22:05 / 12.08.2023
14058

Алишер Усмонов яхтасида тинтув ўтказилгани юзасидан Германия судига мурожаат қилди

Аввалроқ, Франкфурт суди бу тинтувларни ноқонуний деб топган эди.

Фото: dpa

Халқаро санкциялар остида қолган россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Германия Федерал Конституциявий судига ўзининг «Дилбар» яхтасида ўтказилган тинтувлар юзасидан даъво аризаси билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Die Welt ёзди.

Қайд қилинишича, Усмонов бу тинтувларни инсон қадр-қимматига тажовуз ва уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини бузиш деб ҳисобламоқда.

Бундан ташқари, тадбиркор даъвосида ўзига қарши санкциялар қўллаш учун «асослар йўқлиги»ни, шунингдек, санкциялар рўйхатига киритилганидан сўнг, ўз активлари ҳақида хабар бериши лозимлиги ҳақидаги қонуннинг «конституцияга зид» эканини кўрсатган. Усмоновнинг фикрига кўра, қонундаги ушбу банд «ўзига ўзи гувоҳлик бермаслик» тўғрисидаги ҳуқуқни поймол этади.

2022 йил сентябрида Германия ҳуқуқ-тартибот идоралари терговчилари Алишер Усмоновга алоқадор бўлган 24 та объектда тинтув ўтказди. Хусусан, тинтувлар Тегернзее кўлидаги виллада ва «Дилбар» яхтасида ўтказилди. Кейинчалик маълум бўлишича, тинтувлар давомида умумий қиймати беш миллион еврога тенг 30 та сурат ва ҳужжатлар олиб қўйилган.

2023 йил май ойида Франкфурт суди пул ювиш билан боғлиқ иш бўйича Усмоновнинг уйида ўтказилган тинтувларни ноқонуний деб топди. Шу билан бирга, Der Spiegel нашри бир иш бўйича тинтувнинг ноқонунийлигини тан олиш тадбиркорнинг ҳибсга олинган мол-мулкини қайтариш учун асос бўлмаслигини таъкидлади. Чунки тинтувлар бир нечта жиноий ишлар доирасида ўтказилган. Жумладан, Усмонов санкцияларни бузиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда ҳам гумонланмоқда.

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Алишер Усмонов бошқа кўплаб россиялик тадбиркор ва сиёсатчилар сингари Европа Иттифоқи, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Канада, Австралия ва бошқа мамлакатларнинг санкциялари остида қолди. Усмонов Европа санкцияларини суд орқали бекор қилинишига эришмоқчи.

Top