10:05 / 14.08.2023
16292

Даниялик турист дунё бўйлаб 10 йиллик саёҳатида бирор марта самолётдан фойдаланмай рекорд қўйди

Тор Педерсен саёҳати давомида бирор марта парвоз қилмасдан фақат ер транспортидан фойдаланди, у бу танлови билан дунёда ҳаво йўллари хизматларидан фойдаланмай саёҳат қилган биринчи сайёҳга айланди.

44 ёшли Тор Педерсен 2013 йилда 4 йил давом этиши кутилган улкан миссиясини бажаришга йўл олади.

Яқиндагина эса у ўзи ташриф буюрган 203-мамлакат – Малдивга етиб келди.

Фото: abc.net.au

"Қайсидир маънода бу катта социологик эксперимент бўлди ва у муваффақиятли якунланди, деб айта оламан. Чунки борганимда меҳр ва эътибор кўрмаган мамлакатимнинг ўзи бўлмади", дейди саёҳатчи.

БМТ 195 та суверен давлатни тан олган, бироқ Педерсен ўз рўйхатига баъзи баҳсли ҳудудларни ҳам киритиб 203 та деб ҳисоблайди. У борган ҳар бир давлатида камида 24 соатни сарфлайди ва пиёда, машинада, автобус, поездда, ҳатто 37 марта контейнер кемасида ҳам саёҳат қилади.

"Ҳозир мен учун контейнер кемасига чиқиш худди шаҳар автобусига чиқиш билан бир хил", дейди у.

Педерсен ўзини дунёда энг кўп саёҳат қилган 150 киши орасида деб ҳисоблайди. Бироқ ўзини саёҳатларини тўхтатмасдан мунтазамлик билан амалга оширган, бироқ самолётда учмаган биринчи сайёҳ деб атамоқда.

Фото: abc.net.au

У саёҳати давомида логистика, бюрократия ва Ғарбий Африкада эбола эпидемияси каби муаммоларга дуч келган, бироқ бу муаммолар унинг доимий саёҳат қилиб уни якунлаш орзусини амалга оширишига халақит қилолмади.

Педерсен пандемия вақтида 2 йил Ҳонгконгда қолиб кетган.
Фото: abc.net.au

Педерсен коронавирус пандемияси даврида 2 йил муддат Ҳонгконгда қолиб кетган ва ҳатто бир муддат лойиҳасини тугатиш ҳақида ҳам ўйлаган.

"Бу вакциналар чиққунгача бўлган давр эди. Биз ўзимизни олдинда нима кутаётгани ва қанчалик хавфли экани ҳақида билмасдик", дейди Педерсен.

2 йиллик танаффус вақти Педерсен севгилиси Ле билан турмуш қуради. Рафиқаси Ле уни саёҳатлари давомида 26 марта турли давлатларга кўргани борган.

Фото: abc.net.au

Дунё қайта очилгач Педерсен яна саёҳатини давом эттиради. Унинг кунлик саёҳатга сарфлаган пули атиги 20 долларни ташкил қиларди. Саёҳатлари учун шахсий жамғармаси, ташкилотлар ҳомийлиги ва одамларнинг қўллаб-қувватлашидан фойдаланди. Тор Педерсенни ижтимоий тармоқларда ўн минглаб одамлар кузатиб борди.

Фото: abc.net.au

10 йиллик саёҳатнинг якунида Малдив оролларига етиб келган Педерсен ва ниҳоят ўз мамлакати Данияга қайтиб кетишни режа қилган. У уйига қайтиш учун ҳам самолётда учмайди.

Педерсен сўнгги тўрт йил давомида тўлиқ метражли ҳужжатли филм устида ишлаган ва саёҳатлари ҳақида китоб ёзишни ҳам режалаштирган.

Top