилаш учун барча имкониятларни ишга солган эдик. У ҳар куни кўп вақтини турли қурилмаларда ўтказади. Қизча Муҳаммад унга кўрсатаётган доимий ғамхўрлик туфайли ҳали ҳам тирик. Агар унинг ҳеч қаери оғримаса яхши кайфиятда бўлади. Қачонки у ўзини ёлғиз ҳис қилса йиғлаши мумкин. Қизча гапира олмайди, лекин ўз эҳтиёжларини мукаммал тарзда билдиради. Унинг ҳаётида бахтли лаҳзалар кўп бўлган ва буларнинг барчаси уни асраб олган отаси туфайли», дейди қизчага қараб келаётган педиатр врач.

Муҳаммад Бзик парваришлаётган болаларнинг соғлиги доимо ҳамшира назоратида бўлади. / Фото: nextavenue.org

2017 йилда Los Angeles Times газетасида Муҳаммад Бзик ва унинг ҳаёти ҳақида мақола чоп этилади. Шундан сўнг у ҳақда кўпчилик хабар топади ва Муҳаммад мамлакат бўйлаб машҳур одамга айланади.

«Мен ҳақимда чиққан мақола остида ёзилган шарҳларини ўқиб, йиғлаб юбордим. Одамлар биз ҳақимиздаги ҳикоя ҳаётларини ўзгартирганини, улар ҳам меҳрга муҳтож болани парваришлаш учун қабул қилишни хоҳлашларини ёзишди. Бир ўқитувчи аёл ўз фарзандлари билан «Муҳаммад Бзикнинг соқоли севги билан лимо-лим» деб номланган китоб тайёрлабди. Китобга болалар ўз хоҳиш-истакларини ёзишган, расмлар чизишган. Бу мени жуда хурсанд қилди», деганди у.

Лос-Анжелес васийлик департаменти ходимларининг айтишича, Муҳаммад парваришга муҳтож болаларга жой топиш учун ҳар доим қўнғироқ қилса бўладиган мамлакатдаги ягона одам.

«Бизга оиласи йўқ ёки улар воз кечган болалардан бирини парваришлаш марказига ўтказиш кераклиги айтилганда, шаҳарда болаларнинг сўнгги кунларида ҳақиқатан ҳам ёрдам беришга қодир бўлган фақат битта одамни биламиз. Бу улкан қалбли Муҳаммад Бзик», дейди департамент координатори Мелисса Тестерман.

Муҳаммад Бзикга Туркиянинг «Диёнат» фонди томонидан халқаро мукофот топширилган

2022 йилда Туркиянинг «Диёнат» фонди Муҳаммад Бзикни хайрия ишларига қўшган ҳиссаси учун халқаро мукофот билан тақдирлайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top